Линклар

Равотлик деҳқонлар ўзбек чегарачиларидан безор бўлди

  • Гулнора Равшан

Минтақа мамлакатлари ўртасидаги анклав ҳудудларда кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлиб туради.

Минтақа мамлакатлари ўртасидаги анклав ҳудудларда кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлиб туради.

Анклав ҳудудларда ери бўлган тожикистонлик деҳқонлар чегарадаги вазият¸ хусусан Ўзбекистон расмийлари жорий этган тартиб туфайли ягона тирикчилик манбаидан мосуво бўлганидан шикоят қилмоқда.

Сўғд вилоятининг Конибодом туманига қарашли Равот қишлоғи ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Бешариқ тумани ўртасида жойлашган тахминан 58 гектар ер шўролар замонидан буён тожикистонликларга тегишли экани айтилади.

Ўша ернинг бир парчаси, аниқроғи, 4 гектари равотлик Фаридахон Маҳмудованики экан. У бу ер ўзига ота-боболаридан мерос қолганини, рўзғори ҳам шу ердан олинадиган даромад эвазига таъминланиб келинганини, эндиликда эса Тошкентнинг расмий рухсатномасисиз ерига кира олмаётганини айтади.

- Огородларимиз бошидаги ариқчаларни қазишимиз керак. Экин-тикин қилиш учун халақит берадиган дарахт шохчаларини қирқишимиз керак. Ҳозир мана пайванд вақти бўлди, кўчат экишимиз керак, 40 сўтих яна очиқ ерим бор, ўшанга кўчат экишим керак. Ўшаларни қилайлик деймиз, ўтолмаяпмиз. Фарғона ва Тошкентдан рўйхатимиз келса, кейин бизни ўтказишади, - дейди тўрт фарзанднинг онаси Фаридахон деҳқончилиги кечикаётганидан ташвишдалигини айтар экан.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегаралари яқинидаги анклав ерга тожикистонлик деҳқонлар мустақиллик йилларигача бемалол кириб турган. Мустақилликка эришган Ўзбекистон қўшниси Тожикистон билан виза тартибини жорий қилганидан сўнг эса тожикистонлик деҳқонлар назорат ўтказиш постидан рўйхат бўйича ўтказила бошлади. Бу тартиб эса тожикистонлик ер эгаларига хуш келмаяпти.

- КПП орқали ўтиш керак бўлаяпти, йўл муаммо бўлаяпти бизга. Деҳқончилигингизни вақтида олиб ўтолмайсиз, техника ўтмайди, ёрдамчиларингизни олиб ўтолмайсиз. Деҳқончилик ёрдамчисиз бўлмайди. Ана шу аҳволда қисаяпти бизни, - дейди Фарида Маҳмудова.

Аёл ўтган йили деҳқончиликдан олинган ҳосил фойдасидан мосуво бўлгач, оиласи пулдан қийналиб қолганини айтади.

- Ҳар йили 1 тонна қуритадиган ўригимиздан 300 кило қуритдик. У ҳам сифатсиз бўлди. 15 сомонийлик юк 9 сомонийдан ҳам сотилмади. Маҳсулотимизни на Ўзбекистонда, на Тожикистонда сотолдик, қўйишмади. “Харидор келсин, берайлик” десак, “киргизмайсан, сотмайсан, ўзинг билан олиб чиқиб кет”, деб қўйишмади. Биз ўзимизга чиқариб сотгунимизча эшак аравада маҳсулот эзилиб, йўқ бўлиб кетди, Соат олти бўлса, “чиқасан” деб, автоматлар билан олдига солиб қувиб чиқарарди. Қўлида қуроли бор, биз қўрқмай қаёққа борамиз, - дея зорланади Фаридахон.

Тожикистон томонда бир қарич ҳам ери бўлмаган Фаридахон оиласи авваллари ўша анклав ердан топилган даромад эвазига тўкин-сочин яшаб келганини қўшимча қилди.

- Бемалол рўзғоримни тебратиб, иморат қилардим, мол-ҳол қилардим. Деҳқончилигим рўзғоримга бемалол етарди. Эрим Россиядан топган пулига уй-жой солардик, тўй-маърака қилардик. Ҳозир молимизнинг ҳам тутуриғи йўқ, иморат қилолмаймиз, еб-ичамиз, шунга етади, холос. Ҳозир энди тургани зарар, - дейди равотлик аёл Фаридахон.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон ҳудудида қолган тожикистонликлар ери борасида кўп йиллардан буён икки ўртада баҳслар ҳал қилинмаётганини айтар экан, ўтган йил сўнгида туман масъуллари ва депутатлар билан учрашувларда ҳам шу масала кўтарилганини айтди.

- Биз айтдик уларга. Улар: “Буни иккала президент музокара қилиб, келишади, кейин ҳал бўлади. Буни депутат ҳам ҳал қилолмайди, ҳеч ким ҳал қилаолмайди. Фақат иккита президент ўртасида ҳал бўладиган иш бу”, дейишди, - дея хотирлайди Фарида Маҳмудова.

Шу ўринда айтиб ўтсак, жорий йил бошида Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятига тегишли ернинг 3 фоизи Хитой Халқ республикаси ихтиёрига топширилгани расман эълон қилинган эди.

Ўшанда Тожикистон қуйи палатаси депутатлари ҳузурида чиқиш қилган Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ўз мамлакатининг Хитой билан чегара масаласидаги баҳсларига сўнгги нуқта қўйилганини, Ўзбекистон, Қирғизистон, Афғонистон билан чегараларни демаркация ва делемитациялаш борасида эса музокаралар ҳали ҳам давом этаётганини маълум қилганди.

Зарифий жаноблари Тожикистоннинг тахминан 20 фоиз ҳудуди баҳсли ҳудуд саналишини, уларнинг катта қисми эса анклав ерлар эканини қўшимча қилганди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида чегараларни демаркациялаш ва делемитациялаш ишларининг 70 фоизи бажарилган. Қолган 30 фоизида ҳаётий муҳим объектлар жойлашгани ва анклав ерлар бўлгани сабабли томонлар ҳали бу борада бир битимга кела олмаётганлари айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG