Линклар

Қозоғистонда президентликка номзод кўрсатиш бошланди


Кузатувчилар жорий йилнинг 3 апрелига белгиланган муддатдан олдинги президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг ғалаба қозонишига шубҳа қилмаяптилар.

Кузатувчилар жорий йилнинг 3 апрелига белгиланган муддатдан олдинги президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг ғалаба қозонишига шубҳа қилмаяптилар.

Жорий йилнинг 3 апрелида ўтказилиши мўлжалланган муддатдан аввалги президентлик сайловларида иштирок этиш учун икки кишидан ариза келиб тушди. Бу ҳақда Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хабар қилади.

Президентлик сайлови пойгасида иштирок этиш учун ариза топширган Ўтен Салим Сағиндиқули ва Қайсаров Валихан Абишевич, маълумотларга кўра, 2005 йилдаги президентлик сайловларида ҳам иштирок этганлар.

Қозоғистонда 3 апрел куни муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказиш қарори олинганидан сўнг ўтган шанбадан (5 феврал) бошлаб МСК номзод кўрсатиш мумкинлиги ва бу жараён 20 февралгача давом этиши ҳақида эълон қилганди.

Шу кунгача муддатдан олдинги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини мухолифатдан Умуммиллий социал-демократик партия вакили Булат Абилов, сиёсатчи Жасарал Қуанишалин, “Желтўқсан” ҳаракати лидерларидан бири Ҳасен Қўжа Аҳмет билдирган.

Шунингдек, мавжуд қонунчиликка мувофиқ, амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳам чексиз маротаба президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин.

Муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказиш ҳақидаги қарор Нурсултон Назарбоев томонидан мамлакат Конституциявий кенгаши “Конституцияга ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш тўғрисида”ги қонун Қозоғистон Қомусига мувофиқ эмаслигини эътироф этганидан кейин чиқарилганди. Мазкур қонун парламент томонидан жорий йилнинг 14 январ куни қабул қилинган бўлиб, у 2012 йилда президентлик сайлови ўтказиш ўрнига амалдаги давлат раҳбари ваколатларини 2020 йилгача узайтиришни кўзда тутганди.

Аснода кузатувчилар галдаги президентлик сайловларида Қозоғистонни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоевнинг имкониятлари бошқа номзодларга қараганда каттароқ эканини қайд этмоқдалар.

- Менимча, сайловларда бештача номзод иштирок этади ва унда президент (Нурсултон Назарбоевни назарда тутмоқда – таҳр.) катта фарқ билан ғолиб чиқади. Мухолифат номзоди иккинчи ўринни эгаллайди, - деди “Руҳоният” партияси раиси Серикжан Мамбеталин Озодликнинг қозоқ шўъбасига берган интервюсида.

Гарчи Назарбоев ҳали ўз номзодини кўрсатмаган бўлса-да, кузатувчилар бу иш яқин кунларда амалга ошишига шубҳа қилмайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG