Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:44

Мисрда мухолифат вакиллари расмийлар билан музокара ўтказмоқчи


Мисрда Мусулмон биродарлиги ҳаракати мамлакатдаги сиёсий бўҳронга чек қўйиш учун бугун иқтидордаги расмийлар билан мулоқот бошлаш ниятида. Ташкилот вакили музокаралар Миср вице-президенти Умар Сулаймон билан бўлиб ўтишини маълум қилди.

Аввалроқ бундай музокара аллақачон бошлангани ҳақида хабар қилинганди.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонида бўлиб ўтаётган намойишларда шанба куни аввалги кунлардагидан камроқ одам қатнашди. Мухолифат раҳбарлари бундан буён оммавий норозилик намойишлари сешанба ва жума кунлари ўтказилиши ҳамда норозилик чиқишлари президент Муборак истеъфога кетмагунича давом этаверишини билдирмоқдалар.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, 25 январ куни бошланган ва 13 кундан бери давом этаётган сиёсий бўҳрон мамлакатга 3 миллиард доллардан кўпроқ зарар етказган.

Мисрни 30 йилдан бери бошқариб келаётган президент Ҳусни Муборакнинг дарҳол истеъфога чиқиши талаби билан ўн минглаб фуқаро норозилик намойишларини давом эттирар экан, Мисрдан Исроил ва Иорданияга газ етказиб бериш тўхтаб қолди. Бунга 5 феврал куни эрталаб Синай ярим ороли шимолидаги газ терминали портлатгани сабаб бўлди.

Миср расмийлари портлаш Синайнинг Шайх Зувайд минтақасидаги Лихфен шаҳарчасида содир бўлганини билдирди. Бу шаҳар Фаластиннинг Ғазо бўлгасидан 10 километр нарида жойлашган. Миср давлат телевидениеси портлашда хорижлик “террорчилар”ни айблади.

Миср расмийлари портлаш Қоҳирадан 345 километр шимолда жойлашган Ал-Ариш шаҳридаги Иорданияга газ етказиб берадиган асосий станцияга таъсир этганини билдирди.

5 феврал куни президент Ҳусни Муборак ўз ҳукуматининг иқтисодиёт учун масъул бўлган вазирлари, жумладан, Бош вазир, молия, нефт, савдо ва саноат вазирлари билан учрашди. Йиғилишда марказий банк раиси ҳам иштирок этди.

Президент Ҳусни Муборак намойишчиларнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини беписанд қолдирмоқда.

Мисрдаги сиёсий воқеалар мамлакатнинг минтақадаги энг йирик савдо ҳамкори бўлган Исроилни ташвишга солмоқда. Тел Авив расмийларини Мисрда ҳокимият алмашиши минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир этиши мумкинлигиган хавотирланмоқда.

Истеъфога чиқиш борасида босимлар кучайишига қарамай, Муборак ҳокимиятни топширишига ишора қилаётгани йўқ.

Мисрдаги намойиш ташкилотчиларидан бири бўлган ёшлар фаоли Абдул Раҳмон Юсуф ўзи ва бошқа лидерлар жума куни кечқурун Бош вазир Аҳмад Шафиқ билан учрашганларини айтди.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама ўзини Миср режимидан узоқлаштирмоқда.

4 феврал куни Оқ Уйда Канада Бош вазири Стефен Харпер билан бирга ўтказганган матбуот анжуманида президент Обама Мисрдаги воқеалар “бутун дунё” нигоҳида эканини ва юзага келган сиёсий бўҳронга чек қўйишда ёрдам бериш учун Ҳусни Муборак “тўғри қарор” қабул қилишига умид билдирди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи расмийлари Мисрда сиёсий ўзгариш тезроқ амалга ошишига чақирди.

Мисрдаги сиёсий воқеалар Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик бўйича ўтказилаётган анжуман кун тартибида асосий масалага айланди.

Анжуманда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Мисрда вазият мураккаблашиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.

- Мисрда катта иқтисодий босим юзага келмоқда. Асосий газ қувурлари соботаж қинингани ҳақида хабарлар олинмоқда. Миср ичкариси ва ташқарисида бўлган раҳбарлар назоратидан ташқари жуда кўп хатти-ҳаракатлар амалга ошмоқда, - деди АҚШ Давлат котиби.

Анжуманда АҚШ Давлат котибидан ташқари Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Катерин Эштон, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва бошқа давлатлардан келган юқори лавозимли расмийлар иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG