Линклар

Мисрда президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб этаётган мухолиф гуруҳлар бугун мамлакат бўйлаб энг йирик норозилик намойишини бошлади. Мухолифат бугунги тадбирнинг Муборак учун ҳайдалиш куни бўлишига умид қилмоқда.


Жума куни Муборак учун сўнг кун бўлажак ва у шу куни ҳокимиятдан ҳайдалажак¸ демоқда 4 феврал куни Қоҳиранинг Таҳрир майдонига чиққан юз минглаб мисрликлар.

Уларга мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Искандариядаги юз минглаб норозилар ҳам қўшилди. Ҳозирча тинч ўтаëтган жума намойишларидаги асосий талаб 30 йилдан буëн Мисрни бошқариб келаëтган Ҳусни Муборакни истеъфога кетишга мажбурлашдир.



Айни пайтда Миср президенти Ҳусни Муборак президентликдан ҳозироқ кетишга тайёрлигини, лекин буни ҳозир қилса¸ мамлакат бошбошдоқликка юз тутиши мумкинлигидан хавфсираётганини айтди.

Мисрда норозиликлар бошланганидан буён ABC News каналига берган ўзининг илк интервюсида Ҳусни Муборак лавозимидан ҳозир истеъфо бергани тақдирда “Мусулмон биродарлиги” исломий ҳаракати мамлакатда юзага келган сиёсий бўшлиқдан фойдаланиб, ҳокимиятга келишидан хавотирда эканини билдирди.

ABC News мухбири билан суҳбатда Муборак лавозимидан кетгани тақдирда ҳам мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини яна такрорлади.

- Бу менинг ватаним. Шу тупроқда ўламан, - дея таъкидлади Муборак.

Суҳбат чоғида Ҳусни Муборак, шунингдек, Мисрда рўй берган сўнгги тўқнашувларни унинг тарфдорлари уюштиргани борасидаги айбловларни рад этди.

- Мисрликлар мисрликлар билан олишаётганини кўриш мен учун жуда оғир, - деди Муборак.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, чоршанба куни Қоҳирада бошланган зўравонликлар оқибатида саккиз одам ҳалок бўлган, мингга яқин одам жароҳатланган.

82 яшар Муборак Мисрни 30 йилдан бери идора этиб келади. Сентябр ойида бўладиган сайловларда у олтинчи марта номзодини қўйишни режалаётган эди. Аммо сешанба кунги мурожаатида Муборак ҳозирги президентлик муддати охиргиси бўлиши, мамлакатда барқарорликни тиклаш ва қонуний президентлик алмашинувини амалга ошириш учун сентябр ойига қадар президентликда қолишини билдирган эди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Миср ҳукуматини демократик ўзгаришлар борасида мухолифат билан мулоқотга киришишга чақирди. Клинтон Миср вице-президенти Умар Сулаймоннинг мухолифат билан мулоқот ўтказиш ҳақидаги ваъдаларини етарли эмас, дея баҳолади.

Миср вице-президенти Сулаймон эркин ва адолатли сайловлар ўтказилиши кераклиги ҳақида гапирди.

- Бу муҳим. Мен ҳукуматни ҳамда Миср мухолифатининг чинакам вакиллари, фуқаролик жамияти ва сиёсий фракцияларни тинч, тартибли ҳокимият алмашинуви бўйича жиддий музокалараларни бошлашга чақираман, - деди Клинтон.

Ўз баёнотида АҚШ Давлат котиби Қоҳирадаги зўравонлик амаллари, жумладан, журналистларга қилинган ҳужумларни қоралади.

Мисрдан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Ҳусни Муборак тарафдорлари Қоҳира марказида грек журналистини пичоқлаб яралаганлар. CNN телеканали тасвирчилари гуруҳи калтакланган. Миср хавфсизлик хизматлари Қоҳирада ишлаётган The New York Times ҳамда Washington Post мухбирларини ушлаб туриб кейин қўйиб юборганлар. Швециянинг SVT телеканали мухбири олиб қочилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG