Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Россияда полковник Корепанов ҳимоясига 2 минг имзо йиғилди


Екатеринбургда собиқ совет армияси полковниги Юрий Корепанов ҳимоясига 2 мингдан ортиқ имзо йиғилди.

Бу ҳақда Озодлик Радиосига хабар берган Россия Давлат Думаси депутати Александр Бурковга кўра, Ўзбекистонда ҳибсда сақланаётган Корепанов ҳимояси учун "Справедливая Россия" партияси ташаббуси билан бугун имзо йиғиш бўйича бутун Россия бўйлаб акция бошланди.

- Бундан кўзланган асосий мақсад: Россия президентнинг эътиборини бу масалага қаратиш, фуқаромиз бошқа мамлакатда қўлга олиниши ва судланиши билан жамият ҳавотирда эканини етказиш. Биз бу масалани фақат сиёсий йўл билангина ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз, деди депутат Александр Бурков.

Акция ташкилотчилари жамоат жойларда оддий аҳоли вакиллари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари имзоларини йиғмоқда.

Бурковнинг сўзларига кўра, тез кунлар ичида имзолар сонини 10 мингтага етказиш ва жамлаб, Россия президенти Димитрий Медведевга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2 феврал куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ёнида Юрий Корепанов ҳимоясига пикет ўтказиш режалаштирилгани айтилмоқда.

Эслатамиз, 11 январ куни Ўзбекистон ҳарбий трибунали Россия фуқароси бўлган Юрий Корепановни Ватанга хиёнат қилганликда айблаб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.
XS
SM
MD
LG