Линклар

logo-print

“Ўзбек йўли” АҚШ ва НАТОга қимматга тушадиган бўлди


Афғонистондаги халқаро қўшин учун қуруқлик орқали етказиш мўлжалланган юклар карвони Покистон ҳудудида.

Афғонистондаги халқаро қўшин учун қуруқлик орқали етказиш мўлжалланган юклар карвони Покистон ҳудудида.

Тошкент Ўзбекистон Темир йўллари ширкати орқали Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучларига юборилаëтган юклар учун белгиланган нархларни кескин оширди. Бу ҳақда бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган FMN Logistics,Inc. ширкати хабар тарқатди.


“Юкларни манзилига етказиш ва таъминот хизматлари кўрсатиш бўйича ихтисослашган FMN Logistics ширкати Ўзбекистон миллий темир йўллари орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғи (ШТТ) юклари учун белгиланган тарифнинг кескин ошганини билдиради. Нархларнинг ошиши ШТТ нинг кенг кўламли амалиëтларига таъсир қилмай қолмайди”¸ дейилади Марказий Осиë ва Яқин Шарқ минтақасида юк ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаëтган FMN Logistics ширкати 7 феврал куни эълон қилган баëнотда.

Унга кўра¸ Ўзбекистоннинг давлатга қарашли темир йўл ширкати 1 февралдан бошлаб Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучлари учун мўлжалланган юклар учун белгиланган тарифни оширган ва ҳозирда ширкат шу муносабати билан юзага келган вазиятни яқиндан ўрганиб чиқмоқда.

“Биз ҳозир ўз мижозларимиз ва Марказий Осиëдаги ҳамкорларимиз билан давомли алоқадамиз ва нархларнинг ошгани Афғонистонга ва Афғонистондан юк ташиш операцияларига қандай таъсир қилиши борасида ҳаммада аниқ тасаввур ҳосил қилишга уринаяпмиз. Мақсадимиз¸ муҳим озиқ-овқат ва бошқа юкларни юбориш жараëнида узилиш бўлмаслигини таъминлашдир”¸ деб иқтибос келтирилади FMN Logistics ширкати бош ижрочи директори Ҳарри Юстайсдан мазкур баëнотда.

Биргина 2010 йил давомида Афғонистондаги АҚШ ва НАТО ҳарбийларига
2 500 дан ошиқ юк контейнерлари етказиб берган FMN Logistics¸ EurasiaNet нинг ëзишича¸ Афғонистондаги АҚШ қўшинларига таъминот юклари етказиб бериш бўйича Пентагон билан шартнома имзолаган саккиз пудратчининг энг йиригидир.

EurasiaNet нашрининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Дейрдре Тайнан¸ у ëки бу ширкат ëхуд ҳукуматнинг темир йўл орқали ўтадиган юклар учун белгиланган нархларни ўзгартириб туришида фавқулоддалик йўқлигини эътироф этади. Аммо¸ дейди бу таҳлилчи Ўзбекистон Темир йўлларининг АҚШ ва НАТО юклари учун нархни кескин ошириб юборишидаги фавқулоддалик унинг вақтидадир.

- Бундай қарор ортида икки сабабдан бири бўлиши мумкин. Улардан бирининг¸ президент Каримов кайфияти билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли бор. 24 январ куни Каримов Брюсселга борди ва бу ерда НАТО Бош котиби билан учрашди. Афтидан бу учрашув Каримов кутган каби яхши ўтмаган.

Боз устига Расмуссен¸ Ғарб мухбирлари олдига чиқиб¸ “Биз Каримовни бу ерга таклиф қилганимиз йўқ. Унинг Брюсселга келганини эшитиб¸ бир учрашиб қўйишга қарор қилдик”¸ дея баëнот бердики¸ бундай гап ҳам Каримов нафсониятига теккан бўлиши мумкин. Шу боис Тошкентга қайтгач Каримов¸ НАТО ва Америкадагиларни жазолашга қарор қилган ва нархларни кескин оширган бўлиши мумкин¸ деб тахмин қилади Дейрдре Тайнан.

