Линклар

Миср пойтахти Қоҳирада президент Ҳусни Муборак тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида рўй берган кечаги тўқнашувлар оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, мингга яқин одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

Ҳусни Муборак истеъфоси талаби билан Қоҳиранинг марказий хиëбонига икки миллионга яқин одам йиғилгани эртасига айни майдонга айримлари от ва туя минган Муборак тарафдорлари кириб келди ҳамда майдонда президент истеъфоси талаби билан тўққиз кундан бери намойиш ўтказаётган норозиларга ҳужум қилди, шундан сўнг тўқнашувлар бошланиб кетди.

Аксилҳукумат намойишчилари Ички ишлар полициясини зўравонликларни атайлаб уюштирганликда айбламоқда. Уларнинг ишонишларича, Ҳусни Муборак норозиликларни бостириш учун махсус одамларни ёллаган.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги расмийлари бу иддаони рад этмоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Мисрда тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликларни қоралади.

"Мисрда зўравонлик амаллари давом этаётганидан чуқур ташвишдаман. Томонларни яна бир бор босиқ бўлишга чақираман. Тинч намойишчиларга нисбатан ҳар қандай ҳамла қабул қилиб бўлмас ҳолдир", - деди Бан Ки Мун.

Миср мухолифати намойишчиларни уйга қайтиш ҳақидаги армия чақириғига бўйсунмай, президент Ҳусни Муборакка қарши намойишлар давом эттириш ниятида.
XS
SM
MD
LG