Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:20

Таҳрир майдонида тўқнашувлар давом этмоқда


Таҳрир майдони. 3 феврал.
Таҳрир майдони. 3 феврал.

Миср президенти Ҳусни Муборак истеъфоси талаби билан Қоҳиранинг марказий хиëбонида 10 кундан бери намойиш ўтказаётган мухолифат тарафдорлари ва муборакпарастлар ўртасида 3 феврал куни яна тўқнашувлар юз берди. Бир кун олдин томонлар бир-бирин тошбўрон қилгани оқибатида беш киши нобуд бўлгани, юзлаб одам жароҳатланган эди.

Миср пойтахти Қоҳиранинг Таҳрир майдонида 3 феврал куни армия аскарлари президент Ҳусни Муборак тарафдорлари ва унинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчиларни ажратишга уринганига қарамай, томонлар бир-бирини яна тошбўрон қилди.

Миср президенти тарафдорлари ва намойишчилар ўртасидаги қарама-қаршилик 2 феврал куни туя ва отлар минган Муборакнинг тарафдорлари Таҳрир майдонида намойишчиларга ҳужум қилганидан кейин бошланган эди. Расмийларга кўра, қарама-қаршилик давомида беш киши нобуд бўлган.

Намойишчилар тунда содир бўлган отишмалар учун президент тарафдорлари ва формасиз полициячиларни айблади.

Бош вазир Аҳмад Шафиқ содир бўлган зўравонликлар учун узр сўради ва воқеа юзасидан текширув ўтказишни ваъда қилди.

- Мен бу воқеа назардан четда қолмаслигига ваъда бераман ва қатъий таъкидлайман. Таҳрир майдонига кирганлар ким ва буни ким режалаган? Агар бу режаланмаган бўлса, майдонда уларни ким бошқарган?, - деди Миср Бош вазири.

Аҳмад Шафиқ мухолифат лидерларини музокарага таклиф қилди. Бироқ таниқли мухолифат раҳбари Муҳаммад Эл Барадей ва “Мусулмон биродарлиги” ташкилоти музокараларнинг фақат Муборак президентликдан кетганидан сўнггина бошланишини таъкидламоқда.

1 феврал куни халққа қилган мурожаатида Ҳусни Муборак сентябр ойида президентлик муддати тугаганидан кейин ҳокимиятга бошқа даъво қилмаслигини билдирди. Айни пайтда Европа Иттифоқи ва АҚШ Мисрда ҳокимиятни тинч йўл орқали топшириш жараёни ҳозир бошланиши кераклигини айтди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Миср вице-президенти Умар Сулаймон билан телефон орқали мулоқоти чоғида зўравонликларни қоралаб¸ қарама-қаршилик учун масъул шахсларни жавобгарликка тортишга ундади.

Оқ Уй Мисрда ҳокимият тинч йўл орқали ўзгаришига имконият яратиш учун зўравонликлар тўхтатилиши кераклигини айтди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун юзага келган вазият қабул қилиб бўлмас эканини айтди.

- Мисрда давом этаётган зўравонликлар мени жиддий ташвишга солмоқда. Мен барча томонларни яна бир марта оғир босиқ бўлишга чақираман. Содир бўлаётган воқеалар қабул қилиб бўлмас ҳол. Тинч намойишчиларга қарши ҳар қандай ҳужум қабул қилиб бўлмас ҳол ва мен буни кескин қоралайман, дея баёнот берди БМТ Бош Котиби Бан Ки Мун.

Айни пайтда¸ ўн кундан бери давом этаëтган тартибсизликлар мамлакат иқтисодиётига зарар етказмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Миср ҳукуматининг беш кун давомида интернет хизматларини чеклаб қўйгани мамлакатга 90 миллион долларлик зарар етказганини билдирди.

Ташкилот матбуот котиби интернет хизматларининг узоқ муддат чекланиши катта миқдорда моддий зарар келтириши баробарида мамлакатга хориж ширкатларини жалб қилишни қийинлаштиришидан ҳам огоҳлантирди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотига кўра, Мисрда телефон ва интернет хизматларидан келадиган даромад мамлакат ялпи маҳсулоти ҳажмининг 3 – 4 фоизини ташкил қилади.

Айни пайтда¸ АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроулей Мисрда халқаро журналистларга бўлаëтган ҳужумларни қоралади.

- Қоҳирада халқаро журналистларни қўрқитиш ва улар фаолиятига аралашиш кампанияси олиб борилмоқда. Биз бундай хатти-ҳаракатларни қоралаймиз, деди Давлат департаменти расмийси.

Бошқа хориж давлатлари раҳбарлари ҳамда Германия, Испания, Италия ва Фарнциядаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Мисрда мухбирлар ва фотосуратчиларга қарши ҳужумлар қилингани, таҳқирланганини қораладилар.
XS
SM
MD
LG