Линклар

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Ҳожия Фахриддинова 15 суткага ҳибс этилди. Маълумотларга кўра, у милиция ходимларини ҳақорат қилганликда айбланмоқда. Аёлнинг яқинлари милиция ходимларининг иддаоларини рад этмоқда.

Ҳибс этилган Ҳожия Фахриддинованинг турмуш ўртоғи Фаҳмиддин Фахриддиновга кўра, 3 феврал куни эрталаб Зангиота туманидаги “Тутзор” маҳалласидаги унинг уйига милиция ходимлари тинтув қилиш учун келишган.

- Мен шаҳарда иш билан юрган эдим. 8.50 ларда уйдан телефон бўлди. Олсам, аёлим: “Қаердасиз? Тез етиб келинг. Мени олиб кетишмоқчи”, деди. Кўпчилик бўлиб мелисалар келишибди. Кейин қўшнилардан билсам, ўн бештача одам, учта машинада келган экан. Хуллас, “бўпти, ҳозир бораман” дедим. Бирпас туриб, ўн-ўн беш минутлардан кейин яна телефон бўлди. “Уже олиб кетишаяпти. Тинтув қилишаётган эди. "Тинтув қилишга нима ҳаққингиз бор, қўлингизда хужжат бўлмаганидан кейин?" деганимдан кейин тўхтатишди. Энди олиб кетишаяпти” деди, - дея турмуш ўртоғининг сўзларини айтади Фахмиддин Фахриддинов.

3 феврал куни ўз уйидан Ҳожия Фахриддиновага қўшиб унинг 16 ёшли ногирон қизи Озодани ҳам милиция ходимлари Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб кетишган. Ногирон қизни Фаҳмиддин Фахриддинов бошқармага етиб боргандан сўнг отасига топширишган.

Фаҳмиддин акага кўра, милиция ходимлари даставвал унинг аёли ярим соатда чиқишини айтиб ишонтиришган. Кечки пайтга яқин эса Юнусобод жиноий ишлар суди Ҳожия Фахриддинова иши бўйича қарор чиқарган.

- “Ие, қанақа суд?” десам, “мен мелисаларга бақирган эмишман” дейди. ”Бақирганмидинг?” десам, “Йўқ, бақирганим йўқ. Шунақа деб ГУВДдагилар ёзиб беришибди” дейди. Судга олиб бориб келишди, мени киргизишмади. “Уйдан ўтирган бўлса, қандай қилиб бақиради? Уйга кириб келишган бўлса", десам, - дея гапиради 15 суткага ҳибс этилган Ҳожия Фахриддинованинг турмуш ўртоғи Фаҳмиддин ака.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг тергов изоляторида сақланаётган 45 ёшли Ҳожия Фахриддинованинг терговчиси ким эканлиги шу пайтгача номаълум.

- Ҳар куни бориб қатнайман ГУВДга. На терговчисининг фамилиясини айтади, на унга иссиқ овқат олади, на иссиқ кийим олади. Ҳеч нарсадан бехабар ўтирибмиз хозир, - деди Хожия опанинг турмуш ўртоғи.

Фахмиддин ака ўз аёлини ибодатда бўлганлигини, рўмол ўрашини айтади. Ҳожия опа қизи ногирон бўлиб қолганидан сўнг қизига шифо сўраб, рўмолга кирган экан ва намоз ўқиб юрган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Ўзбекистонда тинтувлар ва ҳибсга олишлар аксар холларда диндорларга нисбатан ўтказилмоқда.

- Энди буларнинг ҳаммаси компьютерда учётдан ўтган. Мана, Ҳожия агар олсангиз, 2000 йилдан бери рўйхатга олинган. Ҳар 10 кунда милиция РОВДсига бориб, қўл қўйиб келиши керак. Аёл намозхон аёл, рўмолда юради, ҳеч қаерда ишламайди. Ногирон қизига қараб ўтиради. Мен ўйлайманки, бу балки Фахриддиновлар оиласининг кўпи намозхон, диндорлар. Шунинг учун бўлса керак, - деди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ҳожия Фахриддинова тошкентлик таниқли имом Руҳиддин Фаҳриддиновнинг келинойиси бўлади. Руҳиддин Фахриддинов 2006 йилда 17 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Айни пайтда 15 суткага қамалган Хожия Фахриддинова 18 феврал куни ҳибсдан озод этилиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG