Линклар

"Халқлар дўстлиги" тилдами ё дилда?


Ёш авлодни байналмилал руҳда тарбиялаш учун турфа хил "дўстлик фестиваллари"ни ўтказиш билангина кифояланиб бўлмайди.

Ёш авлодни байналмилал руҳда тарбиялаш учун турфа хил "дўстлик фестиваллари"ни ўтказиш билангина кифояланиб бўлмайди.

Москва ҳукумати, “Российская газета” нашри ва “Рус олами” Россия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида МДҲ, Болгария Германия ва Исроил давлатларида фаолият кўрсатаётган рус тили ўқитувчилари орасида XI Халқаро Пушкин танловини эълон қилди. Танловнинг 2011 йилги мавзуси - “Иттифоқсиз 20 йил. Халқлар дўстлигига бугун ўргатиш зарурми?”

Улкан Совет Иттифоқи йўқ бўлиб кетганига 20 йил тўлди.

Иттифоқнинг 15 давлати учун расмий ҳисобланган рус тили ўрнига уларнинг барчасида миллий давлат тиллари эълон қилинди.

20 йил олдин туғилган ўзбек, тожик, қирғиз ёшларининг аксари рус тили, маданиятидан узоқда, миллий маданият ва тил бағрида улғайди.

Айни пайтда Россияда “интернационализм”, “халқлар дўстлиги” тушунчаларидан йироқда бўлган ёшлар қатлами вужудга келди, кучга тўлди.

Бу давр давомида бизлар бир-биримиздан қанчалик узоқлашдик, миллий ўзлик собиқ иттифоқдошларга нима берди?

Бу саволга жавоб бериши керак бўлган ва 11-маротаба ўтказилаётган Халқаро Пушкин танлови айнан МДҲ ва рус тилида сўзлашувчи аҳолиси кўп бўлган мамлакатларда ўтказилаётгани ҳам бежиз бўлмаса керак.

Россия ҳукумати бу мамлакатларни таъсир доирасидан чиқаётганидан ҳавотирга тушдими? Ёки Эстонияда “Бронзали Солдат” хотира ҳайкалининг вайрон қилиниши, Грузияда “Шуҳрат мемориали” бузилиши ва Тошкентда Собир Раҳимов хотирасини ўчиришга бўлган уринишлар сабаб бўлдими?

Қани рус тилида ёзувчи Чингиз Айтматовлару Темир Пўлатовлар? Улар шу йигирма ёшли ўзбек ва қирғиз йигит-қизлар орасида кўринмаяпти негадир...

Балки Манежная майдони, Кондолога ва Хотковода вақеалари Медведев-Путин қўшҳукуматини шу йўл билан миллий муаммони ҳал этишга ундагандир?

Хўп, агар рус тилига МДҲ мамлакатларида “биродарлик” мақоми қайтарилса, бугунги миллий муаммоларга барҳам берилармикан?

Россия “атрофидаги” ўлкаларда рус тили мақомини юксалтириш билан бир пайтда кўпмиллатли Россия ичкарисида “Россия руслар учун” сиёсати ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланса, миллий муаммолар ўз-ўзидан ғойиб бўлиб кетадими?

Пушкин танловини бошқараётган Россия Ташки ишлар вазирлиги, Москва мэрияси, умуман, ҳукумат Россия пойтахтида “этник милиция” бўлинмаларини яратиш ортида нима мақсад кўзлаганини тасаввур қила оладими?

Кўриб турганингиздек, савол кўп, жавоб топиш - мушкул. Яхшиси шу саволлар билан тингловчиларимизга мурожаат қиламиз.

Москва вилоятида тикувчилик қилаётган самарқандлик Сурайё албатта Ўзбекистонда қолган фарзандларига рус тилини ўргатишини айтади.

- Мен мактабда ўқиган пайтимда ўзимизнинг қишлоқдан бир ўқитувчи рус тилидан беш қўярди. Эшикни кўрсатиб, “Бу нима?” деса, биз “Двер!” десак ҳам беш қўйиб, “Маладес!” дерди. Хурсанд келаверардик. Ўзи рус тилини билардими-билмасмиди - билмадим. Мана ҳозир панд еб ўтирибман. Полни (жинсни демоқчи - муал.) тушунаман, сўзларини ҳам биламан - жойига қўя олмайман. Сўзини топа олмай қоламан-да...

Озодлик: Сизга қанчалик зарур шу тил?

- Ҳозир зарур. Ишлашим учун. Тил билиш яхши-ку! Учта фарзандим бор, улар ҳам тил билса яхши. Уларнинг Россияга келиб қолишини хоҳламайман-ку, лекин тил билсин. Мусофирчилик қийин, ўзимизда ишласин, - дейди самарқандлик Сурайё.

Тўғри, Россияда мусофирчиликда яшаш қийин. Айниқса, тил билмасанг. рус тилини билмасанг, сен “чурка” ёки “неграмотний азиат”сан. Ҳар қайси тил тараққий этиши ва кенгайиши керак. Лекин рус тили тараққиёти билан бирга ўзга тил ва маданиятларнинг муаммолари ҳам эсдан чиқармаслик керакдир.

Охирги пайтларда мен москваликлар орасида “Меня раздражает, когда кто-то говорит не на русском языке!” деган гапларга кўп маротаба гувоҳ бўлдим. Бу нима, халқлар дўстлигининг жон талвасасими? Аммо бу касаллик фақат Москвага тегишли, десам хато қилган бўламан.

