Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:41

Уйланмоқчимисан – уй олиб бер


Эндиликда тожикистонлик қизларга уйланмоқчи бўлган хорижлик, шу жумладан, ўзбекистонлик йигитлар учун “битта мулла, уч сўм пул, бир калла қанд” кифоя қилмайди. Тожикистон Оила кодексига киритилган ўзгартишлар чет эллик куёвлар зиммасига бир қанча масъулиятли вазифа юклайди.

26 январ куни тожик депутатлари томонидан қабул қилинган янги тартибга мувофиқ, тожикистонликка уйланмоқчи бўлган хорижлик эркак аввал аёлни уй билан таъминлаши, бу мамлакатда бир йил яшаган бўлиши ва шунингдек, ишга яроқсиз бўлиб қолган аёли ёки фарзандини ўз қарамоғига олиши шарт.

Тожикистон Адлия вазири муовини Абдуманнон Холиқов Оила кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар моҳиятини шарҳлар экан, аксарият ҳолларда ҳеч қандай масъулият ҳис қилмаган хорижликлар осонлик билан тожикистонлик қизларга уйланаётганларини ва кўп ҳолларда улар ҳуқуқлари поймол қилинаётганини қайд этди.

- Иш контракти тугагандан сўнг ёки бошқа сабаблар билан Тожикистонни тарк этгач, хорижлик куёвлар оиласини унутади ва улар ҳолидан умуман хабар олмайди. Менимча, фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш учун хорижликлар зиммасига шундай масъулиятни юклаш вақти етди, - дея таъкидлади Адлия вазирлиги расмийси Холиқов.

Оила Кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, эндиликда тожикистонликларга уйланмоқчи бўлган хорижлик эркак аввал аёлни уй билан таъминлаши, бир йил Тожикистонда яшаган бўлиши ва ниҳоят ишга яроқсиз бўлиб қолган аёли ёки фарзандини ўз қарамоғига олиши шарт. Бу мажбуриятлар эса никоҳ маросимида расмийлаштирилади.

Аснода парламент айрим депутатлари, жамитяшунослар ва оддий тожикистонликларнинг кўпчилиги “Оила кодекси”га киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бир жиҳати билан тожикистонлик қизларнинг чет элликларга турмушга чиқишини таъқиқлаётир, дея мулоҳаза билдиришмоқда.

- Биз гўё маҳр, тожикча қилиб айтсак, қалин боғлаяпмиз хорижликларга. Бу шартлар ажнабийлар билан бир қаторда ўз фуқароларимиз учун ҳам янги муаммолар туғдиради. Зеро, Конституциямиз ҳар бир шахс ўзи истаган киши ёки миллат вакили билан турмуш қуриши мумкинлигини белгилаб берган. Кечирасизу, у афғонми, эронликми, африкаликми - ҳар бир киши ўзи мустақил умр йўлдоши танлашга ҳақли. Биз бир муаммони ҳал қиламиз деб, бошқа бир муаммони яратмаслигимиз керак. Чунки ҳамма ҳам оиласини уй-жой билан таъминлаш имконига эга эмас, буни ҳам унутмайлик, - деди қонунга киритилган янги ўзгартишларга фикр билдирар экан Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров.

Аммо Адлия вазирлиги расмийси Холиқов янги қонун биринчи галда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишига ишонишини таъкидлади.

Адлия вазирлиги расмийсидаги маълумотларга кўра, сўнги беш йил мобайнида тақрибан 2770 нафар тожикистонлик чет эл фуқаросига турмушга чиққан. Шу вақт орасида улардан 600 чоғли аёл эридан ажраган ва уларнинг аксарияти ҳуқуқлари топталганидан шикоят қилишган.

Тожик расмийси тожикистонлик қизлар кўпинча Эрон, Афғонистон, Покистон ва Туркия, Хитой ва АҚШ фуқаролари билан турмуш қурганини билдирди.

Бироқ, шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, шўролар замонидан шу кунгача тожикистонликлар энг кўп ўзбекистонлик фуқаролар билан никоҳдан ўтгани кузатилади. Тожикистон Хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси бу борада кўплаб марта маълумот тарқатганди.

Аммо сўнгги беш йил давомида ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ўртасида нечта никоҳ қайдга олингани ҳақида расман эълон қилинмаган.

Душанбелик суҳбатдошимиз Ҳусния рақам муҳим эмаслигини, лекин янги қонунга мувофиқ, эндиликда бир-бирига қон-қардош икки миллат ўртасидаги қуда-андачилик чекланиши мумкинлигидан ташвишдалигини айтади.

- Биздаги кўп оилалар энг кўп Ўзбекистон фуқаролари билан қуда-анда тутинади. Менимча, шу қонун қабул қилинганидан кейин қуда- андачилигимиз ҳам чекланади. Чунки Ўзбекистонда ҳам, бизда ҳам тахминан 80 фоиз аҳоли ўртача маош олади. Шуни назарга олган ҳолда, уйланадиганларнинг ҳаммаси ҳам уй олиб бериш имконига эга эмас. Шунинг учун бу қонун кўпчиликка тўсиқ бўлади, - дея мулоҳаза билдиради Ҳусния.

Сўғдлик Фаридахон эса ўзбеклар ва тожикларни бирлаштириб турган асосий омиллардан бири бу уларнинг ўзаро қариндош тутиниши бўлганини, янги қонун кучга кириши ортидан улар бир-биридан йироқлашиши ҳамда ўртада меҳр-оқибат йўқолиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслигини айтди.

- Умуман ўзбек билан тожик бир-биридан ажралади экан-да энди қонун кучга кирса, табиийки, шундай бўлади, - деган ишончда сўғдлик Фаридахон.
XS
SM
MD
LG