Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

Душанбе электр бўйича энди Тошкентга қарам эмас


2011 йилнинг 1 февралидан эътиборан Тожикистон электр энергияси бўйича Ўзбекистонга тобеликдан бутунлай қутулди¸ дея баëнот берган “Барқи тожик” ширкатининг билдиришича¸ Ўзбекистон тизимига боғланиб келган сўнгги Панжакент тумани ҳам миллий энерготизимга уланган.

“Барқи тожик” маълумотида қайд этилишича, ҳозиргача республиканинг фақат Панжакент тумани Ўзбекистон электр энергияси билан таъминланар эди. Эндиликда Панжакент тумани ҳам Тожикистон ягона энерготизимига уланди.

Ширкатнинг Сўғд вилоятидаги вакиллари бунга Ўзбекистон томонининг электр энергияси нархини оширганлиги сабаб бўлганини айтмоқдалар.

- Шу кунга қадар биз Ўбекистондан 452 минг кВт электр энергияси олардик. Ўзбекистондан Панжакент туманига узатилаётган электр энергияси нархи ҳар кВт/соати учун 22 дирамдан (4,7 цент) белгиланган эди. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам электр энергияси аҳолига шу нархда сотилади. Бироқ Тожикистон аҳолиси ҳар кВт/соат электр энергияси учун 0,9 дирамдан тўлайди. Шу боис республика президенти 2010 йилда Тожикистоннинг Зарафшон водийсини ҳам республиканинг ягона энерготизимига улашни топширган эди. Бугун бу тадбир амалга ошди, - дейди “Барқи тожик” ширкатининг Сўғд вилоятидаги вакили Иномжон Сангинов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Хитой Халқ республикасининг ТВЕА ширкати Хўжанд-Айний 220 кВ электр узатиш тармоқлари лойиҳаси бўйича ишни ниҳоясига етказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил декабр ойида Ўзбекистон ягона энерготизимдан чиқиб кетганидан сўнг Тожикистон томони бунга жавобан ўзининг ягона энерготизимини - Жануб-Шимол юқори волтли электр линиясини қуриб битказди. Мазкур электр узатиш тармоғи Хитой Халқ республикаси молиявий ёрдами ва мутахассислари кўмагида барпо этилганди.

“Жануб-Шимол” электр энергияси тармоғининг ишга туширилиш маросимига келган республика президенти Имомали Раҳмон Тожикистон иқтисодиётида катта аҳамиятга эга бўлган бу энерготизим Ўзбекистонга тобеликдан қутулишдаги қадамлардан бири эканини айтган эди.

- Ўн саккиз йилдирки, республика электр энергияси тақчиллигини сезмоқда. Электр энергиясини четдан олишда эса айрим давлатларнинг сунъий тўсиқликларига дуч келяпти. Оқибатда Тожикистон аҳолиси куз ва қиш пайтида қийинчиликларга дучор бўлмоқда, - деган эди Имомали Раҳмон.

“Жануб-Шимол” электр энергияси тармоғи ишга туширилгани билан республика шимолидаги Зарафшон водийси бу энерготизимга қўшилмай қолди. Чунки Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан чегарадош Тожикистоннинг Панжакент тумани икки довон ортида жойлашганди ва шўролар даврида 110 волтли электр линияси тортилганлиги сабабли четда қолиб кетган эди.

Таҳлилчилар фикрича, айни пайтда Тожикистон Россия, Хитой, Афғонистон ва Эрон билан республикада Роғун каби йирик гидроиншоотдан қурилишидан ташқари ўнлаб кичик электр станцияларини барпо этиш борасида шартномалар тузган. Биргина 2010 йилда Тожикистонда 40 дан ортиқ кичик электр станциялари қурилди.

- Мен уйланганимдан кейин дадамлар рўзғоримни алоҳида қилиб қўйдилар. Аввалига ҳафа бўлдим. Ахир ҳар куни ишдан кейин келганимда дадамларни уйида ҳамма нарса тайёр эди. Эндиликда бўлса рўзғоримни ўзим тебратишим керак эди. Йиллар ўтди ва дадамлар қанчалик тўғри қилганликларини англадим. Шу каби илгари биз битта давлат - СССРда яшардик. Энди ҳамма мустақилликка эришган, ҳар кимнинг уйи, рўзғори алоҳида. Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиб кетганлиги яхши бўлди. Тожикистонда шунча имкониятлар, шароитлар мавжуд ,лекин бундан фойдаланилмас эди. Ниҳоят рахбарларимиз буни тушуниб етишди. Ахир қачонгача бошқаларга интизор бўлиш керак, - дейди таҳлилчи Мақсуд Жўраев.

Зиёли Жамол Саидовнинг айтишича, айни пайтда республикада яна бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, Тожикистон Хитой, Афғонистон ва Эрон орқали юкларни транспортировка қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, мана шу йўллар орқали Тожикистонга нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қилиш ҳақида музокаралар олиб борилмоқда.

- Бундан буён давлат раҳбарларимиз барча имкониятларни ишга солишса, наинки электр энергияси, балки ўзимиздаги бошқа табиий заҳираларга эга бўлишимиз аниқ. Бу дегани яқин вақт ичида Ўзбекистондан табиий газ ва электр энергиясини импорт қилишга ҳожат қолмайди, - дейди Жамол Саидов.
XS
SM
MD
LG