Линклар

18 январ куни ҳибсга олинган Қорасувдаги марказий Ас-Cарахсий жомеъ масжиди имом хатиби Рашод қори Камолов тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда. 31 январ куни қорасувликлар орасига қорининг Бишкек суди томонидан озод этилиб¸ Қорасувга келиши ҳақида хабарлар оралади.

Қорасувлик Яҳёбек Умурзоқовнинг Озодликка билдиришича, 31 январ куни Қорасув шаҳрида Рашод қори Камолов озод этилиши ҳақида хабар тарқалган ва унинг муридлари кунни қорининг ўз қавми олдига қайтишига қатъий ишонч билан ўтказган.

- Рашодхон акани бугун соат 10 яримларда, Бишкекда суди бўлиши керак эди. Шуни эшитдик. Ундан бери янгилик йўқ. Шунақа ишонч бор¸ бугун суддан чиқиб, бугунгги биринчи рейсда Ўшга учиб келиши керак. Энди Худодан сўраб шунга ишониб турибмиз, конкретно маълумот йўғу, ишониб турибмизда. Худо хоҳласа чиқиб кетиши керак. Чиқмаса, билмадим энди маслаҳатлашамиз Қорасув халқи билан нима қилишликни.

Ҳозирча ҳамма кутиб турибди. Бугун¸ Худо хоҳласа¸ аниқланади. Келиб қолса керак, Худо хоҳласа. Укаси Рашидхон айтди, “Худо хоҳласа душанба куни суди бўлади. Душанба куни чиқиб кетади” деб айтилди, дейди қорасувлик Яҳёбек.

Қорасувлик таниқли имом Рашод қори Камолов 18 январ куни Бишкек аэропортида ҳибсга олинган эди. Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, унга нисбатан фирибгарлик айби қўйилиб, жиноий иш очилган.

23 январ куни 400га яқин қорасувлик ўз имоми Рашод қори Камоловнинг ҳибс этилгани, шунингдек қорасувлик ўзбекларнинг Ўш вилояти Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибс этилаётганига чек қўйиш талаби билан норозиликка чиққан эди.

Мазкур намойиш маҳаллий расмийларнинг ваъдасига биноан тарқалган эди¸ дейди қорасувлик Яҳёбек Умурзоқов:

- "Терговда нима қиламиз, ноҳақ бўлса чиқариб юборамиз” деган ваъдалар берилган эди. Шундан бери тинч турибди. Ҳеч гап йўқ. Ўша куни бир акахон, ота-бола ушланган эди. Шунинг ўғли чиқди, дадаси ҳозир Ўшда терговда экан, дейди қорасувлик Яҳё исмли суҳбатдош.

Унга кўра, айни пайтда Қорасувда вазият тинч, 23 январдан буён қорасувликлар кўчага намойишга чиқишгани йўқ.

-Ундан бери чиқилмади. Бизга келиб, гапириб, “тек туринглар” деганидан бери чиқилмади.”Бекордан-бекор чиқманглар, паника бўлиб кетмасин, текшираяпмиз” дегани учун чиқмай турибмиз ҳозирча. Ҳозир ҳаммаёқ тинч.

Озодлик: "Ҳибсга олишлар бўлаяпти.Уйларда текширувлар бўлаяпти" дейишган эди.Одамларнинг уйидан қуроллар топилаяпти" дейишган эди. Бу борада вазият қандай ҳозир?

- Ҳозирча Қорасувда ўша кундан бери бундай гаплар бўлмади, дейди қорасувлик суҳбатдош.

Қорасувлик суҳбатдошимизнинг Рашод қори Камолов иши бўйича 31 январ куни суд бўлади¸ деган хабарини Бишкек шаҳридаги Свердлов туман суди ходимаси инкор этди.

- Камоловнинг жиноий иши йўқ¸ кўрилмаган. Қамоққа олиш ҳақидаги санкция бор, холос, деди 31 январ куни кечқурун Бишкек шаҳар Свердлов туман суди ходимаси.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан Рашод қори Камолов ҳақида янги маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров қамоққа олинган қорасувлик имом Рашод қори яқинлари билан учрашганини айтади:

- Кеча ҳам борганман.

Озодлик: Кимдан сўрадингиз?

-Укаларидан. “Билмаймиз, ўртада бир одам бор экан.Ўша билар экан.Биз телефонини бермаяпмиз, биз ҳеч нарса билмаймиз” деди. Лекин уч-тўрт кун олдин бориб гаплашганимда, Рашодхон айтиб юборган экан: ”Ҳеч ким аралашиб, мени орқамдан ҳаракат қилмасин. Жим туриб туринглар, қани нима қилишади булар?” деган жойи бор экан. У ҳам бирор нарсани ўйлаб гапиргандир. Ёки бўлмасам орқасидан одамлар тушиб, ўртачилик қилиб пора-мора бериб қўймаслиги учун айтгандир. Шунинг учун ҳозирча ҳеч қандай ҳаракат қилмай, жим турибмиз. Қани охири нима бўлар экан деб, дейди ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.

Озодликнинг кун давомида Рашод қори Камоловнинг яқинлари билан боғланиш уринишлари натижа бермади. Афтидан улар¸ ҳозирча жим туриш ҳақида қори номидан еткизилган кўрсатмани бузмоқчи эмаслар...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG