Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:15

Талкочилар ўзбек экологлари иддаоларини рад этмоқда


Тожикистоннинг "Талко" алюминий ишлаб чиқариш заводи масъуллари мазкур корхона ишлаб чиқариш фаолияти мунтазам назорат остида эканини ва унинг чиқиндилари эса меъёридан ортиқ эмаслигини таъкидлашмоқда.

4 феврал куни кўп сонли журналистларга алюминий заводи биносида матбуот анжумани берган Талко расмийлари корхонадан чиқаётган чиқиндиларни камайтириш мақсадида ўтган йили 6,5 миллиондан зиёдроқ АҚШ доллари миқдорида маблағ сафрланганини маълум қилдилар.

Айтилишича, заводнинг 120 метрлик трубаларининг ҳаммасига чанг тозалагич филтрлар ўрнатилган ва ишлаб чиқариш цехларидаги ускуналар қисман замонавий ускуналарга алмаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти аҳолиси Талко алюминий заводи атроф муҳитни зарарлаётгани ва бутун борлиққа тузатиб бўлмас экологик зарарлар етказаётганидан шикоят қилмоқда.

- Сурхондарёга келиб, ҳар бир инсон билан мулоқотда бўлиб текшириб кўришсин, кейин билади қандай аҳволдалигимизни. Ҳамма ўт, буйрак, жигар, зоп. Ҳаммада шу касаллик. Болаларимизнинг тишлари тўкилиб ётибди, бу ҳам шу алюминий заводнинг таъсири, - дейди ўзини Ойгул деб таништирган дашнободлик суҳбатдошимиз.

Аёл бир вақтлар донғи кетган Дашнобод анорлари алюминий заводидан чиқаётган заҳарлар таъсиридан қуриб йўқ бўлиб кетгани ва бу эса ўзбекистонликлар иқтисодиётига юзлаб минг сўмлик зарарлар етказганидан шикоят қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Талко алюминий корхонаси чиқиндиларидан саломатлиги ва қишлоқ хўжалиги зарар кўраётган Ойгул сингари ўнлаб сурхондарёликлар ўтган йили қатор пикетлар уюштирган эди.

Ўзбекистон экоҳаракати вакиллари эса тожик расмийларини халқаро меъёрларга мувофиқ иш кўрмаётганликда айблаганди.

Аснода Талко алюминий заводи расмийси Нурали Қодиров ўзбекистонликларнинг бу иддаолари асоссизлигини уқтиради.

- Улар “зарар кўраяпмиз”, деб кўп гапиришади, кўп ёзишади. Лекин бунинг ҳаммаси ёлғон. Завод атрофидаги сув, тупроқ ва ҳавогача ҳаммаси назорат қилиб борилади ва зарарлар текширилиб турилади. Тадқиқотларимиз заҳарли чиқиндилар меъёри аввалгига нисбатан камайганини кўрсатаяпти. Бу ҳолатни нафақат биз, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси экспертлари ҳам ҳар доим назорат қилиб туради, тадқиқотлар ўтказади, - дейди Талко расмийси Қодиров.

Тожик расмийси Сурхондарё вилоят аҳолиси ва қишлоқ хўжалигига етказилаётган зарарлардан гапириш мантиқсизлигини қўшимча қилар экан, заводда 13 минг киши меҳнат қилаётгани, завод атрофида эса қирқ тўрт минг одам яшаётганини ва шу кунгача улардан бирортаси заҳарли чиқиндилардан касалманд бўлиб қолгани ёки вафот этгани каби ҳолатлар қайдга олинмаганини таъкидлади.

Шунингдек, Қодиров жаноблари ўтган йил ўрталаридан шу кунгача корхона ишлаб чиқариш системасида халқаро стандартларни жорий қилишга оид иккита махсус дастур йўлга қўйилганини ва келгуси олти ой давомида бу бўйича сертификат олишларини қистириб ўтди.

Ўзбекистон экологлари Талко алюминий заводи чиқиндиларидан пайдо бўлаётган уюмлар йил сайин ортаётганини ва бу эса дарёлар сувининг булғанишига сабаб бўлаётганидан бонг уради.

Ўзбек экологларининг бу даъволарини “сафсата” дер экан, Талко расмийси Қодиров завод йилига юз минг тонна чиқинди чиқараётганини, шундан 90 фоизи қайта ишланаётганини маълум қилди. Талко вакилининг айтишича, завод чиқиндиларининг атиги 15-20 тоннаси ўша чиқинди уюмларига қўшилади, холос. Айни пайтда, Қодировга кўра, бу чиқинди уюмлари тахминан 1,5 миллион тоннани ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG