Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:33

Тожикистонда исломий газета муҳаррири калтакланди


7 феврал куни калтаклаб кетилган Ҳикматулло Сайфуллозоданинг аҳволи, шифокорларнинг айтишларича, ҳозирда анча дуруст.
7 феврал куни калтаклаб кетилган Ҳикматулло Сайфуллозоданинг аҳволи, шифокорларнинг айтишларича, ҳозирда анча дуруст.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаоли, “Нажот” рўзномаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозода 7 феврал куни эрталаб номаълум кишилар томонидан калтакланиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг таҳлилий-ахборот бўлим бошлиғи, партия қошидаги “Нажот” рўзномасининг бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозода душанба куни эрталаб ишга жўнаётган пайтда ўз уйи яқинида номаълум кишилар ҳужумига учраган.

Шифокорлар ташхисига кўра, ҳужум оқибатида Сайфуллозоданинг мияси чайқалган, юз-кўзлари қаттиқ зарб еган.

Маълум бўлишича, ишхонасига кетаётган Ҳикматулло Сайфуллозоданинг йўлни бир нотаниш киши ҳеч бир сабабсиз тўсиб, унинг диққатини ўзига қаратиб турган пайтда икки нафар номаълум киши унга тўсатдан ҳужум қилган.

Шундан сўнг қонга беланиб, ҳушидан кетган Ҳикматулло Сайфуллозода яқинлари ва йўловчилар ёрдамида касалхонага ётқизилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Икромиддин Ҳотамов ҳозирда воқеа жойида тезкор гуруҳ иш олиб бораётганини маълум қилди.

- Эрталаб бизга журналистга ҳужум қилингани ҳақида хабар берилди. Ўша заҳоти вазир топшириғи билан тезкор-қидирув гуруҳи воқеа жойига юборилди. Ҳозирча нима бўлгани бизга маълум эмас. Айни пайтда ходимларимиз иш олиб боришаяпти, - деди вазирлик расмийси Ҳотамов.

Аснода Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Маҳмадали Ҳусайний партия фаоли, “Нажот” бош муҳаррири айрим доиралар топшириғига асосан калтакланган бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмас экан, бу ҳодисани унга нисбатан уюштирилган суиқасд ўлароқ баҳолади.

- Биз бу ҳатти-ҳаракатларни қоралаймиз. Бу бир журналист ва партия фаоли жонига суиқасд, деб ҳисоблайман. Давлатнинг тегишли идораларидан бу воқеани реал ўрганиб, тегишли чора кўришни талаб қиламиз. Чунки қуролсиз ва ҳимоясиз кишига ҳужумлар жамиятда кўп бўлмаса-да, кузатилиб турилади, хусусан, жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга доир мавзуларда мулоҳаза билдираётган Сайфуллозодадек шахсларга. Менимча, ҳукумат расмийлари бу ҳодисаларга жиддийроқ қараши лозим, - дейди Ислом уйғониш партияси расмийси Ҳусайний жаноблари.

Айни пайтда Ислом уйғониш партияси бугун тушдан сўнг мазкур воқеа юзасидан шошилинч мажлис ўтказди.

Бу воқеани қоралаган партия фаоллари давлат тегишли идораларига расман мурожат қилиб, Сайфуллозодага ҳужум уюштирган шахслар қонун доирасида жазолашини талаб қилганлар.

Тожикистон Халқ демократик партияси расмийси Усмон Солиев ҳам ўз партияси мазкур ҳодисани қоралашини билдирди.

- Зўравонлик ва босим йўли билан бирор муаммони ҳал қилиш нотўғри ҳатти-ҳаракат, деб биламан. Менимча, бир сиёсий шахсга нисбатан бундай муносабат давлат тегишли идоралари масъуллари томонидан жиддийроқ текширилиши лозим, - дейди Тожикистондаги ҳукмрон партия расмийси Солиев.

Ҳикматулло Сайфуллозода Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида тожик собиқ мухолифати фаолларидан бири эди. У 1997 йил тузилган Миллий яраш қўмитаси аъзоси этиб сайланган эди. Сайфуллозода ҳукумат ва мухолифат ўртасида тинчлик битимини имзолаш мақсадида олиб борилган музокараларнинг деярли ҳаммасида қатнашган.

Мамлакатда тожиклараро тинчлик битими имзоланганидан сўнг эса Сайфуллозода Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг ахборот-таҳлилий бўлими мудири вазифасида фаолият юритди.

Кейинчалик мазкур партия нашри саналган “Нажот” рўзномасига бош муҳаррирлик вазифаси ҳам унинг зиммасига юклатилди.

Ҳикматулло Сайфуллозода тожик жамиятида мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳамда сиёсий вазиятни чўчимасдан тўғри таҳлил қилиб бера оладиган саноқли шахслардан биридир.

Тожикистондаги маҳаллий ва хорижий матбуотдаги энг сўнгги интервюларида Ҳикматулло Сайфуллозода Мисрдаги воқеаларининг Тожикистон ва умуман минтақа давлатлари сиёсий вазиятига ҳам таъсири бўлишига шубҳа қилмаслигини гапирган эди.

Сайфуллозода жаноблари собиқ дала қўмондони Али Бедакийнинг ҳукумат кучлари томонидан аввал таҳқирланиб, сўнг ўлдирилганига оид маълумотлар юзасидан ҳам кескин фикр билдирганди.

Шунингдек, Сайфуллозода жаноблари Тожикистонда қабул қилинаётган янги қонунлар кўп жиҳатлари билан фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини оёқости қилаётгани ҳақида ҳам қатор чиқишлар қилган.

Унинг фикрича, айни пайтда аҳоли муҳокамасига қўйилган “Фарзандлар тарбиясида ота-она масъулияти тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG