Линклар

Тожикистонда аҳолининг ойлик маоши ошиши баробарида нарх-навонинг ҳам тобора кўтарилиб бораётгани фуқароларташвишига сабаб бўлаяпти. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда бир йил давомида асосий озиқ-овқат нархлари 15 фоизга ортган.

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, республикада нарх-навонинг ошишига ёнилғи нархлари 46 фоизга ортиши сабаб бўлган. Республика Статистика агентлиги мулозими Барот Тўраевнинг айтишича, Тожикистонда истиқомат қилувчи фуқарога бир кунлик тирикчилиги учун 10 сомоний (2,22 АҚШ доллари – таҳр.) лозим.

Энди бозорларидаги нархларга назар ташлайлик. Шу кунларда Сўғд бозорларида 50 килограммли бир қоп ун 120 сомоний (27 АҚШ доллари), ўсимлик мойининг 1 килограмми 10 сомоний (2,22АҚШ доллари), гўшт 19 сомоний (4.22 АҚШ доллари), гуруч 6 сомонийдан (1.33 АҚШ доллари) сотилмоқда.

Тожикистонга экспорт қилинувчи озиқ-овқат маҳсулотлари асосан четдан вагонларда келтирилади.

Тожикистон Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналади, аҳолисининг асосий қисми эса меҳнат муҳожирлиги ҳисобидан кун кечиради. Мана шундай шароитда Халқаро ташкилотлар Тожикистонга ёрдам бериб келмоқда.

Жумладан, куни кеча Халқаро ташкилотлар кўмагида Сўғд вилоятига инсонпарварлик ёрдами келди. Шунингдек, учта туманда БМТ Тараққиёт дастурининг қашшоқликни камайтиришга қаратилган лойиҳаси ишга тушди. “Мерсикорпус” халқаро ташкилотининг вилоятдаги вакили Хуршед Азимжоновнинг айтишича, биргина 2010 йилда вилоятга 100 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилган бўлиб, бу озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган оилаларга тарқатилмоқда.

- Оиласида бир ёки икки фарзанди бўлганларга 100 килограмм ун, 25 килограмм дуккакли маҳсулот ва 9 литр ўсимлик ёғи берилмоқда. Шунингдек, оиласида уч нафардан кўп фарзанд бўлган кишилар бу маҳсулотларни икки баравар кўп олишади, - дейди Хуршед Азимжонов.

“Мерсикорпус” вакилининг айтишича, камбағалларга кўрсатилган ёрдам уларнинг тўрт ой давомида тирикчилик қилишларига етади.

Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, Тожикистонга иқтисодий ёрдам бераётган халқаро ташкилотлар карийб 20 йилдан буён шу мамлакатда ишламоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2010 йил декабр ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг ривожланиши борасида гапириб, республикада камбағаллик ўтган йилларга нисбатан яна 6 фоизга камайганлигини ва бугун аҳолининг 40 фоизигина қашшоқликда яшашини айтган эди.

Маҳаллий кузатувчи Дилором Оқилованинг фикрича эса, мамлакатда аҳолининг ярмидан кўпи қашшоқликда кун кечирмоқда.

- Республика мустақиллигига 20 йил бўлаяпти, бироқ мамлакат иқтисодчилари ва умуман хукумат томонидан ҳисоблаб чиқилган истеъмол саватчаси қанча эканлиги номаълум. Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йуқ. Ўртача иш ҳақи ошди, лекин кирим ва чиқим ўртасидаги фарқнинг мунтазам ошиб бориши аҳолининг турли қатламлари ораcидаги тенгсизликни кучайтирмоқда, - дейди Дилором Оқилова.

Мастчоҳ туманида яшайдиган Маҳмуд Иқболовнинг айтишича, халқаро ташкилотларнинг қашшоқларга бераётган ёрдамининг ўзи биланоқ муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

- Қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш шароити анча қийинлашган. Бунга ишсизлик, маошнинг камлиги сабаб бўлмоқда. Асосийси, илгари қишлоқларда мавжуд бўлган кичик корхоналар, ширкатлар йўқ бўлган. Агар мана шу кичик корхоналар қайтадан ташкил этилса, янги иш жойлари пайдо бўлади. Халқаро ташкилотлар бераётган ёрдам яхши. Бироқ бу усул билан камабағалликни йўқ қилиб бўлмайди, - дейди Маҳмуд Иқболов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистон ҳукуматининг ҳар йили мамлакатда иқтисодий ўсиш бўлаётгани ҳақида бераётган маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларнинг айтишларича, ҳозир қишлоқларда одамлар асосан нон-чой билан тирикчилик қилмоқдалар. Бугунги кунда бир ярим миллиондан ортиқ одам Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида мардикорлик қилади. Агар мамлакатнинг ўзида бу улкан ишчи армияси учун иш ўринлари яратилганда эди, қашшоқлик муаммоси ўз-ўзидан ҳал этилган бўларди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG