Линклар

logo-print
18 январ куни Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасининг Қашқадарё вилоятидан ўтувчи қисмида туркман чегарачилари томонидан Ўзбекистон фуқароси ўлдирилгани юзасидан жиноий иш очилди.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари берган маълумотга кўра, ушбу туманнинг чегараолди ҳудудидаги Кенгсой қишлоғида 48 ёшли фуқаро Усмон Бобоёров ўлими юзасидан жиноий иши қўзғатилган.

Айни пайтда Усмон Бобоёровнинг Озодликка сўзлаган яқинлари отасининг ўлими тафсилотлари уларга тўла маълум эмаслиги ва унинг жасадини 5 кун ўтиб Қарши шаҳридаги ўликхонадан ҳеч бир изоҳсиз қўлга олишганини айтмоқда.

- Нима аниқ билмайман. Пайшанба куни Қаршига бордик, ўша ердан олдик, шу. Фақат юзини кўрсатишди, бошқа жойларини кўрсатишмадиям, шу. Нима бўлганини мен аниқ билмайман, дейди марҳумнинг ўғли Эшбўри Бобоёров.

Айни воқеа ҳақида бир неча кун муқаддам Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, 18 январ куни содир бўлган воқеа чоғида чегарани ноқонуний кесиб ўтган 12 ўзбек фуқароси туркман чегарачилари томонидан таъқибга олинган.

Бу хабарда воқеа чоғида бир фуқаро отиб ўлдирилгани, яна бири жароҳатлангани, 5 фуқаро ҳибсга олингани, яна 5 нафари эса қочишга муваффақ бўлгани айтилган эди.

Бугун Озодлик мухбири аниқланган тафсилотларга кўра, ҳибсга олинганлар сони 5 эмас, балки 2 нафардир ва ҳанузгача уларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинмади.
XS
SM
MD
LG