Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Мисрда оммавий намойишлар давом этмоқда


Қоҳира, 2011 йил 4 феврал
Қоҳира, 2011 йил 4 феврал

Миллионлаб мисрликлар президент Ҳусни Муборакнинг дарҳол истеъфога чиқиши талаби билан “Ҳайдалиш куни” номи остида 4 феврал куни мамлакат бўйлаб ўтказилаётган намойишларга қўшилди.

Пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдони ва унга туташ кўчаларга юз минглаб фуқаро тўпланган. Айни пайтда Искандария шаҳрида ҳам ўн минглаб одам норозилик намойиши ўтказмоқда.

Мисрнинг собиқ Ташқи ишлар вазири, ҳозирда Араб лигаси Бош котиби Амр Муса ҳам Таҳрир майдонидаги намойишчиларга қўшилди.

Ундан олдин Франция радиосига интервю берган Амр Муса муваққат ҳукумат аъзоси бўлиши ёки президентликка ўз номзодини қўйишини эҳтимолдан соқит қилмади.

4 феврал куни Таҳрир майдони атрофида президент Ҳусни Муборак тарафдорлари ва намойишчилар бир-бирини яна тошбўрон қилгани хабар қилинди.

Миср жанубидаги Луксор, шунингдек, Нил дарёси бўйида жойлашган Мансура ва Маҳалла шаҳарларида ўн минглаб намойишчи президент истеъфосини талаб қилдилар.

Ассиут, Менуфия ва Суез шаҳарларида кичикроқ намойишлар бўлди.

Пайшанба куни АҚШ телевидениесига интервю берган Ҳусни Муборак президентлик лавозимини тарк этиши мумкинлигини аммо истеъфосидан кейин мамлакат бўйлаб тартибсизлик юзага келиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

4 феврал куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Миср ҳукуматини ўтиш жараёнини “дарҳол” бошлашга чақирди.

- Бу жараён Миср халқига ўз хоҳиш иродасини эркин, адолатли ва шаффоф сайлов орқали имкон қадар тез фурсатда ифода этишга имконият яратиши керак. Ўз навбатида бу масъул, самарали ва халққа ҳисоб берадиган бошқарув тизими яратишга йўл очади. Бу жараён ҳозир дарҳол бошланиши керак, деди БМТ Бош котиби.

Айни пайтда Оқ Уй Миср расмийлари билан ҳокимият тинч алмашинувининг “турли йўллари” борасида сўзлашувлар олиб борилаётганини билдирди.

Мисрдаги сиёсий воқеалар Европа давлатлари раҳбарлари саммитининг асосий мавзуи бўлди.

4 феврал куни Брюсселда Британия Бош вазири Дэвид Камерон Европа Иттифоқи раҳбарлари саммити бошланиши арафасида журналистларга Мисрда ҳокимият тинч алмашиши учун расмийлар керакли чоралар кўриши кераклигини айтди.

- Ҳокимият алмашиши учун аниқ, ишончли, шаффоф йўл борлигини кўрсатиш учун Мисрда чоралар кўрилиши кераклигини биз аниқ ва равшан айтиб келяпмиз. Очиғини айтганда, ҳозирга қадар кўрилган чоралар Миср халқининг хоҳиш иродасига жавоб бераётгани йўқ, дея баёнот берди Британия Бош вазири.

Мисрдаги сиёсий воқеаларни ёритаётган хориж мухбирларида қарши ҳужумлар ва уларни ҳибсга олишлар давом этмоқда. 4 феврал куни Қоҳирада Озодлик мухбирлари ҳибсга олинди. Британия фуқаролари бўлган Роберт Таит ва Абдуллоҳ Нуайми Мисрдаги сиёсий воқеаларни ёритиш учун Қоҳирага етиб бориши ҳамоно қўлга олинди.

Араб тилидаги машҳур “Al-Jazeera” телеканали эълон қилган баёнотда 4 феврал куни телеканалнинг Қоҳирадаги идорасига ҳужум уюштирилгани билдирилган.

Шу куни Париждаги Миср элчихонаси олдида Мисрда хориж ахборот воситалари журналистларига ҳужумлар уюштирилаётганига қарши норозилий акцияси бўлди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти раҳбари Жан-Франкоис Жиллиард Ройтер мухбири билан суҳбатда Мисрда журналистларга бўлаётган ҳужумларни қоралади.

- Биз Мисрдаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни қоралаймиз. Ҳар бир журналист, хорижлик ёки мисрлик ҳар бир журналист ҳужумга учради, уларни ўлдиришга таҳдид қилишди, айрим журналистлар яраланди. Бугунги кунда Мисрда журналист сифатида ишлаш имконсиз. Бизнингча, журналистларнинг овозини ўчириш ва Мисрда сўз эркинлигини бўғиш учун Миср ҳукумати бор имкониятни ишга солмоқда, деди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти раҳбари Жан-Франкоис Жиллиард.
XS
SM
MD
LG