Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:20

Қирғизистонда Ҳаж можароси катталашмоқда


Қирғизистонда "расмийлар Ҳаж зиёрати орқали шахсий бойлик орттиришни кўзлаяпти", деган фикрлар янграмоқда. Айни пайтда бундай гап-cўзларга чек қўйишни истаган парламент депутатлари Ҳаж зиёратига хукумат аралашувини чеклаш ташаббуси билан чиқмоқдалар.

Қирғизистон муфтиятининг вакили Мамбет Асан Ибраев Ҳаж зиёратига ҳукуматнинг аралашуви ортиқча, деган фикрда.

- Биз бу йилни кўриб чиққан эдик. Шуни тушундикки, Ҳаж зиёрати муфтиятнинг иши бўлиши керак. Чунки муфтият хаммасини ташкил эта олади. Давлат эса назорат қилсин. Биз шуни илтимос қиламиз. Бўлмаса, хукумат бизнинг ишимизга аралашишни давом этаверади. Бизникилар: “Агар давлат аралашаверса, келиб имомликка ҳам ўтсин” дейишмоқда, - деди Мамбет Асан Ибраев.

Аснода Қирғизистон парламентининг жабҳа қўмитаси "Дин эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга киритилажак ўзгартишлар лойиҳасини ишлаб чиқди.

Мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, “Ор-номус” партиясининг депутати Қанибек Ўсмўналиевнинг айтишича, янги ўзгартишлар бўйича бундан буён Ҳаж зиёратига кетаётган қирғизистонликлар иши билан шуғулланиш ҳуқуқининг фақат диний ташкилотларга берилиши кўзда тутилган.

Қирғизистон парламентидаги таълим, илм, маданият, ахборот ва диний сиёсат қўмитасининг раисаси Жилдиз Жўлдўшевага кўра, мамлакатда Ҳажга рухсатнома олиш билан боғлиқ коррупцион схемалар мавжуд.

- Коррупцияга ҳожибошилар ҳам аралашган, десам ҳам янглишмайман. Нимага сизлар бу томонини айтмайсизлар? Фақат ҳукуматни айтаяпсизлар? Ҳажга борувчиларнинг рўйхатини қилмасдан, айнан Ҳаж сафари олдидан ким бориш-бормаслигини айтишади, - дейди Жилдиз Жўлдўшева.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда Ҳаж зиёратини ташкил этиш масаласи атрофида можаро йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

2008 йилдан буён Ҳаж зиёратини уюштириш Диний ишлар бўйича давлат қўмитасига топширилган эди.

Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси раҳбари Бақит Нурдинов яқинда Қирғизистон хукуматини Ҳаж зиёратини бизнесга айлантирганликда айблади.

Унга кўра, қирғиз ҳукуматининг айрим вакиллари Ҳаж зиёратига отланганлардан пул олиб, даромад орттирмоқда.

Шуни айтиш лозимки, Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон орқали Ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сони анчагина.

Жумладан, 2010 йили Қирғизистон орқали Ҳаж зиёратига отланганлар орасида Эрон фуқаролари ҳам борлиги жамоатчилик орасида норозиликларга сабаб бўлганди.

Қирғизистонлик мусулмонлар ўшанда чекланган ўринлар ўзлари етишмаётган бир пайтда уюштирувчилар уларни бошқа мамлакат фуқароларига сотиб юбораётганларидан шикоят қилгандилар.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги Қирғизистон мусулмонлари учун ҳар йили қарийб беш минг кишилик квота ажратади. Дейлик, Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2010 йилда Саудия Арабистони томонидан қирғизистонлик мусулмонлар учун 4676 та Ҳаж визаси берилган. Айни пайтда ўтган йили Ҳаж зиёратига Қирғизистондан 4301 киши борган.

Қирғизистон орқали Ҳажга бораётганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам учраб туриши ҳақида маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG