Линклар

Москвада шу йилнинг январ ўрталарида қўлга олинган 5 нафар самарқандлик таксичи камида тўртта қотилликни содир этганликда гумонланмоқда. Маълумотларга кўра, бу кимсалар шу каби бошқа қатор жиноятларни содир этган бўлиши мумкин.


Оммавий ахборот воситаларида аллақачон “қотил таксичилар” деб ном олган ва фақат ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ Москвада ўтган йили давомида содир этилган бошқа қотилликлар ва талон-тарожга алоқаси бўлиши мумкинлиги тахмин этилмоқда.

Москва шаҳар Жануби-Шарқий маъмурий округ прокуратураси Тергов қўмитаси расмийси Владимир Вазаговга кўра, ҳозирча қўлга олинган таксичилар тўртта қотилликка алоқаси борлиги тўғрисида маълумот бор.

- Улар ўз ўлжасини қуйидаги тарзда танлаган: яхши кийинган ва яхши сумкали ёш аёл Москва атрофи мавзеларидаги овлоқ кўчаларда олинган. Машина ярим йўлда гўё бузилиб қолган ва жиноятчилар бошқа машинада келиб, унинг қимматбаҳо буюмларини тортиб олган, гувоҳ эса ўлдирилган, - дейди терговни олиб бораётган прокуратура ходими.

Унинг сўзларига кўра, шу тариқа 24 ёшли ҳамшира Оксана Ботова, 35 ёшли официант Индира Камилова, 32 ёшли фотосуратчи Елена Гушчиналар ўлдирилган.

Терговчининг айтишича, қотиллар машинани қонга беламаслик учун аёлларни машинадан кўчага олиб чиқиб, пичоқ билан чавақлаб ўлдирган. Ўлжадан телефон, узук-зирак, ҳамёндан майда чақа пул олинган, холос.

Мазкур жиноий гуруҳни қўлга олишда иштирок этган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган Жануби-Ғарбий округ криминал милицияси ходими Озодлик билан суҳбатда улар қотиллар изига ўғирланган телефонлардан биридан қилинган қўнғироқ орқали чиқилганини айтади.

- Айбланувчиларнинг биринчи гуруҳини биз Қозон вокзалида қўлга олдик. Улар фаол қаршилик кўрсатди. Москва вилоятида эса яна 3 нафар жиноий гуруҳ аъзоси ҳибс қилинди. Тинтув давомида улардан ўлдирилган аёлларга тегишли заргарлик буюмлари, мобил телефонлар мусодара қилинди, - деди тезкор қидирув бўлими офицери.

Криминал милиция ходимининг айтишича, қўлга олинганларнинг барчаси Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан бўлиб, улар Москвада тайинли бир жойда ишламаган.

Москвада катта шов-шувга сабаб бўлган “қотил таксичилар” жиноий тўдасига 18 ёшли Акмал Ризоев, 19 ёшли Абдуғойиб Ғаниев, 21 ёшли Хушнуд Тўрақулов ва Суҳроб Ражабов, 26 ёшли Искандар Раҳматовлар кирганлиги тахмин қилинмоқда.

Москва прокуратураси ходимлари берган маълумотга кўра, “таксичи”ларнинг сўнгги қурбони – 51 ёшли Ольга Румянцева танасига бир неча маротаба пичоқ билан зарба берилганига қарамасдан тирик қолган.

- Оператив маълумотларга кўра, сохта таксичилар бошқа бир нечта жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда, - дея маълум қилди ўзини таништирмаган тергов ходими.

Унинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси, яъни “Бир гуруҳ шахслар томонидан тил бириктириб содир этилган қотиллик” бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Жиноятчилардан “таксичилик”да фойдаланган Audi 80 ва Hyundai Elantra русумидаги автомашиналар мусодара қилинган.

“Қотил таксичилар” қўлга олингани ҳақида хабар тарқалиши ортидан Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда таксичилар билан вужудга келган вазиятни тубдан ўзгартириш кераклигига оид баёнот билан чиқди.

- Ноқонуний одам ташиш ўзида қатор муаммоларни мужассам этиб келмоқда. Улардан биринчиси - йўловчиларнинг хавфсизлиги масаласи. Иккинчиси - ҳалол таксичиларнинг ҳуқуқлари бузилиши, - деди Сергей Собянин.

Вужудга келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Москва мэри Собянин шаҳарда ноқонуний таксичилик қилиб юрган ҳайдовчиларга нисбатан жазо чораларини қонуний асосда кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG