Линклар

logo-print

Назарбоев муддатидан олдин сайлов ўтказмоқчи


Назарбоев халққа мурожаат қилмоқда.

Назарбоев халққа мурожаат қилмоқда.

Ўзини ҳокимиятда қолдириш учун умумхалқ референдуми ўтказиш режасини рад қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев¸ бунинг ўрнига мамлакатда муддатидан икки йил аввал президентлик сайловлари ўтказиш ғоясини таклиф қилди.


31 январ куни Қозоғистон халқига мурожаат қилган Нурсултон Назарбоев¸ амалдаги ваколати муддатини икки йилга қисқартиришига қарамай¸ яқин ойлар ичида президентлик сайлови ўтказишни мақсадга мувофиқроқ¸ деб топганини билдирди.

Ўз қарорини изоҳлаган президент Назарбоев¸ буни миллий бирлик учун қилганини таъкидлади.

- Мени халқ тўғри тушунади деб ишонаман. Қозоғистоннинг демократик йўл билан сайланган тўнғич президенти сифатида мен референдум ўтказмасликка қарор қилдим. Референдум¸ олдин сайлов ўтказиш ўрнига мен халқимизнинг эркин¸ демократик қадриятларига асосланган¸ бизнинг баримизни бириктирадиган йўлдан боргим келди. Шу боис¸ ваколатимни икки йилга қисқартирганига қарамасдан¸ муддатидан аввал президент сайлови ўтказиш таклифини киритаман. Бу ҳақдаги тегишли сўров парламентга жўнатилади¸ деди 31 январ куни Қозоғистон халқига қилган телемурожаатида президетн Назарбоев.

Назарбоевнинг бу таклифи арафасида Қозоғистон Конституцион кенгаши ҳам парламентнинг Назарбоев президентлик ваколатини 2020 йилга қадар узайтириш бўйича умухалқ референдуми ўтказишга оид мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш таклифини рад қилди.

Қозоқ мухолифати¸ Назарбоев ваколатларини яқин орада яна узайтиришга қаратилган уринишларни “сиëсий шоу” деб атамоқда ва Назарбоевнинг душанба кунги таклифини ана шу томошадаги янги саҳна сифатида талқин этмоқда.

Қозоқ мухолифатининг таниқли намояндаларидан бири ва 2012 йилги сайловларда ўз номзодини президентликка қўйиш режасида эканини билдирган Жасарал Куванишалига кўра¸ бу ўйинни шахсан Назарбоевнинг ўзи бошқармоқда.

- Буларнинг бари Назарбоев тузган сценарийга кўра ўйналаëтган бир ўйин. Бундан фақат Назарбоев манфаат кўради. Референдумдан воз кечиб¸ муддатидан олдин сайловга бориш орқали Назарбоев¸ ўзининг демократик қоидаларга монанд иш тутаëтганини¸ мухолифатдан қўрқмай¸ очиқ сайловга боришга ҳозирлигини чет элдагиларга кўрсатиб қўйди. Бундай қарор учун энди¸ турган гапки¸ хориж раҳбарлари олқишлайди. Яъни¸ сих ҳам куймайди¸ кабоб ҳам. Ҳам демократ деб олқиш олади¸ ҳам сайлов деган томошани ўзига қулай пайтда ўтказиб олади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Куванишали.

Қозоғистондаги расман рўйхатга олинмаган “Алға” партияси етакчиси Владимир Козлов ҳам¸ шунга яқин фикрда. Айни пайтда бу мухолифатчи¸ референдум эмас¸ муддатидан олдин сайловлар ўтказиш қарори ортидаги мантиқни изоҳлашга уринади.

- Бу ерда фақат битта сабаб бўлиши мумкин¸ у ҳам бўлса¸ Назарбоев¸ ҳозирча бизга номаълум сабабларга кўра¸ агар сайлов 2012 йилда белгиланган вақтида ўтказилса¸ ўзининг ғалаба қилишига нисбатан ишончини мутлақ йўқотган кўринади. Референдум ўтказиш ғояси мағлубиятга учради¸ аммо Назарбоев шакли ўзгартирилиб¸ референдум эмас¸ балки муддатидан олдин сайловлар ўтказишни таклиф қилмоқда.

Аммо моҳият ўша-ўша¸ яна фақат битта дарвозага¸ Назарбоев фойдасига тўп тепилади. 2012 йилда президентликка даъвогарлик қилишни ўйлаëтганларга сайловга ҳозирланиш учун вақт берилди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда қозоқ мухолифатчиларидан бири.

Қозоғистон президенти 7 январ куни эълон қилган фармонга кўра¸ мамлакат парламентининг Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини 2020 йилга қадар узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифи рад этилди.

Қозоғистон биринчи президентини ўз идорасида сайловларсиз яна 8 йилга қолдириш ташаббусини ўтган ой Семипалатинск университети ректори¸ академик Ерлан Сидиков кун тартибига қўйган эди.

Бир куннинг ўзидаëқ ташкил топган ташаббус гуруҳи орадан уч кун ўтиб - 27 декабр куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди ва референдум тарафдорлари имзосини йиғишга рухсат олди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас ташаббус гуруҳи Назарбоевни 2020 йилга қадар президентликда қолдириш учун референдум ўтказилсин¸ деган 5 миллион қозоғистонлик имзоси тўпланганини эълон қилди.

Референдум ўтказиш ташаббусчилари¸ Марказий сайлов комиссияси талабларини яшин тезлигида адо этиб бўлгач¸ Қозоғистон парламенти мамлакат конституцияга ўзгартиш киритиш ва Нурсултон Назарбоевни президентлик курсисида 2020 йилга қадар қолдириш бўйича референдум ўтказишга қарор қилди.

Аммо “кутилмаганда” Назарбоев парламент “ўзбошимчалиги”ни рад қилди ва бунинг ўрнига муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ғоясини ўртага ташлади.

Ҳозирча бу сайловларнинг қачон ўтказилиши ҳақида оғиз очилмади. Кузатувчиларга кўра¸ бу ҳақдаги сўров парламентга жўнатилгач¸ депутатлар Қозоғистон конституциясига тегишли ўзгартиш киритадилар ва шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов кунини эълон қилиши мумкин. Бу жараëннинг жами олти ойдан ошмаслиги тахмин қилинмоқда.

Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Ермуҳамет Ертисбаев ўтган йил сенябрида маҳаллий "Свобода Слова" газетасига берган интервьюсида, Нурсултон Назарбоев 2012 йилда президентлик муддати тугаганидан сўнг яна президентликка номзодини қўйишини маълум қилган эди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан бери мустақил Қозоғистонга илк раҳбар этиб сайланган Назарбоев ўшандан бери мамлакатни якка ўзи бошқариб келмоқда. 2007 йилда Қозоғистон парламенти мамлакатнинг биринчи раҳбари сифатида, Назарбоев президентликка истаганича ўз номзодини кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилган.
XS
SM
MD
LG