Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:16

Тожикистонда яна бир ўзбек маркази иш бошлади


Кузатувчилар тожикистонлик ва ўзбекистонликлар ўртасидаги аввалги илиқлик тикланиши учун икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги муносабат ўнгланиши лозимлигини айтадилар.
Кузатувчилар тожикистонлик ва ўзбекистонликлар ўртасидаги аввалги илиқлик тикланиши учун икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги муносабат ўнгланиши лозимлигини айтадилар.

Яқинда ташкил этилган Ўзбек маданият ва маърифат маркази раҳбарлари асосий эътибор кўпроқ икки халқнинг дўстлиги ҳамда ўзбеклар яшайдиган жойлардаги муаммоларни ўрганишга қаратилишини таъкидламоқдалар.

Тожикистон ўзбеклари маданият ва маърифат маркази раҳбари Илҳом Юсуповнинг айтишича, марказни ташкил этиш шу кун талабидир.

- Бу ташкилотни тузишдан асосий мақсадимиз ўзбекларни бирлаштириш, уларнинг миллий маърифати ва маънавиятини кўтаришдан иборат. Шунингдек, ўзбеклар яшайдиган жойлардаги муаммоларни ўрганишга ва имкон борича ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, - дейди Илҳом Юсупов.

Лекин Тожикистонда Ўзбеклар жамияти ҳам мавжуд. “Алоҳида марказ ташкил этилишига зарурат бормиди?” деган саволимизга марказ раҳбари мана бундай жавоб қайтарди:

- Бизнинг асосий вазифамиз жамиятнинг бўлиши ёки тугатилишига қаратилмаган. Тўғри, Тожикистонда Ўзбеклар жамияти мавжуд, лекин Ўзбеклар жамияти фаолияти сезилмайди. Ўзбеклар билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинмай келинмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги кунда тожикистонлик ўзбекларнинг республика ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётидаги роли сезилмайди, - дейди Илҳом Юсупов.

У, расмий маълумотларга кўра, ўзбеклар Сўғд вилояти ахолисининг 38 фоизини ташкил этишини, бироқ норасмий маълумотлар бўйича улар сони 50 фоиздан ортишини айтади.

- Биз икки халқнинг дўстлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон адабий муҳити билан алоқаларни тиклашга қаратилган тадбирларни белгилаб олдик. Жумладан, марказ вакиллари куни кеча қўшни Ўзбекистонда бўлиб, Ёзувчилар иттифоқи, маданий ва маърифий идоралар масъуллари билан учрашиб келишди. Ўйлайманки, аста-секин қўшнилар билан илгариги алоқаларни тиклаймиз, - дейди Илҳом Юсупов.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, Сўғд вилоятидаги ўзбекларнинг муаммоларини ҳукумат даражасига кўтара оладиган, уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган лидер йўқ. Айни пайтда Тожикистонда яшовчи ўзбекларнинг ҳал қилиш зарур бўлган муаммолари талайгина.

Хўжанд Давлат университети ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди Дилором Абдуллаеванинг айтишича, ҳозирда ўзбек мактабларида ўқувчиларнинг камайиб кетаётганлиги ўткир муаммолардан бири, деб ҳисоблайди.

- Илгари вилоят ва республика мактабларида тажриба алмашиш каби тадбирлар ўтказиларди. Яқинда Хўжандда битта ўзбек мактаби бор эди, шу ерда биз тажриба алмашишимиз керак эди. Бошланғич синфда бор-йўғи олтита ўқувчи қолибди, - дейди Дилором Абдуллаева.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада Ўзбеклар жамияти бирор чора кўрмаётир. Пировардида ота-оналар фарзандларини тожик ёки рус синфларига ўтказишмоқда.

Маҳаллий таҳлилчилар сўзларига кўра, ўзбеклар жамияти ва янги ташкил этилган марказнинг асосий вазифаси, энг аввало, вилоятда яшайдиган ўзбекларнинг дардига қулоқ солиш, уларнинг муаммоларини маҳаллий ҳукуматлар билан биргаликда ҳал этишдир. Аснода Ўзбеклар жамияти ва янги тузилган марказ бу борада ҳамкорликда фаолият юритмаса, улар “Оққуш, қисқичбақа ва чўртан балиқ” масали қаҳрамонлари ҳолига тушишлари ва бирор-бир мақсадга эришолмасликлари мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, 2000 йилга қадар ўзбеклар республика ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнаган эди. Бироқ уларни бирлаштириши лозим бўлган айрим лидерларнинг амбициялари туфайли Ўзбеклар жамияти парчаланиб кетди. Боз устига, жамият раҳбари қатор жиноятлар содир этганликда айбланиб, маҳкамага тортилди ва ўлим жазосига ҳукм этилди. Оқибатда ўзбеклар обрўси тушди. Сўнгги йилларда Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар тундлашгани ҳам республикадаги ўзбекларнинг cиёсатдан узоқлашувига сабаб бўлди.

Сўғд вилоятида фаолият олиб бораётган “Журналистлар бирлашмаси ва шафқат” (MGM) ташкилоти раҳбари Фаррух Аҳроровнинг айтишича, бошқа кам сонли миллатларга эътибор бермаслик, ҳукуматга яқинлаштирмаслик сиёсати Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида мавжуд. Тожикистон ва Ўзбекистонда эса бу муаммо йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

- Депутатлик ёки раҳбарлик лавозими ҳақида гап кетганда, СССР даврида ҳар бир республикада бошқа миллатлар учун квота ажратилган эди. Ўша пайтда шўролар мамлакатида “интернационализм” ҳақида кўп гапириларди. Шу нуқтаи назардан ҳар бир республика хукуматида ҳам, депутатлар сафида ҳам турли миллат вакиллари бор эди. Бироқ ҳозир бошқача. Айниқса расмий Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддият авжига чиқаётган бир пайтда бу республикаларда бошқа миллатларга на ҳукумат ва на парламентга йўл берилмайди. Шунинг учун Тожикистонда ўзбекларга нисбатан олиб борилаётган бундай сиёсатдан ажабланмаслик керак, - дейди Фаррух Аҳроров.

Исмини ошкор қилмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган ўзбек зиёлиси Тожикистондаги ўз миллатдошлари ва бошқа миллий озчилик вакилларининг билим олиши, келажаги, уларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун ЕХҲТ ҳамда шунга ўхшаш бошқа хорижий ташкилотларнинг таъсирига умид қилмаслигини айтади. Чунки бу борада юқори минбарлардан туриб айтилаётган гаплар амалдаги ишга тўғри келмайди. Унингча, ҳаммаси икки республика раҳбарлари кайфиятига боғлиқ бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG