Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

Москвада "ҳужра"чиликда айбланаëтган шахс ҳибсга олинди


Миграция хизмати биносида милиция томонидан қўлга олинган бухоролик қочқин тақдирини эндиликда Россия Бош прокуратураси ҳал этади.
Миграция хизмати биносида милиция томонидан қўлга олинган бухоролик қочқин тақдирини эндиликда Россия Бош прокуратураси ҳал этади.

Москвадаги Миграция хизмати бўлимларидан бирида қўлга олинган бухоролик Абдусами Раҳмонов¸ Ўзбекистонда “Ҳужра” диний ташкилотини тузганликда айбланиб қамалган оиланинг қочқинликдаги аъзоси ва Тошкент Москвадан унинг экстрадициясини сўрамоқда.

Москванинг Кирпичная кўчасида жойлашган Федерал миграция хизмати биносида Москва Жиноят-қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқароси Абдусами Раҳмонов қўлга олинди.

2010 йилнинг сентябр ойида Озодлик билан суҳбатда Абдусами Раҳмонов 2000 йилдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тинимсиз таъқиб этилаётганини айтган эди.

- Мен ўзи Россияга сезон қурилиш ишларига келиб тураман. Мақсад – пул ишлаб, тирикчилигимни йўлга қўйиш, уйланиш эди. Бу ерга келганимдан кейин мани укам Раҳмонов Ҳумоюнни “Ҳужра” диний мактабини ташкил этиш ва шуни аъзоси сифатида ҳибсга олишганини эшитиб қолдим. Ҳеч қандай суднинг қарорисиз. Лекин мен бу нарсалардан жуда узоқдаман. Мен адолат қарор топишини истайман. Суддан қўрқмайман, чунки айбим йўқ. Лекин ноҳақ суддан қўрқаман, деган эди ҳисбга олинишидан бир неча ой олдин бухоролик Абдусами Раҳмонов.

Раҳмоновнинг ҳибсга олиниши ҳақида хабар берган Москвадаги Сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроевга кўра, Ўзбекистонда Абдусами Раҳмоновнинг оила аъзолари “Ҳужра” диний ташкилотини тузганликда айбланиб аллақачон узоқ муддатларга қамалган.

Бухоролик бу йигит Ўзбекистон Жиноий Кодекси 159-моддасининг 3-банди -Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва 244.1 моддасининг 3-банди - жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда ва Тошкент томонидан 2010 йилнинг октябрида халқаро қидирувга берилган.

“Шу сабабли, - дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев,- Ўзбекистон махфий хизматлари Абдусами Раҳмоновни Россиядан Ўзбекистонга олиб кетиб, уни ҳам экстремизмда айблаб қамоққа ташламоқчи”.

- Кеча оқшом асли Бухорода туғилиб катта бўлган Раҳмонов Абдусами қўлга олинди. Унинг укалари, қариндош уруғларидан бир нечтасини устидан жиноий иш очилиб суд ҳукм чиқарган, 6 йилдан жазо олган. Суд уларни асосан диний экстремизмда айблаган, лекин бу Ўзбекистон учун ҳамма нарсага бир баҳона¸ бу айблов одамларни қамаш ва ёшларни қўрқитиш учун тўқиб чиқилган иш, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, Раҳмонов Москванинг Шарқий округидаги Миграция хизматига бошпана излаб мурожаат қилганига қарамасдан, шу идора биноси олдида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

- Ҳозирги кунда Измайлово прокуратураси бу иш билан шуғулланаяпти. Бир нечта инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Мемориал ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина ва мен шахсан бу иш билан шуғулланаяпмиз. Албатта ¸ унинг сиёсий бошпанага муҳтож эканлигини барча ташкилотлар билади.

Лекин Москвада бу биринчи қамашлар эмас. Бир нечта бундай ҳолатлар бўлиб ўтди. Ҳозир мен Измайлово прокуратурасига бориб унга кафолат беришга тайёрман. Бундай ҳолатлар бутун Россияда - Бошқирдистон, Татаристон ва бошқа ўлкаларда Ўзбекистон фуқароларини, асосан ёшларни диний экстремизмда айблаб ҳибсга олишлар кўп. Абдусами Раҳмоновга ҳозир жиддий айбловлар қўйилган. Уни Ўзбекистонга бериб юборса¸ мен аминманки, Ўзбекистон ҳукумати унинг устидан ишларни сохталаштириб камида 15-20 йилга озодликдан маҳрум қилиши мумкин, дейди Сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев.

Акасининг қўлга олинганини Мемориал ходимларидан эшитган Саидбек Раҳмонов Абдусамининг нима сабабдан қўлга олинганини билмаслигини айтади.

- Кеча акам билан эрталаб учрашган эдик “ФМСга боришим керак, статус бўйича чақиртирди”, дедилар. Соат 11 ларда чамамда кетган, ўша ерда қўлга олишган. Бу нима айб билан, нима сабабдан қўлга олишганини билмайман. Ўзи хавотирда турибмиз, билмаймиз нима қилишни. Ўзбекистондан запросми, шу ернинг ишими, билмаймиз... Шу вазиятда жуда ҳам инсон ҳуқуқларини поймол қилиш бўляптида. Чунки умуман айбсиз одамни биргина бир бошқача фикрлагани учун давлатма-давлат таъқиб қилиш яхши иш эмас, дейди ҳибсхонада сақланаëтган Абдусами Раҳмоновнинг укаси Саидбек.

Ҳибсга олинган Абдусами Раҳмоновнинг ишини кўриб чиқаëтган Измайлово прокуратурасининг экстрадиция масалалари билан шуғулланувчи ходими Александр Биковский Раҳмоновнинг Ўзбекистонга берилиш-берилмаслигини Россия Бош прокуратураси ҳал этишини билдирди.

- У Россияда эмас, балки Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир этганликда айбланмоқда. Раҳмонов ҳозир бизда эмас, балки вақтинчалик сақлаш изоляторида. Гап шундаки, бу масала бевосита Россия Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилади ва бериб юбориш-юбормаслик масаласини ҳам улар ҳал этади, деди Раҳмонов иши билан шуғулланаётган Измайлово туман прокуроратураси терговчиси Биковский.

Айни пайтда, бу воқеани кузатиб бораётган “Мемориал” маркази раҳбари Виталий Пономарев¸ Абдусами Раҳмоновнинг тез орада ҳибсдан озод этилишига ишонишини айтади. Ҳуқуқ фаоли Раҳмоновнинг Миграция хизмати воситасида ҳибсга олиниши биринчи маротаба юз бераётганига эътибор қаратади.

- Миграция хизмати томонидан кимнидир ушлаб бериш каби ҳолат биринчи маротаба учраяпти. Улар Раҳмоновга “Сенинг қочқинлик мақоми бериш юзасидан қилган мурожаатингга жавоб келди. Хохласанг почта билан жўнатамиз, ўзинг келсанг янада яхшироқ”, дея алдаб¸ у келиши билан милиция ходимлари қўлга олди. Лекин авваллари бир неча бор 159-модда 3-банди юзасидан Ўзбекистон томонидан қилинган экстрадиция сўровига Россия Бош прокуратураси томонидан рад жавоби берилган, чунки у Россия Жиноят Кодексига мувофиқ эмас. Ишонамизки, бу гал ҳам прокуратура шундай қарор чиқаради, дейди “Мемориал” маркази раҳбари Виталий Пономарев.
XS
SM
MD
LG