Линклар

1 феврал куни Қоҳира шаҳридаги Таҳрир майдонига келган ва “миллионлар марши”га қўшилган намойишчилар тунни шу майдонда ўтказишини айтмоқдалар.

Намойиш ташкилотчилари 1 феврал куни камида бир миллион одамни намойишга тўплашни режа қилган эдилар. Аммо, кечга қадар 2 миллиондан ортиқ одам намойишга чиқди.

Оқшом қўна бошлаши билан куннинг совуётганига қарамай, иссиқ кийим, чодирлар билан Таҳрир майдонига келаётган намойишчилар оқими ҳануз тўхтамаётгани кузатилмоқда.

Озодлик радиосининг Қоҳирадаги мухбири Аҳмад Рағебнинг айтишича, кечга яқин Таҳрир майдони теграсидаги озиқ-овқат дўконларида танқислик пайдо бўлган, аммо, қоҳираликлар намойишчиларга озиқ-овқат тарқата бошлагани кузатилган.

Айни пайтда намойишчилар теграсида бир неча кун муқаддам уларга қарши ўқ очгани айтилаётган полициячилар мутлақо кўзга ташланмаётгани айтилмоқда.

Кун аввалида намойишчиларга қарши қурол қўлламаслигини билдирган Миср армиясигина майдондаги одамлар хавфсизлигини қўриқламоқда.

Бундан ташқари, намойишчи эркаклар майдо теграси бўйлаб халқага бирлашиб, келаётган одамларни ёнида қурол борми-йўқми, дея кўздан кечираётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG