Линклар

ЕИ Беларус режимига қарши янги санция жорий этди


Александ Лукашенко.

Александ Лукашенко.

19 декабр кун сайловдан кейин уюштирилган норозилик намойиши қатнашчиларининг ҳукумат томонидан куч билан тарқатиб юборилгани ва мухолифатнинг президентликка номзодлари ҳибсга олингани боис ЕИ ва АҚШ Беларус раҳбари Александр Лукашенко ва ҳукуматнинг юздан ортиқ расмийсига қарши қайта санкция жорий қилди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг 31 январ куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувида Беларус президенти Александр Лукашенко ва 158 нафар ҳукумат расмийсининг Европа Итифоқига кириши тақиқлаб қўйилди.

Виза чеклови билан бирга Беларус расмийларининг Европа давлатларидаги банк ҳисоблари ҳам музлатиб қўйиладиган бўлди. Санкциялар жорий қилинган шахслар рўйхатида Беларус президентининг икки ўғли Виктор ва Дмитрий¸ ҳамда Мудофаа вазири Юрий Жадобин ҳам бор.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Минскни рўйхатнинг янада узайтирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мазкур санкциялар 19 декабр куни Беларусда ўтказилган президентлик сайловидан кейин фуқаролик жамияти ва мухолифат аъзолари Минск ҳукумати томонидан қатағон этилишига Европа Иттифоқининг жавобидир.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Беларус расмийлари орасида фақат Ташқи ишлар вазири Сергей Мартиновнинг Шенген зонасига аъзо давлатлар ҳудудига киришини тақиқламади.

Полша Ташқи ишлар вазири Радек Сикорский бу қарорни Лукашенко режими билан мулоқот каналини сақлаб қолиш кераклиги билан изоҳлади.

- Ташқи ишлар вазири Сергей Мартинов рўйхатга киритилмади. Чунки Европа Иттифоқи Полша каби мамлакатни изоляция қилиш сиёсати тарафдори эмас, деди Радек Сикорский.

Европа Иттифоқи Беларусга қарши илк бор 2006 йилда ўтказилган президентлик сайловидан кейин санкциялар жорий қилган эди. Европа нодемократик деб атаган сайловдан кейин 41 нафар Минск расмийсига қарши санкциялар жорий қилган. Икки йил ўтиб Лукашенко режимини демократик ислоҳотлар ўтказишга рағбатлантириш мақсадида санкциялар бекор қилинган эди.

Беларус ҳукумати ҳибсга олинган мухолифат вакиллари ва журналистларни озод қилганига қарамай, Европа Иттифоқи Минск расмийларига қарши яна санкциялар жорий қилди.

Брюсселдаги учрашув арафасида Беларусда 7 маҳбус, жумладан, президентликка собиқ номзодлардан бири Владимир Некляев, таниқли журналист Ирина Халип, президентликка собиқ номзод, ҳозирда хибсда қолаётган Андрей Санниковнинг рафиқаси озод этилди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида бошқа иқтисодий санкциялар, жумладан Беларус компанияларига қарши савдо санкциялари жорий қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди¸ деди Озодлик мухбирига Литва Ташқи ишлар вазири Аудониус Азубалис.

- Европа Иттифоқи Комиссияси муайян муддат давомида вазиятни кузатиб боради. Агар вазият ёмонлашса, қўшимча санкциялар жорий қилиниши эҳтимолдан холи эмас, - деди Азубалис.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Беларусдаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга ва оддий Беларус фуқаросининг Европа Иттифоқи давлатларига виза олишини енгиллатиш учун қандай чоралар кўриш мумкинлиги масаласини ҳам муҳокама қилдилар¸ деди Озодлик мухбири билан суҳбатда Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт.

- Виза масаласи бир оздан кейин ҳал этилади. Менимча, қатор давлатлар визаси учун тўловлар пасайтирилади, - деди Карл Билдт.

Европа Иттифоқи Беларус режимига қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилганидан бир неча соат ўтиб АҚШ ҳукумати ҳам Минск расмийларига қарши жорий қилган санкциялари кучайтирилганини эълон қилди.

Вашингтон қарорига кўра, бундан буён АҚШ ширкатлари ва фуқароларининг Беларус ҳукуматига қарашли “Белнефтехим” компаниясига қарашли ширкатлар билан бизнес юритиши таъқиқланди.
XS
SM
MD
LG