EurasiaNet нашри таҳлилчиси илгари сурадиган иккинчи тахминга кўра¸ Ўзбекистон Темир йўлларининг Афғонистонга мўлжалланган юклар учун тарифни ошириш қарори анча олдин қабул қилинган ва АҚШ¸ ҳамда НАТО бундан яхши хабардор бўлган. Бу тахмин энди¸ Каримовнинг НАТО бош қароргоҳида қучоқ очиб қарши олинмаганини изоҳлаши мумкин¸ деб қўшиб ўтади Тайнан.

Латвиянинг Рига портидан йўлга чиқувчи Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларига аталган таъминот юклари¸ Россия ва Қозоғистон орқали Ўзбекистон ҳудудига киради ва уларнинг бари Термиз орқали сўнгги манзилга етади. Покистондаги вазият беқарорлашиб¸ Жанубий таъминот тармоғи террор хуружларининг доимий таҳдиди остида қолгач¸ Шимолий таъминот тармоғи деб аталган бу йўл¸ ҳозирча Афғонистонга қуруқлик орқали юк ташишнинг ягона хавфсиз йўналиши бўлиб қолмоқда.

Аммо бу йўналиш¸ мустақил манбаларга кўра¸ гарчи хавфсизлик нуқтаи назаридан АҚШ ва НАТО учун маъқул бўлса-да¸ нарх борасида ҳеч қачон арзон бўлмаган. EurasiaNet нашрининг Пентагонда манбаларга таяниб ëзишича¸ ҳозирда Афғонистондаги халқаро қўшинларга аталган озиқ-овқат ва уларнинг ҳарбий амалиëтлари учун сув билан ҳаводек зарур ëнилғининг 60 фоизига қадар айнан ШТТ орқали ўтмоқда ва бу жараëн расмий тариф устига талаб қилинадиган "норасмий солиқлар" боис¸ АҚШ ва НАТО учун шундоқ ҳам кундан-кунга қимматга тушиб бораëтган эди.

Шимолий таъминот тармоғи ўрнини босадиган муқобил йўналиш йўқлиги¸ боз устига АҚШ ëхуд НАТО нинг Тошкент ҳукумати билан ўз ҳарбийларига мўлжалланган юкларни Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтказиш бўйича иқтисодий шартнома имзоланмагани бугун Вашингтон ва Брюсселдагиларни оғир аҳволга солиб қўйди. Зотан¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тайнан¸ улар юклар транзити билан шуғулланишни тўлиғича тижорий тизимлар¸ яъни ўз пудратчиларига топшириб қўйган ва эндиликда Вашингтоннинг бу тижорий жараëнга аралашиши жуда ноқулай бўлади.

- Каримов жуда ширин жойда ўтирибди. Ўзбекистоннинг стратегик аҳамияти беқиëс ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик Афғонистондаги АҚШ ва НАТО ҳарбийлари учун ҳаëт-мамот масаласи каби муҳимдир. Шу боис¸ Вашингтон ва Брюсселдагилар¸ Каримов билан ҳамкорликнинг қимматга тушаëтгани ва тушишини билса-да¸ улар қўлида бу жараëнга таъсир қилиш воситаси деярли йўқ ҳисоби. Шу боис¸ бу савдода уларнинг Каримовнинг айтганига кўнишдан ўзга чоралари йўқ¸ дейди EurasiaNet нашрининг Марказий Осиëдаги таҳлилчиси Дейрдре Тайнан.

Ҳозирча на FMN Logistics,Inc. ва на Ўзбекистон Темир йўллари ширкати Афғонистонга ва Афғонистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали ташилаëтган юклар учун тарифнинг қанчага оширилгани ҳақида маълумот бермади. FMN Logistics ширкати баëнотида нархнинг “сезиларли даражада” ошгани ҳақида ëзишига қараганда¸ бу ерда гап кичик фоизлардан кўра¸ бараварлар ҳақида бораëтган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG