Линклар

logo-print

Миср президенти ҳукуматни тарқатиб юборди


Президент Ҳусни Муборакнинг телевидение орқали халққа мурожаати

Президент Ҳусни Муборакнинг телевидение орқали халққа мурожаати

Миср президенти Ҳусни Муборак мамлакатда ишсизлик, репрессия ва коррупция кенг тарқалганига қарши уюштирилаётган норозилик намойишларига барҳам бериш мақсадида 29 январ куни ҳукуматни тарқатиб юборганини эълон қилди.

- Мен ҳукуматдан ўз истеъфосини бугун тақдим этишини сўрадим. Эртага мен янги ҳукумат аъзоларини тайинлайман. Улар олдига ҳозирги босқичда ҳал этилиши лозим бўлган устивор масалалар бўйича аниқ кўрсатмалар бераман, деди шу ҳафта бошида норозиликлар бошланганидан бери илк бор телевидение орқали чиқиш қилган президент Ҳусни Муборак.

Бир неча соат ўтиб Миср ҳукумати аъзолари президентга ўз истеъфоларини расман тақдим қилдилар.

Айни пайтда мамлакат ҳарбийлари одамларни гуруҳ бўлиб тўпланмасликка ва соат 18дан тонгги еттигача жорий қилинган коммендантлик соати тартибига риоя қилишга, акс ҳолда тартибни бузганлар “қонун доирасида” жазоланиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Коммендантлик соати жорий қилинганига қарамай, шанбага ўтар кечаси минглаб мисрликлар мамлакатни 30 йилдан бери бошқариб келаётган президент Ҳусни Муборакнинг истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиқдилар.

Пойтахт Қоҳирадаги Таҳрир майдонига тўпланган икки мингдан зиёд одам президент Муборакнинг кетишини талаб қилдилар ва ҳукумат биноларига ҳужум қилдилар.

- Халқ президентнинг кетишини хоҳлайди! Халқ президентнинг кетишини хоҳлайди! – дея бақирди намойишчилар.

Бу каби норозилик акциялари Мисрнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги жума намозидан кейин пойтахт Қоҳира, Искандария ва Сувайш шаҳарларида номойишчилар ва полиция кучлари ўртасида юз берган тўқнашувларда 38 киши ўлгани, икки минг киши яраланганини маълум қилинди. Бу билан норозиликлар бошланганидан бери нобуд бўлганлар сони 45 кишига етди.

АҚШ томонидан молиявий қўллаб-қувватланган ва араб тилида кўрсатувлар тайёрлайдиган Алҳурра телевидениеси мухбири Терек ел-Шамби Қоҳирадан Озодликка намойишчилар ҳукуматнинг истеъфосидан кўра кўпроқ нарсани талаб қилаётганларини айтди.

- Бугун биз Қоҳира, Искандрия, Исмоилия ва Сувайш ва бошқа жойларда норозилик намойишлари ўтказилганини кўрдик. Намойишчиларнинг ҳаммаси президент Ҳусни Муборак кетишини хоҳлаяпти. У кеча тунда халққа қилган мурожаатида ҳукуматни ўзгартиришни ваъда қилгани намойишчиларни қониқтирмаган. Аслида улар гап ҳукумат устида эмас балки Мисрдаги сиёсий режим ҳақида бораётганини айтмоқдалар, дейди Алҳурра телевидениеси мухбири.

Вашингтонда АҚШ президенти Барак Обама Миср ҳукуматини президент Ҳусни Муборакнинг бошқарувига қарши тинч норозилик билдираётган намойишчиларга қарши куч қўлламасликка чақирди.

- Президент Ҳусни Муборак тунда Миср халқига қилган мурожаатида яхшироқ демократия ва иқтисодий имкониятларни яхшилашни ваъда қилди. Нутқидан кейин яқинда у билан сўзлашдим. Мен берган ваъдасини бажариши учун аниқ чоралар кўриш ва ҳаракатлар амалга ошириш масъулият унинг зиммасида эканини айтдим, деди АҚШ президенти.

Айни пайтда Мисрдаги етакчи диссидент ва Нобел мукофоти соҳиби Муҳаммад Эл Барадей 29 январ куни оммавий ахборот воситаларига Миср президенти Ҳусни Муборак лавозимидан кетиши кераклигини айтди. Жума куни Эл Барадей уй қамоғида сақланаётгани хабар қилинган эди. Бироқ у “кўчага норозилар сафига қайтиш”ни айтди.
XS
SM
MD
LG