Линклар

logo-print

Ўзбекистон элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев Россия Федерацияси Кенгаши раиси Сергей Миронов билан учрашувида¸ Россияда катта шов-шувга сабаб бўлган “Корепанов иши” юзасидан расмий изоҳ беришга ваъда қилган ва шу боис Ўзбекистон қамоғига ташланган рус полковниги учун озодлик талаби билан 2 февралга белгиланган Москвадаги пикет тўхтатилган.

31 январда Россия Федерацияси Кенгаши раиси, “Справедливая Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев билан учрашди.

Федерация Кенгаши оператив маълумот бошқармаси бошлиғи муовини Андрей Брунин бу учрашув режа асосида амалга оширилганини билдирди.

- Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан расмий учрашув 31 январ куни бўлиб ўтди. Унда стратегик ҳамкорлик, иттифоқчилик муносабатлари ва геополитика масалалари муҳокама этилди. Томонлар Қирғизистон ва Афғонистондаги вазиятга оид фикр алмашди. Шунингдек, жаноб Миронов Ўзбекистон элчиси жаноб Пўлатхўжаев билан наркотик моддалар ноқонуний транзитига қарши МДҲ, ШҲТ ва КХШТ ташкилотлари доирасидаги курашни фаоллаштириш зарурлиги борасида якдил эканини билдирди, деди Россия Федерацияси Кенгаши расмийси Андрей Брунин.

Андрей Бруниннинг учрашувда келтирилган маълумотларга таяниб айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон савдо алмашувининг учдан бир қисми Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Айни пайтда¸ икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожи юқори эканлигини таъкидлаган Сергей Миронов “Бу алоқалар парламентларимиз ўртасида етарли даражада эмас”, дея қўшимча қилган.

Федерация Кенгаши раиси Сергей Мироновнинг элчи Зиёдулла Пўлатхўжаев орқали Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати расмий делегациясини Россияга таклиф қилгани маълум бўлди.

Айни пайтда¸ расмий маълумотларда Ўзбекистонда айғоқчиликда айбланиб Тошкент Ҳарбий суди томонидан 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган россиялик Юрий Корепанов масаласи кўтарилгани айтилмаëтир. Федерация Кенгаши расмийси Андрей Брунин Озодлик билан мулоқотда учрашувда “Корепанов иши” муҳокама этилгани борасида қўшимча маълумотга эга эмаслигини билдирди.

63 яшар пенсионер Корепанов масаласини Россия парламенти муҳокамасига кўтарган Давлат Думаси депутати Александр Бурковнинг Озодликка билдиришича¸ бу мавзу учрашувда тилга олинган.

- Мен Сергей Михайлович (таҳр.Миронов) билан телефон орқали гаплашдим, уларнинг нима масалаларни муҳокама этгани тафсилотларини тўлиқ билмайман. Лекин билишимча, Корепанов масаласи юзасидан мулоқот бошланди. Бунгача биз Ўзбекистондан мутлақо жавоб олганимиз йўқ . Юрий Корепанов масаласи бу икки расмий ўртасида муҳокама этилган ва элчи Ўзбекистон ҳукуматига Россия депутатлари талабларини етказишни ваъда берган, дейди “Справедливая Россия” партиясининг Свердловск вилояти бўйича етакчиси¸ Давлат Думаси депутати Александр Бурков.

Депутатга кўра, Россия Федерацияси Кенгаши раиси Сергей Миронов ва Ўзбекистон элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев мулоқоти оқибатида 2 феврал куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида Корепановни озод қилиш талаби билан уюштирилиши мўлжалланган пикет номаълум вақтга қолдирилган.

- Агар мулоқот яна узилиб қолса, биз элчихонани пикет қилиш ва ўз талабларимизни оммавий равишда билдириш ҳуқуқидан фойдаланамиз, дейди Дума депутати Александр Бурков.

Айни пайтда, Бурков ташаббуси билан бутун Россия миқëсида полковник Юрий Корепанов ҳимояси учун имзо йиғиш учун бошланган акция давом этмоқда.

Айтилишича¸ Ўзбекистонда қамоққа ташланган рус полковнигини озод қилиш талаби билан биргина Екатеринбург шаҳрида уч куннинг ўзидаëқ 4 мингдан зиёд имзо йиғилган. Айни пайтда Корепановнинг озод этилиши талабида интернетда махсус саҳифа ҳам очилган.
XS
SM
MD
LG