Линклар

Тожикистонда "Ислом маърифати" тақиқланди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик ўқувчиларнинг масжидларга қатнаши кўпайгани ҳам мактабларда "Ислом маърифати" дарсларининг таъқиқланишига сабаб бўлган.

Тожикистонлик ўқувчиларнинг масжидларга қатнаши кўпайгани ҳам мактабларда "Ислом маърифати" дарсларининг таъқиқланишига сабаб бўлган.

Тожикистон мактабларида Таълим вазирлигининг қарорига мувофиқ 2011 ва 2012 ўқув йилида “Ислом маърифати” дарслари олиб ташланди. Тожик расмийлари бунинг сабабини бу фан замонавий жамият талабларига мос келмаслиги билан изоҳламоқдалар.

Тожикистон Таълим вазирлиги расмийси Ноилшоҳ Нуралиевнинг билдиришича, республика мактабларида “Ислом маърифати” дарсларининг олиб ташланишига оид қарор шу йил 26 январ куни вазир Абдужаббор Раҳмонов ва вазирликнинг маслаҳатчилар ҳайъати томонидан қабул қилинган.

- Дарсларни замонавий жамият талабларига мослаштириш мақсадида “Ислом маърифати” фани ўқув программасидан олиб қўйилди. Бунинг ўрнига ўқув программасида “Тожик халқи тарихи” дарси бир соатга узайтирилди, - дея билдирди Ноилшоҳ Нуралиев.

Нуралиев жаноблари фикрича, Ислом асосларидан сабоқ олишни истаган ёшлар мадрасаларда таълим олишлари мумкин.

Шу ўринда айтиб ўтсак, “Ислом маърифати” дарсларини мактабларда жорий қилиш қарори 2009 йил, яъни мамлакатда “Имом Аъзам йили” нишонланаётган бир пайтда давлат раҳбари Имомали Раҳмон таклифи билан қабул қилинганди.

Ўшанда Раҳмон жаноблари мактаб таълим дастурларида ислоҳот ўтказиш ва уларни ҳанафий мазҳаби таълимотига мослаштириш таклифини ўртага ташлаган эди.

Ўз навбатида республика дин уламолари ва соҳа бўйича кузатувчилар бу таклифни қувватлаган эдилар.

“Ислом маърифати” дарси тожик мактабларида 2010 ўқув йили бошидан жорий этилиб, 8 синфда ҳафтада бир марта ўтилаётганди.

Ўша қисқа вақт орасида “Ислом маърифати” дарслиги ҳам ёзилди.

Бироқ бу янги дарслик республика мактабларининг кўпига етиб бормай, Ислом дарслари олиб ташланди.

Душанбедаги Садриддин Айний номидаги педагогика унверситети талабаларига ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб келаётган Саломат Имомбердиева “Ислом маърифати” дарслигига тақриз ёзганлардан биридир.

- Тамоман у муллаликка тайёрлайдиган китобда. Биз “бу умуман мактаб программасига, давлат мактабига тўғри келмайди”, деб тақриз ёзиб бердик. Тўғри келмаслиги қайси жиҳатдан, масалан, давлат мактабида шуни давлат ишларига, давлатнинг сиёсатига қарши қўймасдан тўғри таълим бера оладиган мутахасис йўқ, - дейди унверситет ўқтувчиси Саломатхон.

“Ислом маърифати” фанининг ўқув программасидан олиб ташланишини айрим дин уламолари ва соҳа таҳлилчилари динга бўлган босимнинг янгича кўриниши сифатида баҳоламоқда.

Педагог Саломат Имомбердиева бу фикрларни қисман қувватлашини айтар экан, қуйидагиларни қўшимча қилди.

- Баъзи мактабларда ўқувчилар ёппасига масжидга борадиган бўлиб қолди-да. Ҳозир масжид масаласиниям қаттиқ ушлаяпти-ку, - дейди суҳбатдошимиз.

Аснода Таълим вазирлигининг сўнгги қароридан кўпчилик норози экани кузатилади.

- Мактабларда “Ислом маърифати” дарсларини олиб ташлагани яхши иш бўлмабди. Чунки болаларимизни болаликдан Ислом динимиз, мазҳабимиз ва пайғамбаримиз билан таништириб улғайтирсак яхши бўларди. Ҳар ҳолда биз мусулмонмиз ва бошқаларга қараганда ўз динимизни яхшироқ билишимиз керак, - дейди Рудакий туманилик тўрт фарзанднинг онаси Саодат Каримова.

Айтиш жоизки, шу кунларда “Фарзандлар тарбиясида ота - онанинг масъулияти” тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси республика аҳолиси муҳокамасига қўйилган.

Мазкур ҳужжатда мактаб ўқувчиларининг масжидларга бориши, уй шароитида диний таълим олиши, қизларнинг эса мактабга ҳижобда келиши таъқиқланган.

“Агар бу қонун лойиҳаси шу тарзда қабул қилинса, жамиятда диний радикаллашув жараёнининг жонланишига туртки бўлиши мумкин”, дея мулоҳаза юритишмоқда таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG