Линклар

logo-print

Хоразм ҳокимияти қароргоҳи сотувга қўйилди

  • Абдулла Искандар

Бу қароргоҳ¸ маҳаллий халқнинг айтишича¸ узумзорлари билан донг чиқарган.

Бу қароргоҳ¸ маҳаллий халқнинг айтишича¸ узумзорлари билан донг чиқарган.

Эл орасида "Оближроқўмни боғи" деб юритиладиган бу қароргоҳ 2¸5 миллион долларга баҳоланиб ким ошди савдосига қўйилди. Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси ходимининг Озодликка айтишича, қароргоҳда узумзор боғлар, ҳовузу фавворалар, ҳаммом ва сауна ҳамда бир нечта меҳмонхона мавжуд.


Хоразм вилояти ҳокимияти қароргоҳининг ким ошди савдодаги бошланғич нархи 4 миллиард 20 миллион сўм. Илк савдо 1 март куни бўлади. Сотиб олмоқчи бўлсангиз, тезда ҳаракатингизни қилинг, дейди ким ошди савдосини амалга оширувчи идора мулозими Беҳзод Омонов.

- Қатнашмоқчи бўлсангизлар, бизларнинг офисга келиб ариза ëзиб, паспорт копияларни бериб шунақа қилиш керак-да.

Озодлик: Нима қўйилаяпти ўзи? Резиденция дейилаяпти. Бу биноми, ерми?

- Резиденциянинг мулклари, ҳамма мулклари. Ичидаги бино, мебеллари, ҳаммаси ичида.

Озодлик: Олдинги “Облисполкомнинг боғи” деган жойми?

- Ҳа, шу.

Озодлик: Урганч марказидаги-а?

- Ҳа.

Озодлик: Нима учун сотилаяпти? Бинолар эскириб қолганми?

- Менимча, Бош вазирнинг протоколига тушиб, шунақа қилинган бўлиши керак. Эскирмаган.

Озодлик: Бош вазирнинг протоколига тушганми?

- Шунақа бўлса керак. Ҳозир берган номеримдан аниқ маълумот оласизда, деди Беҳзод Омонов.

Беҳзод Омонов тафсилотларни ўрганиш учун Хоразм вилоят Мулк қўмитаси билан боғланишни тавсия қилди. Мулк қўмитасида айнан қароргоҳ сотуви билан шуғулланадиган мулозим исми айтилмаслиги шарти билан биз билан суҳбатга розилик берди.

- Абдулла ака, бу резиденция ҳокимликнинг резиденцияси. Катта раҳбарлар келган пайтда тўхтайдиган резиденция. Олдин “Облисполком боғи” деб айтилар эди. Шартлари резиденцияни сотиб олиш керак, пулини тўлаш керак. Олдиндан 15 фоиз заклад пули тўланади. 603 миллионми шунақа эди. Сотилиш баҳоси 4 миллиард 20 миллион сўм, дейди Мулк қўмитасида айнан қароргоҳ сотуви билан шуғулланадиган мулозим.

Мулк қўмитаси вакилига кўра, бу бинони сотиб олган одам уни дам олиш маскани сифатида ишлатиши керак.

- Дом приëмов гостей бўлгандан кейин уни бошқа йўналишда ишлатиб бўлмайди-да. Қайси мақсадда олинишига боғлиқ-да. Сиз уни масалан завод, фабрика қуриш ниятида олмассиз. Бу суммага бир корхона, фирма ëки предприятие олиш мумкин. Тўғрими? Ўзининг ишчиларига дом отдихми, бошқами, шу йўналишда ишлатиш мумкин, дейди Мулк қўмитасида қароргоҳ сотуви билан шуғулланаëтган мулозим.

Шаҳар марказидаги қароргоҳ нега сотувга қўйилди? Аукцион мулозимига кўра, бино Бош вазир протоколига тушган. Тушунишимизча, Шавкат Мирзиëев назарида, бу қароргоҳ кечаги кун урфида қурилгани боис сотувга қўйилган.

Мулк қўмитаси мулозими саволимизга жавоб берар экан, бинонинг эскилиги ва хавфсизлик талабларига тўғри келмаслигини таъкидлади.

- Шу кунгача ишлаб турган эди. Янгиси қурилиши мўлжалланган. Янги дом приëма гостей қурилаяпти. Буни сотиш ҳисобига янгисини қурмоқчи шекилли-да. Бу биринчидан шаҳарнинг ичида. Барибир у 50-60-йилларда қурилган бинолар. Кейин янги бинолари ҳам бор, дейди Мулк қўмитасида қароргоҳ сотуви билан шуғулланадиган мулозим.

Хуш келдингиз Хоразмга¸ юртимизнинг оқсоқоли..

Эл орасида “Оближроқўм боғи” деб аталадиган бу қароргоҳнинг совет Ўзбекистони раҳбарларининг барчасига мезбонлик қилгани айтилади.
Мана шу ердаги узумзор боғда совет Ўзбекистонининг илк раҳбарларидан бир Файзулла Хўжаевга қарата Бола бахши гармонда қўшиқ куйлагани оқ-қора кинохроникада акс этган.

Хўжа ўғли Файзулла
Хуш келдингиз Хоразмга
Юртимизнинг оқсоқоли.

Файзулла Хўжаев репрессия қилинганидан кейин Усмон Юсупов, кейин эса Шароф Рашидовларниннг севимли маскани эди бу, деб эслайди ҳозир Швейцарияда истиқомат қиладиган ëзувчи Сафар Бекжон.

- Рашидов жуда кўп марта ўша ерда қолган. Хоразмни яхши кўрарди. Ўша ерга кўп келарди. Менимча, ўша анъана давом этиб, ундан кейинги раҳбарлар ҳам ўша ерда қоларди. Чунки яшилликлар ичидаги жуда сокин ва Амударëнинг тоза ҳавоси келиб турадиган жой, дейди Сафар Бекжон.

Ўзбекистон компартиясига раҳбар қилиб тайинланганидан сал ўтмай 1989 йилнинг августида Хоразмга келган Ислом Каримов айни мана шу боғда турган ва бу боғ эшиги олдида биз уни пикет қилганмиз, деб эслайди Сафар Бекжон.

- Дарвозахонанинг олдида турган эдик. Хоразм вилояти миллий ҳаракат аъзолари, танилган одамлар билан бугун сотувга қўйилган бу жойнинг дарвозаси олдида унинг машинасини тўхтатдик, деб эслайди Сафар Бекжон.

Бугун сотувга қўйилаëтган қароргоҳда дунë коммунистик ҳаракатларининг дарғалари ҳам меҳмон бўлишган эди.

Уругвай компартияси бош котиби Арисменди, Куба лидерининг укаси Раул Кастро, Франция президенти Миттеран..

Италиян киночиси Микеланжело Антониони, ëзувчи Тонино Гуерра ҳам айни қароргоҳда тунашган.

Ўзбекистонда коммунизмни эслатадиган барча биноларнинг бузилиши фонида Хоразм ҳокимиятининг қароргоҳи сотилиши ҳар ҳолда бир оз ижобий кўринади.

Ҳар ҳолда дарахтлар кесилмайди, фавворалар кўмилмайди. Қароргоҳ фақат сотилади. Агар илк савдода сотилмаса, қайта савдога қўямиз, дейди аукциончи Беҳзод Омонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG