Линклар

logo-print

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари қирғизчага айланадими?

  • Сарвар Усмон

Июн қирғини кунлари Қирғизистон жанубидаги камида тўрт ўзбек мактабига ўт қўйилди.

Июн қирғини кунлари Қирғизистон жанубидаги камида тўрт ўзбек мактабига ўт қўйилди.

"Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги фақат ўзбеклар ўқийдиган 16-мактабда ўқиш қирғиз тилига кўчирилди. Мактабнинг номи ҳам ўзгартирилди. Бундан буён ўқув даргоҳи Алишер Навоий номи билан эмас, Қирғизистон ССР Компартиясининг 1950 – 61 йиллардаги биринчи котиби Исҳоқ Раззоқов номи билан аталади".


"Центразия" сайтида эълон қилинган бир мақолада келтирилган бу хабарнинг иккинчи қисми рост, биринчиси ҳақиқатга зид.

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари муаммолари ҳал қилинмас экан, хабарнинг биринчи қисми ҳам яқин келажакда ростга айланади.

"Ўзбек мактабида ўқиш тўлалигича қирғиз тилига кўчирилди", деган хабарни ўқибоқ Ўшга қўнғироқ қилдик.

Ўшга қўшни Фурқат қишлоғидаги мактабда ҳам ўзбек, ҳам қирғиз синфлари бор.

Мактаб ўқитувчиси, ўзини Шуҳрат, деб таништирган муаллимнинг айтишича, ўзбек синфларда таълим қирғиз тилига кўчирилаётгани йўқ.

- 5-синфгача ўзбек синфлари бор, ўқитилаяпти. Унақа гап-сўз йўқ ҳали.

Озодлик: Ҳеч қанақа даражада унақа гап йўқми?

- Бугун эрта билан пятимунитка бўлди. Директор 1-синфга ўзбек синфларига 6 ëшлиларни олиб келинглар¸ деб буйруқ берди. Катта синфларни ҳам бу йилдан кейин 9-10-11 ни ҳам тиклайсан, ҳеч бўлмаса 9-синфгача ўзбек синфларини тиклайсан¸ деб директоримиз айтди, дейди ўзини Шуҳрат деб таништирган муаллим.

Муаллимнинг айтишича, июн воқеалари давомида уйлари ёндирилган оилаларнинг юқори синфларда ўқийдиган фарзандлари вақтинча бошқа мактабларга кўчирилган. "Юқори синфларни қайта тиклайсан", деган буйруқ ана шу ҳолатдан келиб чиққан.

Ўш шаҳар Ўзбек миллий маркази раиси Абдурашид Хўжаевнинг айтишича, ўрганаётганимиз муаммо Ўшда ҳам йўқ.

- Бизнинг Ўшда бундай гап-сўз йўқ ҳозирча.

Озодлик: Демак, ўзбек мактаблари ўзбекча ўқияпти-а?

- Ўзбек мактаблари ўзбекча ўқияпти бугунги кунда.

Озодлик: Шаҳарда нечта ўзбек мактаби бор?

- 24 та, дейди Абдурашид Хўжаев.

Қирғизистон бўйлаб ўзбек мактаблар сони 200 дан зиёддир.

Олабуқа туманидаги 16-мактабга оид хабарда айтилишича, бу мактабда ўқиш ўзбек тилидан қирғиз тилига республика президентининг кўрсатмасига биноан кўчирилган.

Қирғизистон Таълим вазирлигининг ўзини Кенже Усуповна, деб таништирган масъул ходими:

- Бундай кўрсатма йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Айниқса, бўлиб ўтган воқеалардан кейин (Июн воқеалари – таҳр.) бундай фармойиш бўлиши мумкин эмас, дейди масъул ходим.

Қирғиз республикаси маҳаллий ўз-ўзини бошқариш миллий агентлиги раҳбари Бахтиёр Фаттоҳов ҳам ўзбек мактабларида ўқишни қирғиз тилига кўчириш тўғрисида президент фармойиши борлигига ишонмайди.

- Нотўғри. Унақа кўргазма бўлмаслик керак. Президент олиб бораëтган сиëсатдан бизнинг хабаримиз бор. У киши билан мен учрашдим. У кишининг кўз қараши жуда яхши. Лекин бу маҳаллий ҳокимиятнинг тушунмовчилик қилган иши бўлиши мумкин. Бугун душанба. Мен чоршанба куни телефонлашсак, ҳамма сабабларини билиб айтиб бераман, деб ваъда берди Бахтиёр Фаттоҳов.

Олабуқадаги воқеа юзасидан Ўш ва Бишкекни "айландик". Излана-излана туманнинг ўзига ҳам "бордик".

16-мактабга оид ўзгаришлар тўғрисидаги хабарда мактабда таълим тилини ўзгартириш ортида туман ҳокими тургани айтилган.

Афсуски, ҳокимни топа олмадик. Бироқ шу ерлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Ивановани топдик.

У мактабнинг номи ўзгартирилганини тасдиқлади.

- Ўқитувчилар ва қишлоқ аҳли мактаб номи ўзгартирилишига қарши эканликларини билдиришди. Ўқитувчилар туман Xалқ таълими бўлими мудирига мактаб номини ўзгартирмасликни сўраб мурожаатнома ҳам битдилар, лекин уларнинг илтимоси эътиборсиз қолдирилди, деди Елена Иванова.

Унинг айтишича, мактабда ўқиш қирғиз тилига кўчирилгани йўқ.

Хуллас, Қирғизистондаги вазиятга доир мақолалардан бири муаллифи бироз қизишиб кетганини аниқладик: Олабуқадаги 16-мактаб ўқувчилари ўқишни бугун ҳам ўзбек тилида давом эттираяпти.

Лекин, бу эртага, ё беш йилдан, ёки ўн беш йилдан кейин ҳам қирғизистонлик ўзбек болалар ўз она тилларида ўқийверади, дегани эмас.

Бу ерда гап у ёки бу туман ҳокимининг ёки мамлакат раҳбарининг фармойиши устида бораётгани йўқ.

Гап Қирғизистонда ўзбек тилида таълим олиш ресурслари тугаб бораётгани устидадир.

Абдурашид Хўжаевга қулоқ солинг.

- Мактабнинг проблемаси жуда катта. Ўқитувчилар ҳам жуда озчилик. Дарс қуроллари умуман йўқ ҳисобида бўлиб қолди. Битта синфга бир китоб тўғри келадиган ерлар ҳам бор. Хуллас калом 35-37 фоиз китоб билан таъминланган мактаблар ҳозир, дейди Абдурашид Хўжаев.

Аҳвол шу тарзда давом этаверадиган бўлса, яқин келажакда қирғизистонлик ўзбек болаларнинг портфелида биронтаям дарслик қолмайди –улар учун кирил ёзувида биров дарслик чиқарай демаяпти; шу кунда ишлаб турган ўқитувчилар пенсияга чиқиб кетади – ўзбек мактаблари учун ўқитувчи тайёрлайдиган бир-иккита ўқув юрти ҳам июн воқеаларидан кейин ёпилди.

Ва умуман, "Қирғизистондаги ўзбек мактаблари" деган масаланинг ўзи кун тартибидан чиқиб кетади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG