Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:10

Ростов вилоятида андижонлик оила куйиб кул бўлди


2 феврал куни кечқурун Россиянинг Ростов вилоятида яшаëтган муҳожир ўзбек оиласида фожиа рўй берди - содир бўлган ёнғин оқибатида оиланинг тўрт аъзоси нобуд бўлди, врачлар танасининг 70 фоизига қадар куйиб кетган яна икки боланинг омон қолишига шубҳа билан қарамоқда.

Ростов вилоятининг Батайск шаҳридаги Лиственная кўчасида жойлашган шахсий уйлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида ота-она¸ 16 яшар тўнғич ўғил ва 3 ëшли болакай нобуд бўлди. Оиланинг 14 ва 13 ёшли икки кичик аъзоси оғир аҳволда Батайск туман шифохонасига ётқизилди.

Озодликка бу мудҳиш воқеа тафилотларини гапириб берган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ростов вилояти бўйича Бош бошқармаси расмийси Марина Чернявскаяга кўра, ўлган ва жароҳат олган шахслар ўзбекистонликлардир.

- “Дружба” дала-ҳовли ширкатидаги ёнғин тўғрисидаги хабар кеча кечки соат 23:20 ларда бизга етди. 10 дақиқа орасида Батайск шаҳри, Лиственная кўчаси, 247-уйга етиб келган ўт ўчириш бўлинмалари ёниб кетган уйдан тўрт кишининг жасадини аниқлади. Танасининг 60 фоизи куйган яна иккита 13 ва 14 ёшли бола оғир аҳволда Батайск туман шифохонаси реанимациясига жўнатилди. Улар барчасининг Ўзбекистон фуқаролари эканлиги аниқланди, деди Марина Чернявская.

Маълум бўлишича, куйиб кул бўлган уйдан ўт ўчирувчилар дастлаб кейинчалик эр-хотинлиги аниқланган аёл ва эркак мурдасини топган, яна икки-уч соатлардан кейин қолган оила аъзолари жасадлари аниқланган.

ФВВ бошқармаси ходимининг маълумоти бўйича, ҳозирда ҳалок бўлган оила аъзоларининг шахслари аниқланган.

Улар 1965 йилда туғилган Межанов Рустамжон Абдумажидович¸ 1968 йилда туғилган Холматова Анорхон Тожиддиновна, 1995 йилда туғилган Абдуманнопов Исломбек ва оиланинг уч яшар кенжаси Илғорбекдир.

Шифохонага жўнатилган икки ўзбекистонликнинг 14 яшар Абдумажидов Ихлосбек ва 13 яшар Абдумажидов Иброҳим экани айтилмоқда. (Афтидан¸ оиланинг бу икки фарзанди фамилияси бобоси номига қўйилган - Таҳр.)

“Дастлабки тахминларга кўра, ўзбекистонликлар уй иситиш печларини ишлатишда оддий ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаганлиги туфайли нобуд бўлган”, дея қўшимча қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ростов вилояти бўйича Бош бошқармаси вакили Марина Чернявская.

- Ҳодиса жойида терговчилар, бизнинг Давлат ёнғин назорати ходимлари одамларнинг ўлими сабаблари, ёнғин сабабларини аниқлашни давом этади, деди Марина Чернявская

Ростов-Донда фаолият олиб бораëтган Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Кимёхон Бобоев Озодлик билан суҳбатда бу мудҳиш хабарни эшитиши билан фожиа жойига боргани ва айни соатларда куйиб битган уйдан қайтаëтганини айтади.

- Мен ҳозир ўша жойдан келяпман. Оила Андижондан, Хартум шаҳридан. Бугун Андижон ҳокимиятига ҳам телефон қилиб шундай-шундай одам, деб сўрадик. Бу ерда маълумотлари ёниб кетган экан. У кишини, марҳумни, акаларини топдик, шундай гап бўлди деб айтдик. Оиласи- хотини, ўзи, 3 ёшли ва яна 14 ёшли фарзанди шу ернинг ўзида нобуд бўлган. Иккита фарзанди ҳозир городской болнисада, оғир аҳволда. Врачлар билан гаплашдик, улар ҳам “Имкон йўқ”, деяпти.

Ман ўзим кўрдим, қўлидан келганича тиббий ёрдам кўрсатяпти, лекин аҳволи ёмон. Ёнган уйга ҳам бориб келдим, атрофи ҳаммаёқ қон. Шу иккита бола чопиб чиққан экан ташқарига, ҳамсояларникига. Ҳамсояларники ҳам қон... Бугун ҳал қилдик болалар билан- тўрт-беш сўм пул йиғиб танани юбориш керак. Ҳаракат қилаяпмиз, деди Ростов-Дондаги Ўзбек миллий-маданий марказ раҳбари Кимёхон Бобоев.

Тирик қолган болаларнинг аҳволини билиш мақсадида Батайск шаҳар марказий шифохонаси реанимация бўлимига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган шифохона врачларидан бири ўзбекистонликларнинг аҳволини шундай тасвирлади.

- Мен болаларнинг аҳволи жуда оғир эканлигидан зиёд ҳеч нарса қўшимча қила олмайман. Жуда оғир... Умумий ҳолати, тананинг катта қисми куйганлигини ҳисобга олиб¸ шундай хулоса чиқаряпман. Болакайларнинг юзи, танаси 65 дан 75 фоизгача куйган. Қўшимча маълумотлар билан терговни олиб бораётган маҳаллий Ички ишлар бошқармаси ва прокуратурасига мурожаат қилинг. Йигитчаларнинг яқинлари ва қариндошлари ҳам терговчиларга мурожаат қилишларини сўрайман, деди ўзини таништирмаган Батайск шифохонаси врачларидан бири.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, ҳозир ҳодиса жойини Батайск шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов-оператив гуруҳи ва маҳаллий прокуратура ходимлари тафтиш этмоқда.
XS
SM
MD
LG