Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:01

Ўзбекистон раҳбари Японияга сафар бошлади


Президент Ислом Каримовнинг Японияга икки кунлик расмий ташрифи чоғида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, икки томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё ва Кавказ буйича мутасаддиси Йоко Тсуда Озодликка Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Токиога ташрифи чоғида икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга оид масалалар муҳокама этилишини айтди.

- Ташриф кун тартибидан кўзланган мақсад Япония-Ўзбекистон ўртасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Бу албатта кенг миқёсли иқтисодий масалаларни ўз ичига олади, - деди Япония Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Йоко Тсуда Каримовнинг ташриф ҳали бошланмагани боис унинг тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот бера олмаслигини, аммо сафар ниҳоясида Япония-Ўзбекистон қўшма баёнот эълон қилиши режалангани, шунингдек, Расмий тараққиёт ёрдами (ODA - Official Development Assistance) тўғрисида ҳам англашув меморандуми алмашилиши кутилаётганини айтди.

Йоко Тсуда Озодликка Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов 7 феврал куни Япониянинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Банри Кайда билан музокара олиб борганини маълум қилди.

Ундан олдин РИА Новости ахборот агентлиги Каримовнинг ташрифи ниҳоясида Япония ҳукуматининг Ўзбекистонга 247 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бериши, шунингдек, қатор соҳаларда ҳамкорликка оид икки томонлама шартномалар имзоланиши кутилаётганини хабар қилди.

Япония томонидан бериладиган маблағнинг Афғонистондаги Ҳайратон-Мазори Шариф темирйўл линияси билан боғланадиган Мароканд-Қарши-Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темирйўл магистралини элекртлаштириш лойиҳасига сарфланиши мўлжаллангани айтилмоқда.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ва рафиқаси Татяна Каримова Япония императори ва унинг рафиқаси билан учрашади, император оиласи меҳмонлар учун зиёфат беради.

9 феврал куни Япония Бош вазир Наото Кан Ислом Каримов билан сўзлашув олиб боради. Музокаралар чоғида иқтисодий масалаларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари 1994 йил май ва 2002 йил июл ойларида Японияга сафар қилган.

Иккала томон расмийлари Ислом Каримовнинг Токиога бу галги ташрифи Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшади, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG