Линклар

Қирғизистонда этник тараққиёт концепцияси муҳокамада


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат учун этник тараққиёт концепцияси зарурлигига яқиндаги Ўш сафаридан кейин янада кўпроқ амин бўлганини таъкидлайди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат учун этник тараққиёт концепцияси зарурлигига яқиндаги Ўш сафаридан кейин янада кўпроқ амин бўлганини таъкидлайди.

Қирғизистонда Ўш воқеалари қайталанишига йўл қўймаслик мақсадида этник тараққиёт концепцияси ишлаб чиқилмоқда ва у март ойида умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилинади. Бу ҳақда президент Роза Ўтунбаева маълум қилди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 3 феврал куни ўз видеокундалигида этник тараққиёт концепцияси ҳақида гапирар экан, бундан асосий мақсад Ўш воқеаларининг қайталанишига йўл қўймаслик эканини таъкидлади. У феврал ойи бошида Ўшга қилган сафари чоғида этник тараққиёт концепцияси мамлакат учун зарур ҳужжат эканига ишончи комил бўлганини айтди.

- Мен Ўшга борганимда яна бир карра миллатлараро тинчлик ва иноқлик бу шаҳар, Қирғизистон жануби учун муҳим муаммо бўлиб турганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Шунинг учун бизга Қирғизистон миллатлараро тараққиёт йўналишида қандай сиёсат олиб бориши кераклигини барча фуқароларга яққол намоён эта олувчи ҳужжат зарур бўлиб турибди, - деди президент.

Ўтунбаеванинг айтишича, президент маъмурияти томонидан ишлаб чиқилаётган этник тараққиёт концепциясида барча халқларнинг тенг ҳуқуқли экани, маданиятлар хилма-хиллиги эътиборга олиниши ва айни пайтда асосан қирғиз тили ҳамда маданиятни ривожлантириш зарурлиги таъкидланади.

Президентга кўра, қирғиз тили ва маданиятини ривожлантириш орқали Қирғизистон халқлари интеграцияси ва бирдамлиги таъминланади.

- Қачонки, барча одамлар, асосан ёшлар давлат тилида бемалол гапира олганда, биз бу мамлакат учун хос бўлган умумий қадриятларга эга бўламиз, барчанинг ҳуқуқи ва имкониятлари тенглашади. Биз барчани мазкур ҳужжатни муҳокама қилишга чақирамиз, - деди президент.

Ўш ўзбек миллий-маданий маркази президенти Рашид Хўжаев Қирғизистонда этник тараққиёт дастури қабул қилинишини қўллаб-қувватлашини айтади. Унга кўра, бу ҳужжатда турли миллатларни бирлаштириб турган Қирғизистон Халқлар ассамблеясининг мақоми ҳам алоҳида кўриб чиқилиши ва унга кенгроқ ваколатлар берилиши зарур.

- Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши жуда яхши бўлади. Қирғизистон Халқлар ассамблеяси фаолиятини ўзгачароқ қилиб, мақомини ҳам ошириш зарурлиги ҳақида ҳам маслаҳат қилинган. Халқлар ассамблеясини сиёсатдан узоқлаштириб, жамиятга, ижтимоий ҳаётга яқинлаштириш зарур. Ассамблея оддий одамлар билан ижтимоий соҳада ишлаши зарур. Концепцияда барча миллатларнинг ҳуқуқлари тенг ва имкониятлари ҳам тенг экани конкрет ёзилиши шарт бўлади, -дейди Рашид Хўжаев.

Ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган ўшлик таниқли ишбилармонлардан бири эса феврал ойи бошида Роза Ўтунбаева Ўшга сафар қилганини эслар экан, президент ўшлик фаоллар билан бўлган учрашуви чоғида ҳам этник тараққиёт концепцияси ҳақида гапирганини айтади. Аммо суҳбатдошимиз мамлакатда миллатчилик муаммоси тугатилмас экан, ҳар қандай концепция қоғозда қолиб кетаверади, деган фикрда.

- Ўш воқеаси оддий маиший ҳодисалардан келиб чиқди. Масалан, бир ҳунармандни бир уйга олиб бориб ишлатишади-да, кейин: “Мен қирғизман, сен Қирғизистонда яшаяпсан, шунинг учун сенга пул бермайман” деган гаплардан, ҳукумат, милиция, солиқ органларида ўзбеклар ишлатилмаётганидан ўртадаги низо келиб чиқди. Масалан, бир ГАИ ходими ўзбекни тўхтатади-да, фақат ўзбек бўлгани учун пулини олиб ёки правасини олиб қўяверади. Бундай ҳолатларни йўқотиш учун ҳукумат тузилмаларида, милиция ва бошқа ташкилотларда ҳеч бўлмаганда 30 фоиз ўзбек ишлаши керак-ку. Концепцияни ишлаб чиқиш учун, энг аввало, Ўшдаги миллатлараро муаммоларни йўқ қилиш йўлини ўйлаб топиш керак. Элнинг орасига кириб, элдан сўраш керак қандай муаммолар борлигини. Масалан, шу кунларда Ўшда ўзбеклар бундан буён ўз бизнесини қилмайди, деган гаплар юрибди. Концепцияни қабул қилишдан олдин мана шу нарсаларни тўғрилаб олиш керак. Ҳеч бўлмаганда, миллатлараро муносабатлар юзасидан аҳлоқ кодексини қабул қилиб олиш керак, - дейди ўшлик ишбилармон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG