Линклар

logo-print

Али Бедакийга оид видеотасвир баҳс марказида

  • Гулнора Равшан

Али Бедакий мулаққаб Аловуддин Давлатов сўроққа тутилган видеотасвир Тожикистон расмийларини ёлғончига чиқариб қўймоқда.

Али Бедакий мулаққаб Аловуддин Давлатов сўроққа тутилган видеотасвир Тожикистон расмийларини ёлғончига чиқариб қўймоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Али Бедакий лақаби билан танилган собиқ дала қўмондони Аловуддин Давлатов сўроққа тутилган видеотасвирни ўрганишга киришганини хабар қилмоқда.

Январ ойи бошида республика куч ишлатар тизимлари томонидан маҳв этилган Али Бедакий ўлдирилишидан аввал таҳқирлангани тавсирга олинмиш видеолавҳа 2 феврал куни мобил телефонлар орқали тожикистонликлар орасида тарқалганди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси сўзчиси Нозиржон Бўриевнинг Озодликка маълум қилишича, унинг идораси Али Бедакий сўроққа тутилган видеотасвирни ўрганишга киришган.

- Бугун замонавий технология ёрдамида ҳар нарса қилиш мумкин. Бизнинг тахминларимизга кўра, бу сохта видеотасвир бўлиши мумкин. Лекин, ҳар ҳолда, бизнинг зиммамизда бўлган ишни, яъни бу видеотасвир ҳақиқатми-йўқлигини текширамиз, - дея билдирди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Нозиржон Бўриев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 2 феврал куни Тожикистон ва ундан ташқарида Али Бедакий лақаби билан танилган собиқ дала қўмондони Аловуддин Давлатовнинг ҳукумат куч ишлатиш тизим ходимлари томонидан сўроқ қилинаётган ҳолати мобил телефонлар орқали яшин тезлигида тарқалди.

Шу йил 4 январ куни давлат телевидениеси намойиш қилган жасадларни кўрган кишилар видеотасвирда сўроқ қилинаётган киши айнан Али Бедакий ёки Аловиддин Давлатов эканини айтишди.

Тахминан 4 минутлик видеолавҳада автомобилнинг орқа ўриндиғида ўтирган озғин ва яримялонғоч Али Бедакийнинг қўлларини ҳарбий кийимдаги икки қиши орқага қайириб турибди.

Сўроққа тутилаётган кишига “Бедакий” деб мурожат қилаётган бошқа ҳарбий эса ундан “мулла Абдулло”, “Белги” лақабли жанггарилар ҳозир қаердалигини сўрайди. Ора-орада асирга тўппонча ўқтаб, соқолидан тортишади, қаламга олинмайдиган сўзлар билан сўкишади.

Эслатсак, 4 январ куни Рашт водийсининг Руноб қишлоғида Али Бедакий билан бирга яна етти жанггари маҳв этилгани расман хабар қилинган, ўлдирилганларнинг ҳаммаси террорчи ва уюшган жиноятчи гуруҳ аъзолари бўлгани айтилган эди.

Рашт водийсининг Руноб қишлоғида ўлдирилган жангариларнинг жасадлари эса ўша оқшом давлат телевидениеси орқали намойиш қилинди, аммо жасадлар ўз эгаларига топширилмади.

Ўшанда ҳукумат расмийлари Али Бедакий қўлга олиниш чоғида ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатгани сабабли йўқ қилинганини маълум қилганди.

Бугун халқ орасида мобил телефонлар ёрдамида тарқалган видеотасвир эса тегишли идоралар расмийларининг бу даъволарини савол остига қўяётган ашёвий далилдир, дейишмоқда кузатувчилар.

- Жуда ҳайратлантирадиган ҳол. Ҳукумат террорист жанг пайтида ўлдирилганини ишонтириб айтади. Лекин бунинг ортидан бу айтилганларнинг аксини исботловчи тасвир, ашёвий далил юзага чиқади. Бу ишларнинг ортидан қандай ўйинлар турибди? Нега ҳукумат ёлғон гапираяпти? Бугун жамият ҳам бунга ҳайрон, - дейди кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

Тожикистонлик ҳуқуқшунослар эса, агар бу видеолавҳа ҳақиқат бўлса, асирни ўлдириш ҳарбий жиноят экани ва видеотасвирни ўрганган миллий хавфсизлик масъуллари бу ишда қўли бўлган ҳарбийларни жиноий жавобгарликка тортиши лозимлигини урғулашмоқда.

Айтиш лозимки, Али Бедакий ўтган йил 19 сентябрида Камароб дарасида Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум уюштирган ва натижада 28 аскар жонига зомин бўлган гуруҳ ичида асосий фигура саналарди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган ходимининг айтишича, мазкур видеотасвир юзасидан аллақачон дастлабки суриштирув ишлари бошланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG