Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:58

Тожик ёшларидан учдан иккисининг сафар халтаси ҳозир


Таҳлилчиларга кўра, кейинги пайтларда Тожикистондан нафақат маълумоти бўлмаган ёшлар, балки малакали йигит-қизлар ҳам пул топиш илинжида хорижга кетиб қолмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, кейинги пайтларда Тожикистондан нафақат маълумоти бўлмаган ёшлар, балки малакали йигит-қизлар ҳам пул топиш илинжида хорижга кетиб қолмоқда.

Тожикистонда фаолият олиб бораётган “Журналистлар бирлашмаси ва шафқат” (MGM) ташкилоти ёшлар ўртасида ўтказган сўровидан маълум бўлишича, мамлакат ёшларининг 70 фоизи имкони бўлса мамлакатни тарк этишга тайёр.

“Журналистлар бирлашмаси ва шафқат” (MGM) ташкилоти раҳбари Фаррух Аҳроровнинг айтишича, Тожикистон ёшларининг энг катта муаммоси бу ишсизликдир.

- Биринчидан, маҳаллий ҳукуматлар ёш мутахассислар ўз касби бўйича ишлаши учун уларга шароитлар яратишлари лозим. Айни пайтда мамлакатни нафақат Россияга бориб ишлайдиган касб-ҳунари йўқ мардикор ёшлар, балки касбий маҳоратга эга компютер дастурчилари, технологлар, муҳандислар ҳам тарк этмоқда. Нима учун улар кетишаяпти? Яхши ҳаётни ташлаб кетишаётгани йўқ. Жавоби қисқа ва лўнда - оиласини тебратишга етадиган пул топиш учун, - дейди Фаррух Аҳроров.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳар йили икки-уч маротаба ёшларни иш билан таъминлаш бўйича ярмарка ўтказилади. Бироқ ёш мутахассисларга тақдим этилаётган маош жуда кам. Шу боис ҳам ноилож бўлган, бармоқ билан санарли ёшларгина мана шундай кам маошли ишга рози бўлишмоқда.

Хўжанддаги Марказий Осиё ва Кавказ бўйича халқаро “Сайф” дастури вакили Шавкат Ҳошимовнинг айтишича, вилоятда ёшларни фаоллаштиришга хизмат қиладиган тадбирлар ўтказилмайди, борлари ҳам шўролар давридан қолган, сийқаси чиқиб кетган тадбирлар. Олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалар эса саводсиз бўлиб қолмокда.

- Масалан, Тожикистон Бизнес, сиёсат ва ҳуқуқ давлат университетининг дипломатия факултети талабаларини олайлик. Улар келажакда мамлакатимиз манфаатларини хорижда ҳимоя қилишлари керак. Бу талабалар икки жумлани кўшиб айтолмайди, ўзининг мутахассислиги ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Чунки уларнинг асосий қисми раҳбарлар ва бойваччаларнинг фарзандларидир. Бу талабалар ҳарбий хизматга бормаслик учунгина олийгоҳга ўқишга кирган, - дейди Шавкат Ҳошимов.

Хўжанддаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган Гулчеҳра исмли талаба ҳам бугунги кунда аксарият ёшлар ўз кучлари ёки билими билан олийгоҳларда таълим олишаётганига ишончи йўқлигини айтади.
- Бугун билимли ўқувчилар ўрнига билимсизлар олийгоҳларга кириб ўқимоқда. Бу талабалар охир-оқибатда жамиятимизни янада қолоқлаштиришга олиб келяпти. Раҳбарларимиз юқори минбарлардан туриб, “бизга кадрлар керак”, дейишади-ю, аслида бошқача бўлаяпти. Ўртадаги пул йўқ қилинсагина, савод ҳақида гап бўлиши мумкин, - дейди Гулчехра.

Ўзини Шерали деб таништирган талабанинг сўзларига кўра, бугунги кунда студентларнинг ҳар қадами пул бўлиб қолган, яъни ота-онаси бақувват бўлган ёшларгина олийгоҳни тугатишга эришади. Чунки имтиҳонлар учун пул тўлаш одатий тусга айланган. Бундан ташқари, домла китобча тайёрлаб чоп қилса, уни сотиб олиш керак, туғилган кунига пул йиғиб бериш керак.

- Лекин аввал олийгоҳга кириш учун пул тўлаш керак. Хар бир имтиҳон учун камида уч юз, беш юз доллар бериш лозим, - дейди Шерали исмли талаба.

Бундан ташқари, Шералининг айтишича, воситачи ҳам ўзининг ҳақини олади.

Талаба йигит-қизларнинг гувоҳлик беришларича, муаммо бу билан тугамайди. Талаба ўқишни битирди, олий маълумотга эга бўлди, лекин иш йўқ. Иш бўлганда хам, маоши рўзғор тебратиш у ёқда турсин, ҳатто йўлкираю қорин тўйдиришга етмайди. Шунинг учун ҳам ёшлар ўқишни тугатгач, ё мардикорлик қилгани узоқ юртларга кетадилар ёки савдогарлик қилишга мажбур бўладилар.

- Аёл ёки энди олийгоҳни тугатган қиз бўлса, мактабда ишлаши мумкин ва шу ойликка чидаса бўлади. Лекин эркак киши мактабда ишлаб туриб, битта ўқитувчилик касби билан оилани умуман боқолмайди, - дейди университетни тугатган Мунирахон.

Ўз касбини ташлаб бошқа ишга ўтиб кетган Муроджоннинг айтишича, ўқитувчилик илгаригидек шарафли касб эмас.

- Мен нима учун мактабдан кетдим? Биринчидан, ойлиги паст. Иккинчидан, ойлик ўз вақтида берилмайди. Бугун мактабларга бориб кўринг. Мактабни битирган ўқувчилар дарс беришмоқда. Уларда тажриба ҳам йўқ, педагогик малака ҳам йўқ. Мана шуларни кўриб, дипломсиз, малакасиз, ўз фанини чуқур билмаган ўқитувчилар ҳозирги ёш авлодни қандай тарбия қилаётганликларини ҳечам тушунолмаяпман, - дейди Муроджон.

Таҳлилчи Музаффар Алиевнинг сўзларига кўра, агар мамлакатда коррупция йўқ қилинмас экан, билимли ва лаёқатли ёшлар ҳеч қачон жамиятда ўз ўрнини топа олмайди ва ўзга мамлакатларга кетишга мажбур бўлаверади.

- Бугунги кунда коррупция жамият ҳаётига шундай чуқур илдиз отдики, гўё биз ҳаётимизни коррупциясиз тасаввур қила олмаймиз. Инчунин, бу ёшларнинг таълим олишига ҳам боғлиқ. Коррупциянинг бевосита таъсири натижасида олий ўқув юртлари чиқараётган кадрларнинг билими ўрта махсус билим юртини тугатган талабалар даражасидан нарига ўтмайди, - дейди таҳлилчи.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда қарийб бир миллион тожикистонлик ўзга мамлакатларга мардикорликка кетган. Бугунги кунда биргина Россияда икки миллионга яқин тожикистонликлар мардикорлик қилмоқда. Уларнинг 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG