Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:55

Мисрда қурбонлар сони ортиб бормоқда


Мисрда 25 январдан буён намойишчилар ва тартиб посбонлари ўртасида давом этаётган тўқнашувлар чоғида 100 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 2000 чоғли одам тан жароҳати олди. Намойишчилар президент Муборак истеъфосини талаб қилмоқдалар.

30 январга ўтар кечаси мингга яқин намойишчи Қоҳирадаги Миср Ички ишлар вазирлиги биносини ишғол қилишга уриниб кўрдилар. Ал-Жазира телеканалининг хабар қилишича, бинони қўриқлаётган полиция ҳужумчиларни ўққа тутди. Халқ орасида “қийноқлар уйи” деб аталадиган бу бино ҳукмрон режим тимсолларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар комендантлик соати бошланганидан кейин ҳам уйларига тарқалмаганлар. Аксилҳукумат митинглари пойтахт Қоҳирадан ташқари мамлакатнинг бошқа кўплаб шаҳарлари бўлиб ўтмоқда.

Комендантлик соати аввалгидек соат 18 дан эмас, балки соат 16 дан қилиб белгиланганига қарамай, 30 январга ўтар кечаси Қоҳира, Искандария ва Сувайш шаҳарларида минглаб одамлар кўчаларни тарк этмадилар.

Намойишчиларни тарқатиш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ, сувотар машиналар ва резина ўқларини ишга солди. Бироқ намойишчиларнинг айримлари полиция жанговар ўқлардан фойдаланаётганини айтмоқдалар.

30 йилдан буён Мисрни бошқариб келаётган президент Ҳусни Муборак намойишчиларнинг истеъфо ҳақидаги талабини эътиборсиз қолдирмоқда. 28 январ куни телевидение орқали мисрликларга мурожаат қилган Муборак ҳукуматни истеъфога чиқаришини айтди.

29 январ куни президент Ҳусни Муборак собиқ авиация вазири Аҳмад Шафиқни Бош вазир этиб тайинлади. Шу куннинг ўзида Мисрдаги расмий ахборот агентликлари президент Муборак ўзининг разведка хизмати бошлиғи Умар Сулаймонни вице-президент этиб тайинлаганини хабар қилди.

Муборак 1981 йилда мамлакат раҳбари бўлганидан буён ҳеч кимни вице-президент этиб тайинламаган эди.

Мисрдаги етакчи диссидент ва Нобел мукофоти соҳиби Муҳаммад ал-Барадей президент Ҳусни Муборак лавозимидан кетиши кераклигини айтди.

Айни пайтда Миср ҳарбийлари одамларни гуруҳ бўлиб тўпланмаслик ва коммендантлик соати тартибига риоя қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Намойишчилар томонидан эгаллаб олишга уринишлар бўлганидан кейин Қоҳирадаги муҳим давлат идораларини қўриқлаш учун пойтахтга танклар ва кўплаб зирҳли машиналар киритилган.

Айни пайтда дунёдаги етакчи давлатларнинг раҳбари Миср расмийларини зўравонликдан тийилишга ва мамлакатда имкон қадар тезроқ сиёсий ислоҳотлар ўтказишга чақирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG