Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

Ўзбекистоннинг йирик заводи 900 ишчини нафақага жўнатди


Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи минтақадаги энг йирик иншоотлардан бири саналади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи минтақадаги энг йирик иншоотлардан бири саналади.

Озодлик билан суҳбатда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маъмури бу фактни тасдиқлади¸ аммо тафсилотларни билдиришни истамади. Фарғона Касаба уюшмалари қўмитаси вакили эса¸ нафақа ëшига етган ишчиларнинг қонунга биноан ишдан бўшатилганини билдирди.


Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводининг 900 кекса ишчиси нафақага чиқарилди, деб тасдиқлади завод кадрлар бўлими маъмури.

- Чиқаришаяпти секин-секин.

Озодлик: Бизга мажбурлашди¸ деган шикоятлар келди.

- Бу масала бўйича илтимос директор қабулхонасига. Баҳодир Ваҳобович директорнинг нималари.

Озодлик: Фамилияси нима?

- Тоштемиров.

Озодлик: Кайфият қанақа ишхонада ўзи?

- Яхши. Ўша ерга нима қилсангиз, ҳамма саволларингизга нима беришади, дейди завод кадрлар бўлими маъмури.

Корхона директори Баҳодир Тоштемиров “Озодликданмиз” дейишимиз биланоқ телефон гўшагини илиб қўйди.

Ўзбекистон расмий доираларига яқин Узметроном нашрига кўра, нафақага жўнатилганларнинг аксарияти руслардир. Улар пахтага олиб чиқилгани ва шанбаликларда фаол қатнашганига қарамасдан¸ нафақага чиқарилганидан нолиб Тошкентдаги турли идораларга шикоятлар жўнатишган. Ëзилишича, бу шикоятлар юзасидан завод раҳбарлари тошкентлик тафтишчилар олдида жавоб беришган. Узметроном нашрига кўра, бундан буëғига заводда шонли тарихга эга рус ишчи сулоласи эмас¸ балки қўшни маҳалладаги ўзбеклар ва раҳбарларнинг қариндошлари ишлайди.

Заводга туташ маҳаллада яшайдиган завод ишчиси Мансур Мадалиевга кўра, совет пайтида бу заводга маҳаллий аҳолининг ишга жойлашиши жуда мушкул бўлган.

Суҳбатдошга кўра, нафақага жўнатилганларнинг ҳаммаси ëши бир жойга бориб қолган кекса ишчилардир.

Фарғона Касаба уюшмалари қўмитасининг Озодлик билан гаплашган вакили¸ заводдаги 900 нафар ишчининг нафақага чиқарилиши Ўзбекистон қонунларига риоя қилинган тарзда амалга оширилганини айтади.

- Меҳнат қонунига ўзгартириш киритилган.

Озодлик: Қанақа ўзгартириш?

- Пенсия ëшига етган бўлса, иш берувчи огоҳлантириш хатини бериб икки ойлик компенсацияси, бошқасини қилиб ундан кейин меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин¸ деган ўзгартириш киритилган.

Озодлик: Демак, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиларни қонунга мувофиқ пенсияга чиқарган.

- Пенсия ëшига етган бўлса, огоҳлантириш бериб, компенсация бериб иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳаққи бор. Меҳнат қонунчилигига шунақа ўзгартириш киритилди.

Озодлик: Сизга шикоятлар бўлдими Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан?

Куëви шу заводда ишлайдиган фарғоналик Абдусаттор акага кўра¸ заводга ишга кирган одам у ердан бўшагиси келмайди.

“Ҳар куни одамлар Марғилондан ва бошқа узоқ ишлоқлардан каллаи саҳардан туриб заводга ишга боришмоқда. Бу завод Марказий Осиëдаги энг йирик завод. Завод ичида бир нуқтадан иккинчи нуқтага автобуслар қатнайди. Заводда 10 мингдан зиëд одам ишлайди. Нефт сақлайдиган гумбаз идишларнинг бўйи 12 метрдан ошади, сатҳи эса 10 сотих”, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра, заводдан бирданига 900 кишининг ишдан бўшатилиши қайта ишланадиган нефтнинг камлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Марказий Осиë аналитик гуруҳи эълон қилган ҳисоботда "Ўзбекистон 2011 йилга бориб 4,2 миллион тонна нефтни импорт қилишга мажбур бўлади" дейилган эди.

Ҳисобот муаллифлари ўзбекистонлик уч нафар таҳлилчи Владимир Парамонов, Алексей Строков ва Олег Столповскийларга кўра, Ўзбекистонинг ташқи нефтга қарамлиги яқин келажакда янада кучаяди.

Бу тақчиллик нефтни қайта ишлаш заводларининг бекор туриб қолишига олиб бориши ҳам тахмин қилинган эди мазкур ҳисоботда.

Тахминлардан яна бирига кўра¸ бир неча йил аввал завод амалда Каримовлар оиласи ихтиëрига ўтган ва бу оила ўз "тадбиркорлигини" бегона кўзлардан холи, эмин-эркин олиб бориши учун заводдаги онгли русийзабон ишчилар баҳридан ўтмоқда.

Заводнинг амалда Ўзбекистон президенти оиласига тегишли эканига доир саволимизга Фарғонадаги манба жавоби мана бундай бўлди.

“Шундай гап сўзлар юрибди, аммо менимча, президент оиласида завод акцияларининг бир қисми бор¸ холос, завод акцияларининг назорат пакети ҳукуматнинг қўлида”, дейди завод фаолияти билан яқиндан таниш¸ аммо мавзу нозиклиги боис ўз исми айтилишини истамаган суҳбатдош.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи карбон-гидроген омиллар асосида ëқилғи мойлаш материаллари ишлаб чиқаради.

Завод қуввати бир йилда 8,7 миллион тоннат нефт ва газ конденсатини қайта ишлашга етади.

Заводга 1997 йилда Европа тараққиëт банки ва Япония экспорт импорт банки тарафидан 180 миллион доллар сармоя киритилган ва бу маблағ¸ маъмурият даъвосича¸ завод ускуналарини янглашга сарф қилинган.

1998 йили завод Texaco Holding Incorporated ширкати билан ҳамкорликда юқори сифатли машина мойлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Тарих

Фарғонадаги завод тарихи чор истилосининг илк даврларига бориб тақалади. 1868 йилда рус миллиончи бойлари Федоров¸ Хлудов, Захо ва Громовлар Фарғонада нефт бурғулашга сармоя тикишди.

1904 йилга келиб бу уринишлар самара берди. Фарғона нефтини қайта ишлаш учун заводга эҳтиëж туғилди.

1906 йили чор инженери А. Н. Ковалевский Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи пойдеворига илк қозиқ қоқди.

1958 йилнинг 27 январида ҳозирги кўринишдаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишга тушди.
XS
SM
MD
LG