Тошкентда “Халқлар дўстлиги” майдони номини ўзгартириш, ундаги Совет мамлакатлари биродарлиги рамзи бўлмиш Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкалини кўздан четроққа суриб ташлаш ҳам “байналминалчилик” тушунчасига барҳам беришга уриниш, деб тушунилса керак.

Новосибирск истеъмолчилик кооперацияси университетида 20 йилдан буён математикадан дарс бераётган доцент Илҳом Меърожев рус маданияти, тилига бўлган эътиборни ошириш, ёшлар орасида миллий тафовутларга бўлган толерант муносабатни шакллантириш албатта ижобий баҳоланиши кераклигини айтади. У русларнинг бундай ташаббусидан ўрнак олиш керак, деган фикрда.

- Бошқа давлатларга Россияга муҳаббат билан қараш ёки нима мақсадда қилинаяпти бу иш? Агар Ўзбекистонда ёки бошқа жойларда ўз миллатининг урф-одатлари, тилини йўқотмаслик, мактабларни очиш мақсадида қилинган бўлса, бу ҳам ёмон иш эмас. Чунки бизнинг республикалар ҳам бу ердаги миллатдошларимизга пул ажратиб, масалан, бизнинг Новосибирскда ўзбеклар жамоати бўлиши керак. Балким Союзни тиклаш мақсадида қилинаяптими? Уларни мақсадларини билиш керак.
Ҳозир Россияда миллатлар орасидаги муносабатлар жуда ёмон бўлиб кетган. Бир миллат яхши, бошқа миллат ёмон, деган фикрлар жуда кўп. “Русские” - “не русские”, деган гаплар бор-да..

Озодлик: Сиз 20 йилдан бери шу ерда яшаётган экансиз. Нима учун айнан бир-икки йилда сезилиб қолди?

- Чунки бошқа миллатларга қарши ёмон фикрларни тарбиялаб-тарбиялаб шундай ҳолат юзага келдики, 20 йилда шу Манежная майдонига чиққан ёшлар поколениеси тайёрланиб келди. Улар эътибор бермади... Бир йил гапирмади, икки йил гапирмади. 20 йилда ёмон фикрда бўлган авлод вужудга келди. Президент ҳам, Бош вазир ҳам олдига шу муаммо яққол чиқиб қолди. Энди эътибор қилишга мажбур. Қилмаса- ўзларига яна муаммо катта бўлади.

Россия ўзининг миллий ғоясини қидирмоқда! У томонга боради, бу томонга... Айни пайтда ҳар ким ўз миллатини билиши керак, урф-одатларини сақлаши керак. Бу билан бирга бошқа миллатларга ҳурмат билан қарашимиз керак, - деди Озодлик билан суҳбатда илмий фаолият билан бирга Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармасида таълим ва маданият ишлари бўйича раис муовини, асли бухоролик домла Илҳом Меърожев.

Москвада Останкино атрофида фаррошлик қилаётган қўқонлик Ғанижон ака учун “халқлар дўстлиги” тушунчаси шунчаки ибора эмас. У айниқса Россия пойтахтида шу тушунчанинг етишмаслигидан афсусда эканини айтади.

- Тўғрисини айтсак, бу нацистларни нима қилганини кўрдик. Албатта дўстлик билан яшаса, яхши-да. Барибир бир-биримизга керакмиз-ку. Биз шу ерга келиб ишлаяпмиз иш йўқлиги учун. Тинч юриб ишласак, яхши-да. Мана нацистлар битта қирғиз болани ўлдирворди, телевизорда кўрдик, "иккита боласи қолди", деди. Лекин уни чорасини кўрдими-кўрмадими - униси бизга қоронғу, - дейди Ғанижон ака.

Шувоқ қилишни ҳам, палов тайёрлашни ва ҳатто лағмон чўзишни “дўндириб” қўядиган қўқонлик бу аканинг сўзларига кўра, бир миллат бошқа миллатга ақл ўргатиши эмас, маданият алмашиши керак.

- Биз ўзимизнинг ақлимиз ўзимизга етади. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам минг чандон ақлли бўлган. Бизнинг туркий ота-боболаримиз бир неча аср олдин маданияти жуда кучли бўлган-ку. Ибн Сино дейсизми, Берунийни оласизми... Бутун туркийлардан келиб чиққан-ку! Лекин ҳозирги кунда ожиз бўлиб қолдик, холос. Унгаям ўзимиз сабабчимиз. Оллоҳ Таолоҳни унутиб қўйдик. Бу дунёга нимага келганимизни унутиб қўйдик. Фақат "Ленин бобом, Ленин бобом" деб катта бўлдик. Оллоҳ: “Сизлар ака-ука ва биродарсизлар”, деган. Битта ота-онадан дунёга келганмиз-ку. Ҳар хил миллатга бўлиниб кетганмиз, лекин аслида дунёда иккита миллат бор: кофир миллати ва мусулмон миллати. Қолганлар "қавм" дейилади. Ҳозир рус қавмига қарам бўлиб қолдик, бу ерга келиб ишлаяпмиз. Бунга ўзимизнинг тепмизда турган калласи катта, ўзини олий ҳисоблайдиган ақлли одамларимиз шу кунга солиб қўйди. Биз Оллоҳни эслаб буюрган йўлидан юрсак, иншаллоҳ, яхши кунга етамиз. Биз етмасак – бола-чақамиз етади! Шу, бошқа ҳеч нарса дея олмайман, - деди қўқонлик Ғанижон ака.

Герберт Уэллс: “Бизнинг ҳақиқий миллатимиз - Инсон”, деган экан. Балки Инсонлигимизни англасак, “халқлар дўстлиги”га ўргатишнинг ҳожати қолмас?..

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG