Линклар

Бишкек ва Анқара визасиз тартиб ҳақида келишиб олди


Эрдўғон қирғиз ҳамкасби билан.

Эрдўғон қирғиз ҳамкасби билан.

Туркия Бош вазири Рашаб Тоййиб Эрдўғоннинг Бишкекка қилган сафари натижасида икки давлат ўртасида виза тартиби бутунлай бекор қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Икки мамлакат фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш ҳақида, Алмазбек Атамбаевнинг айтишича, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Бишкекка сафари доирасида келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 1 феврал куни кечқурун Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон расмий ташриф билан Қирғизистонга келган.

Бугун икки мамлакат ҳукумат раҳбарларининг ўзаро учрашуви чоғида, виза тартибини бутунлай бекор қилиш баробарида (Бунгача қирғизистонликлар Туркия ҳудудида фақат бир ой визасиз юришлари мумкин эди) Қирғизистонга сармоя жалб қилиш бўйича давлатлараро кенгаш тузиш ҳақида ҳам келишилган.

- Учрашувимизнинг муҳим натижаларидан бири давлатлараро кенгашнинг тузилиши бўлди, ҳатто унинг биринчи мажлисини март ойида Туркияда ўтказишга келишиб олинди. Кенгашнинг асосий вазифаси Қирғизистонда ислоҳотлар ўтказишга кўмаклашиш ва сармоялар жалб қилишдир, - дея билдирди Атамбаев.

Шунингдек, Қирғизистон Бош вазири Туркиядан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида грант олинганини қайд этди.

- Бу биринчи транш, холос. Иккинчиси март ойида ўтказилади. Бюджетдаги танқисликни эътиборга олсак, бу биз учун катта ёрдам, - деди Атамбаев.

Бундан ташқари, Атамбаевнинг айтишича, Туркия Қирғизистон жанубидаги касалхона, мактаб каби қатор объектларни тиклаш учун аввал ваъда қилган 11 миллион долларлик ёрдам ҳажмини 15 миллион долларгача оширмоқчи.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон виза тартиби бекор қилиниши ҳақида сўзларкан, биринчи босқичда визасиз тартиб 90 кунга жорий қилиниши, 2011 йил охиригача эса виза тартибини бутунлай бекор қилиш режаланганини қайд этди.

Айни пайтда Туркия Бош вазири Қирғизистонни ривожлантириш бўйича ўз мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди. Унга кўра, мамлакат олға силжиши учун, Қирғизистонга сармоя жалб қилиш учун биринчи навбатда коррупцияга барҳам берилиши керак. Эрдўғон фикрича, бу фақат Туркиядангина эмас, бошқа мамлакатлардан ҳам сармоя оқиб келишига йўл очади.

Қирғизистонда ишонч муҳити бўлиши керак ва мамлакат раҳбарияти буни тушуниши лозим. Муайян мафия, порахўрлик Туркияда ҳам қачонлардир гуллаб-яшнаган. Бугунги кунда мен Қирғизистонда ҳам бу кўринишлар камайтирилаётганини биламан, - дея билдирди қирғизистонлик журналистлар саволига жавоб берган Эрдўғон.

Қирғизистонга расмий сафари чоғида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг президент Роза Ўтунбаева, парламент спикери Аҳмадбек Келдибеков билан учрашиши, парламентда нутқ сўзлаши, қирғиз-турк бизнес-форуми ҳамда Туркиянинг Бишкекдаги элчихонаси янги биносининг очилишида иштирок этиши, Қирғизистон-Туркия “Манас” университетига бориши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG