Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Мисрда ҳукумат ва мухолиф гуруҳлар сўзлашди


Мисрдаги Таҳрир майдони ҳануз норози мисрликлар билан гавжум.
Мисрдаги Таҳрир майдони ҳануз норози мисрликлар билан гавжум.

Мисрда Мусулмонлар биродарлиги вакилларидан иборат мухолиф гуруҳлар ва мамлакат вице-президенти Умар Сулаймон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Айни пайтда мухолифат вакиллари музокара натижаларидан қониқмаганини айтмоқда.

Мисрдаги турли мухолиф гуруҳлар, шу жумладан, Мусулмонлар биродарлиги гуруҳи вакиллари вице-президент Умар Сулаймон билан 13 кундан буён намойишчилар тилга олаётган талабларни бажариш йўлларини муҳокама қилди.

Бу ҳақда Мисрдан олинган маълумотларга кўра, музокараларда Муҳаммад ЭлБарадейни қўллаётган гуруҳлар вакиллари ҳам бор.

Музокаралар ҳақида хабар қилган Al-Jazeera телеканали хабарига кўра, Мусулмонлар биродарлиги ташкилоти амалдаги ҳукуматнинг тинч намойишчилар талаблари диорасида ислоҳотлар ўтказишга мажбур эканини билдирган.

Бугун Мисрдаги Таҳрир майдонида намойишларда иштирок этаётган мусулмон ва насроний диний жамоалар вакиллари намойишлар чоғида қурбон бўлган юртдошлари хотирасига ибодат қилдилар.

Бу маросимларда иштирок этган мисрлик Раъно исмли аёл ягона мақсад йўлида динидан қатъий назар мисрликлар бирлашгани ҳақида сўзлади.

- Мусулмон ёҳуд насроний эканимиздан қатъий назар, менинг фикримча, ҳаммамиз мисрликлармиз. Биз ҳаммамиз ўзгаришлар бўлишини, эркинлик бўлиши ва барча кишилар учун адолат бўлишини истаймиз, деди мисрлик намойишчилардан бири.

Мисрдаги ҳукмрон Миллий Демократик партиянинг юқори ижриоя қўмитаси, жумладан, президент Ҳусни Муборакнинг ўғли Жамол Муборак ҳам истеъфога чиққан эди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Мисрдаги воқеалар бутун минтақа барқарорлигига таъсир қилиши мумкин бўлган жиддий оқибатларга эга экани ҳақида сўзлади.

Хусусан, Яқин Шарқ тинчлик жараёнини тилга олган Бан Ки Мун Мюнҳен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишлаб ўтаётган халқаро анжуманда Миср етакчиларини тинчликни сақлашга чақирди.

- Биринчидан, Миср етакчиларининг ўз халқи талабларига қулоқ тутиши жуда муҳимдир ва халқаро ҳамжамият вакиллари ҳам вазиятнинг изга тушиши ҳамда тинчлик ва барқарорлик тикланишини кўриш истагини билдирган, деди БМТ Бош котиби.

АҚШ президенти Барак Обама эса Германия, Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари етакчиларини Мисрдаги вазиятни муҳокама қилиш учун сўзлашувга чақирди.

АҚШда Оқ уй маъмурияти учрашувлар олдидан Обама ўртага ташламоқчи бўлган масалаларга оид хабарнома эълон қилди ва унда айтилишича, Обама Ҳусни Муборакка тинч йўл билан мамлакатда ҳокмимият алмашинувини таъминлаш ва бунда халқ истакларини инобатга олиш зарурлигини яна бир бора эслатган.

Шунингдек, АҚШ президенти воқеалар чоғида журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига ҳужум қилинганидан жиддий хавотир билдирган.

Шанба куни АҚШ нинг бир неча штатларида Мисрда тинч норозилик намойишларини ўтказаётган халқни қувватлаб, намойишлар бўлиб ўтди.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонида эса ҳануз минглаб норозилар намойиши давом этмоқда. Майдон теграсида ҳарбийлар ҳалқаси кучайтирилган тартибда қолаётгани хабар қилинмоқда.

6 феврал куни Миср расмий телевиденеси орқали намойишчиларга мурожаат қилинди ва улардан душанба кунидан бошлаб намойишларни тўхтатиб, оддий ҳаёт тарзи ҳамда ишхоналарига қайтиш сўралди.

Якшанба кунидан мамлакат бўйлаб банклар фаолияти ҳам тиклана бошлагани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG