Линклар

АҚШ президенти Барак Обама Мисрдаги вазиятни Исроил, Саудия Арабистони ва Туркия етакчилари билан муҳокама қилди.

Вашингтон раҳбари Саудия қироли Абдулла, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефонда суҳбатлашган, аммо унинг Туркия раҳбарларидан ким билан мулоқот ўтказгани маълум эмас.

Оқ уй матбуот хизматига кўра, мулоқот чоғида Обама Мисрдаги кескинлик зўравонликларсиз бартараф этилиши кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Хиллари Клинтон Миср раҳбари Ҳусни Муборакни эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш, намойишчилар талаб этаётган ислоҳотларни бошлашга чақирган эди.

- Мисрда эркин ва адолатли сайловлар ўтказилишини хоҳлаймиз ва бу мамлакатда ҳозир бўлаётган воқеалар натижаси бўлишини кутиб қоламиз, - деди Клинтон.

АҚШ Ҳусни Муборакни истеъфо беришга чақиришдан ҳамон тийилиб турибди.
XS
SM
MD
LG