Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Мисрда калтакланганлар орасида ўзбеклар ҳам бор


Мисрдаги зўравонликларни асосан полиция кучлари уштираëтгани тахмин қилинмоқда.
Мисрдаги зўравонликларни асосан полиция кучлари уштираëтгани тахмин қилинмоқда.

Президент Муборак тарафдорлари хорижликларни сўнгги кунлардаги тартибсизликлар "айбдорлари" сифатида кўрмоқда. Улар калтаклаган ажнабийлар орасида 3 феврал куни Искандариядан Қоҳирага қараб йўлга чиққан ўзбекистонлик Абдуллоҳ ҳам бор.



Абдуллоҳ Искандариядан Қоҳирага қараб 3 феврал куни аср намози вақтида автобусда йўлга чиқди.

- Шом намозидан ўтганда Қоҳирага кириб бораëтган эдик. Яъни 10 минут қолганда кўчада юрадиган безори болалар мени ва битта мисрликни туширди. У одам ҳам ажнабий экан. Иккита фуқаролиги бор экан. Олмониялик ва мисрлик экан, дейди Абдуллоҳ.

Абдуллоҳ ва у айтаётган Миср ва Германия фуқароси бўлган йигитни автобусдан тушириб бошқа бир машинага ўтқазишади.

14 киши сиғадиган микроавтобус Абдуллоҳга ўхшаган ажнабийлар билан тўлади.

Шундан сўнг:

- Жуда кўпчилик бўлиб, ҳатто томларигача одамлар чиқиб милтиқлар билан, бизни олиб кетди. Олиб кетиб полицияга олиб борди. Полицияга олиб кирганда тепиб-тепиб ўтқизиб, жуда одам кўпайиб кетди. 10 дақиқанинг ичида жуда кўп одам олиб келди. Кўпчилиги иностранлар. Ярим соатча ўтирдик. Кейин мени чақирди ва бошқаларни чақирди. Мен билан бирга тушган олмониялик одамни чақириб, исмларимизни ëзиб, бошқа нарса қилиб, жуда ҳам ҳурматсизлик билан муомала қилишаяпти, дейди Абдуллоҳ.

Абдуллоҳ ва у билан бирга ушланганларни полициячилар Мисрнинг бошқа бир хавфсизлик идорасига топширади.

Бу идорада яна "кимсан, нимасан" қабилида сўроқ-савол.

- Булар иностранларга сабабчи қилиб назарда қарашаяпти, дейди Абдуллоҳ.

Лекин охир-оқибат Абдуллоҳни кечқурун соат 9 ларга бориб қўйиб юборишди.

Абдуллоҳнинг фикрича, полицияга ёрдам берган бўлиб ажнабийларни тутиб бераётганлар

- Муборак тарафдорлари. Чунки мени ушлаган вақтида ҳам менга “Сен Ихвонул муслимин. Сен ихвонлардансан” деб нима қилган эди, “Йўқ, йўқ”, мен шунча гаплашиб ишонтира олмадим, умуман ишонмаяпти, дейди Абдуллоҳ.

"Ихволин муслимин" – Мисрда тақиқланган "Мусулмон биродарлиги" ташкилотидир.

Мисрда қанча ўзбекистонлик борлиги тўғрисида расмий маълумот тополмадик.

Бу саволга жавоб олиш учун Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси билан боғланишнинг имкони бўлмади – элчихонада телефонни биров кўтармади.

Қоҳирада яшаётган, исмини айтмаслигимизни сўраган бир ўзбекистонликнинг айтишича:

- Ҳисоб чиқмаган, лекин 700 атрофида ўйнайди. 700дан ошади, камаяди, 700 атрофида, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган бир ўзбекистонлик.

Мисрдаги ўзбекистонликларнинг аксарияти талабалардир.

Тартибсизликлар бошланганидан бери қатор давлатлар Мисрда ўқиётган ва бу мамлакат курортларида дам олаётган фуқароларини олиб чиқиб кетмоқда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Малайзия 1000та талабасини олиб чиқиб кетди”.

Норасмий маълумотларга қараганда, куни кеча Ўзбекистон ҳукумати ҳам Мисрдан ўз фуқароларидан 100 дан зиёдини олиб чиқиб кетган.

Лекин бу ҳақда Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари хабар қилмади. Бу агентликлар сайтларида умуман Мисрдаги воқеалар тўғрисида гап йўқ.

Биз маълумот сўраб Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдик ва "10 дақиқадан кейин қўнғироқ қилинг", деган жавобни олдик.

10 дақиқадан кейин ҳам, 20 дақиқадан кейин ҳам қўнғироғимизга биров жавоб бермади.

Искандариядан Қоҳирага келаётганида қўлга олинган ўзбекистонлик Абдуллоҳ бир неча кундан буён давом этаётган тартибсизликларнинг айбдорлари сифатида кўрилаётган ягона чет эллик эмас.

Айниқса, хорижий журналистлар Ҳусни Муборак тарафдорларининг асосий нишонига айланиб қолди. Сўнгги хабарларга қараганда, Қоҳира марказида грек журналистини пичоқлаб яралаганлар.

CNN телеканали тасвирчилари гуруҳи калтакланган. Миср хавфсизлик ҳизматлари Қоҳирада ишлаётган The New York Times ҳамда Washington Post мухбирларини ушлаб туриб кейин қўйиб юборганлар.

Швециянинг SVT телеканали мухбири олиб қочилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Пайшанба куни Қоҳира марказида Чехия телевидениеси мухбирларини полиция ушлади.

Ва ниҳоят, тинглаётганингиз хабарларимиз эфирга тайёрланаётган соатда Қоҳирадаги ўзбекистонлик бир йигит талабалар ётоқхонасига ҳужум бўлгани тўғрисида хабар қилди.
XS
SM
MD
LG