Линклар

logo-print

Раштлик диндор беш йилга қамалди

  • Гулнора Равшан

Мулла Зайнулобиддин Маннонов диний, миллий ва ирқий адоват қўзғаганлик, одамларни жиҳодга даъват қилганлик ҳамда Салафия оқимига аъзоликда айбланди.

Мулла Зайнулобиддин Маннонов диний, миллий ва ирқий адоват қўзғаганлик, одамларни жиҳодга даъват қилганлик ҳамда Салафия оқимига аъзоликда айбланди.

Тожикистоннинг Рашт водийсидаги Навобод туманидан бўлган 62 ёшли диндор Зайнулобиддин Маннонов 31 январ куни Тожикистон Олий суд ҳукми билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

- Зайнулобиддин Маннонов Нуробод туманидаги аҳоли орасида диний, миллий ва ирқий адоват қўзғаб, одамларни жиҳодга даъват этганлик, шунингдек, Салафия оқимига аъзоликда айбланиб, республика жиноят Кодексининг 307- ва 189-моддаларига мувофиқ, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У жазо муҳлатини умумий тартибдаги колонияда ўтайди, - дея билдирди ҳукмни ўқиб эшиттирган Олий суд судяси Анвар Аҳмедов.

Маҳкамага раислик қилган судя Аҳмедовнинг маълум қилишича, Зайнулобиддин Маннонов бу мамлакат шарқий ҳудудларида аҳоли орасида амри маъруф қилиб, Ҳанафий мазҳабида мавжуд мотам маросимлари, маййитга еттилик, қирқ кунлик қилиш ва йил бериш макруҳ эканини таъкидлаган.

Шунингдек, Аҳмедовнинг айтишича, нурободлик диндор Маннонов Рамазон ойида таровиҳ намозини 20 ракаат эмас, балки 8 ракаат қилиб ўқишга фатво берган.

- Бу эса фақат Cалафия оқимига хос бўлган даъватдир, - дея таъкидлади судя Аҳмедов.

Мазкур маҳкамада гувоҳ сифатида қатнашган Улфатшоҳ Иброҳимов қишлоқдоши Зайнулобиддин Манноновга қўйилган айблар асоссиз экани ва суд ҳукми, унингча, адолатсиз эканини айтади.

- Унга қўйилган айбларнинг ҳаммаси туҳмат. 8 ракаат намозни бу киши айтмаган, аниқроғи, биз бундай фатвони бошқа диндорнинг оғзидан эшитганмиз, лекин уни бугун Зайнулобиддиннинг бўйнига қўйишди. Салафия умуман биз томонларда йўқ. Бу одам Қуръон ва пайғамбаримиз ҳадисларидан гапирарди. Аммо биздаги баъзи бесавод одамлар уни салафийга чиқаришди, - дейди Манноновнинг қишлоқдоши Улфатшоҳ Иброҳимов.

Манноновнинг яна бир қишлоқдоши ҳожи Илҳомиддин Тоҳиров эса суд жараёнига гувоҳ сифатида ўнлаб нурободлик қатнашганини айтар экан,
“афсуски, бирорта гувоҳнинг кўрсатмаси суд ҳакамлари томонидан эътиборга олинмади”, деди.

Эслатиб ўтамиз, Рашт водийсида танилган диндор Зайнулобиддин Маннонов 2010 йил охирларида Рашт водийсида ҳукумат кучлари билан мулла Абдулло жанггарилари ўртасида бошланган қуролли тўқнашувлар чоғида қўлга олинган эди. Ўшанда унинг билан бирга ўғиллари - Абдулҳафиз, Субҳониддин ва Зикруллоҳ Манноновлар ҳам ҳибс этилганди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўшанда Маннонов ва унинг ўғилларини мулла Абдулло жанггариларига ўз уйидан бошпана берганлик ва 2010 йил 19 сентябрида Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум қилганликда айблаганди.

Манноновлар оиласи Рашт воқеаларида айбланиб, қамоққа тиқилган ягона оила эмас.

Кеча Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рашт воқеаларининг асосий айбдори саналмиш Али Бедакий лақаби билан танилган Аловуддин Давлатовнинг 75 ёшли отаси Музаффар Давлатов ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Мазкур идора сўзчиси Маҳмадулло Асадуллоевнинг Озодликка маълум қилишича, Музаффар Давлатов ўғлининг ҳукуматга қарши режаларини билган ҳолда бу ҳақда тегишли идораларга атайлаб хабар бермаганликда айбланмоқда.

- У бир неча жиноятлар, жумладан, ўғлининг ҳукуматга қарши режалари ва олдиндан режалаштирилган жиноятлари тўғрисида ҳуқуқ-тартибот идораларига атайлаб хабар бермаганликда айбланмоқда, - дея билдирди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Айтиб ўтиш жоизки, мухолифат лидерларидан бири мулла Абдуллонинг ўнг қўли ҳисобланмиш Али Бедакий январ ойи ўрталарида Рашт водийсининг Руноб қишлоғида ҳукумат кучлари ўтказган махсус амалиёт чоғида йўқ қилингани хабар қилинган эди.

Аммо айни кезда тожик жамиятида Али Бедакий тириклиги ва унинг ўлими ҳақидаги хабар эса аҳоли орасида урчиётган хавотирларни сўндириш учун атайлиб уюштирилгани борасида ҳам шов-шувлар йўқ эмас.

Аснода тожикистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Рашт водийсида мулла Абдулло ва Али Бедакий билан ҳамкорлик баҳонасида “қама-қама”лар авжига чиқаётганидан хавотир билдиришмоқда.

- Мулла Абдулло билан ҳамкорлик қилиб қамалган бир неча кишини биламан. Яна кўпларга шу айблов билан жиноят иши очилган. Нега мулла Абдуллонинг ўзига нисбатан ҳозиргача жиноят иши очилмаган? Ҳукуматнинг кучи фақат оддий одамларга етадими? Менимча, шу баҳонада жамиятимизда обрў-эътиборга эга бўлган одамлар қамалиб кетаяпти, холос, - дейди норози оҳангда ҳуқуқшунос Қимматгул Даминова.

Суҳбатдошимиз иш шу тариқа давом этаверса, яқин кунларда Манноновга ўхшаган эътиборли диндорларнинг кўпи ноҳақлик қурбони бўлишига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG