Линклар

logo-print

Тошкентдаги оперетта театрида Ботир Зокировга бағишланган "Араб тангоси" спектакли қўйилмоқда. Бу спектакл баробарида ëш ўзбек ашулачилари "Араб тангоси"ни куйлашмоқда. 1957 йили Миср шевасида ижро этилган бу қўшиқ Тошкентда яна урф бўлган кунларда Қоҳиранинг Таҳрир майдонида Миср янги тарихи ëзилаëтган эди.


“Я заҳратан фи ҳалали фарид атраҳ”

Менинг хаëлимда у чечак,
Қалбимга ором бағишлар,
Фақат бу чечакни юлманг, ғижимламанг,
Tоки у жозибасини йўқотмасин.




(Қўшиқ RuTube сайтидан олинди.)

Бу "Aраб тангоси" қўшиғидан мисралар эди. Арабчанинг Миср шевасида ижро қилинадиган бу қўшиқ оҳангларида қаттол ва юракни сирқиратадиган оҳанг бор.

Бу қўшиқ 1947 йили илк ижро қилинди. “Шеър муаллифи Маҳмуд Шиннавий, қўшиқни бастaкор Дориш Фарид Ал-Аттош басталаган ва ижро қилган” дейди араб санъатшуноси Ҳошим Али Мандий.

- Бу қўшиқ бутун араб оламида фавқуллода машҳур бўлган эди. Қўшиқ ижрочиси Фарид Аттош ўзи араб эмас. У суриялик курддир. Фарид Аттошнинг бир гўзал синглиси ҳам бор эди. Асмахон исмли бу қиз ниҳоятда яхши қўшиқ куйлар эди, дейди Ҳошим Али Мандий.

Сурияда Фарид Аттош оиласи муаммоларга дуч келгани боис Қоҳирага ҳижрат қилишди.

Ҳошим Али Мандийга кўра ўша пайтда Қоҳира бутун араб дунëсининг маданият маркази бўлган. Кимки Қоҳирада ижод қилса, у бутун араб осмонида юлдуз бўлиб порлар эди.

Фарид Ал-Аттошнинг бу қўшиғи бутун араб дунëсида шу қадар машҳур бўладики, ҳаттто Мисрнинг ўша вақтдаги президенти Жамол Абдул Носир ашулачини орден билан тақдирлаб¸ "Мен араб дунëсини бирлаштира олмадим, аммо сен ўз қўшиғинг билан бу вазифани адо қилдинг" деб айтган. Ҳар ҳолда шундай гап юради.

Фарид Ал-Аттошнинг чечак ҳақидаги қўшиғи темир парда билан ўралган совет иттифоқига ҳам етиб келди. Ўша пайтдаги совет мафкураси назарида бу қўшиқ оддий ошиқнинг севги хониши эмас¸ балки араб миллатининг жаҳон империализмига қарши хитоби эди.

Қўшиқни рус тилига таржима қилиб куйлашди. Рус ҳофизи Николай Никитский ижросидаги "Араб тангоси"да ошиғич ҳузун бор эди.

Нил бўйларида эҳромларга ëндош бу элнинг армони каби янгради бу қўшиқ совет кенгликларида.

1957 йилда Москвада ўтказилган ўзбек санъати декадасида ўзбек қўшиқчиси Ботир Зокиров бу қўшиқни араб тилида куйлаб чиқди.

Ботир Зокиров арабча либос кийиб куйлади "Араб тангоси"ни.

1957 йили “Қизил Ўзбекистон” газетаси мана бу сатрларни ëзди.

“1957 йилда Москвада ўтказилган ўзбек декадасида машҳур араб композитори Дориш Ал-Аттошнинг «Араб тангоси» қўшиғи биринчи марта янгради ва чақмоқ каби Ботир Зокиров номини қўшиқсеварлар қалбига олиб кирди. Бу кутилмаган омад, шуҳрат ва келажакка ишонч эди. Бу қўшиқ хонанда дастурининг муқаддимаси бўлиб қолди ва минглаб нусхада пластинкалар чоп этилди”.

Араб албисасида "Араб тангоси"ни ижро қилган Ботир Зокиров совет аëллари назарида бирдан секс тимсолга айланди, деб эслайди ҳофизнинг укаси Фаррух Зокиров.

Рус шоираси Любовь Малкова Ботир Зокировга атаб шеър ҳам ëзди.

Ҳозиргина ҳаëт ҳисоби бошланди
Ҳаво қуюқ ва совуқ эди зимистонда
Салла кийган кумуш фракдаги
Мунажжим қўлларини самога чўзди

Кейин эса паст овоз билан, деярли шивирлаб "Араб тангоси"ни куйлади.

У худди жиловланмаган от каби эди
Гўë арқонланган мустанг

(Звездочет.
Любовь Малкова
Узбекскому певцу Батыру Закирову

Пауки распластавшихся люстр
Постепенно теряют свечение.
Я еще никого не люблю,
Только чувствую сладость влечения.

Только начался жизни отсчет
Густ и холоден воздух во мраке.
Свои руки простер звездочет
В тюрбане и серебряном фраке.

А потом он гортанно запел
Почти шепот …Арабское танго…
Будто был уготован удел
Облаченного в петлю мустанга.)

Ботир Зокиров ижросидаги "Араб тангоси" қўшиғини тинглаган араб санъатшуноси Ҳошим Али Мандий назарида қўшиқ ижрочиси Ботир Зокиров мисрлик араблар юрагини ғижимлайдиган дард ва ғуссани аниқ бера олган.

Али Мендий
- Қўшиқнинг мусиқаси ва ҳофизнинг саси мукаммал, аммо араб тилини талаффуз қилишда бир оз муаммо бор. Аммо хорижий бир ҳофиз айтаëтгани бу қусурни ювиб кетади, дейди араб мунаққиди.

"Араб тангоси" ҳақидаги лавҳанинг сўнгги мисраларини ëзаëтган пайтимда Қоҳирадаги Таҳрир майдонидаги минглаб намойишчилар устига от ва туя минган мустабид тарафдорлари ëпирилганини Ал Жазира телеканали кўрсата бошлади.

Танго рақси осойишталик билан бошланиб қаттол бир асабийлик билан давом этади. "Араб тангоси"нинг асабий торлари хатарли товушлар чиқармоқда.

Я заҳратан фи ҳалали фарид атраҳ

Менинг хаëлимда у чечак,
Қалбимга ором бағишлар,
Фақат бу чечакни юлманг, ғижимламанг,
Tоки у жозибасини йўқотмасин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG