Линклар

Қибрайда участка нозири ўлдирилди


Қибрайда милиционерни ўлдирган шахслар аллақачон қўлга олингани айтилмоқда.

Қибрайда милиционерни ўлдирган шахслар аллақачон қўлга олингани айтилмоқда.

Қибрай туманининг Чинобод қишлоғи чойхонасида юзага чиққан жанжал оқибатида милиция нозири ўлдирилди. Қибрай милицияси ходими Озодлик билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлади¸ бироқ жиноятга оид тафсилотларни очиқлашни истамади.

Қибрайдаги қотиллик ҳақида исми ошкор қилинмаслигини сўраган тошкентлик суҳбатдошимиз қуйидагиларни айтиб берди:

- Участковой бола экан. Уни отишмаган, уриб ўлдирган болалар. Олтита-еттита бола чойхонада қимор ўйнаб ўтирган экан. Чинободда яхши чойхона бор, шаҳардан ҳам келиб дам олишади. Ўша ерда қимор ўйнаб ўтиришган экан, у бола: “ўйнама”, дебди. Кейин конфликт чиқибди. Улар олтита-еттита экан. Бу болани уриб ўлдириб қўйишибди. Исми Ботир экан, фамилиясини билмадим.

Озодлик: Қачон бўлган бу иш?

- Тўрт кун олдин. Кейин "по горячим следам" ушлабди. Олиб бориб қамабди. “Биттаси қочиб кетди”, дейди. “Ушланганлардан биттаси учинчи қаватдан ўзини ташлаб, у ҳам ўлган”, дейди.

Озодлик: Қайси бинонинг учинчи қаватидан ўзини ташлаган?

- Милициянинг учинчи қаватидан.

Озодлик: Одамлар нима дейишаяпти, участковой қандай одам бўлган экан?

- “Яхши бола эди”, дейишаяпти. Энди ўлганни ўзбекларда ёмон демайди, биласиз-ку, - деди тошкентлик суҳбатдош.

Мазкур қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилганлигини Қибрай туман Ички ишлар бўлими ҳам тасдиқлади.

- Прокуратура шуғулланаяпти бу иш билан. Қотиллик ҳолати юзасидан прокуратура шуғулланади. Ҳаммаси тергов, суриштирувни ҳам прокуратура олиб бораяпти, - деди Қибрай туман ички ишлар бўлими ходими.

Мазкур иш билан шуғулланаётган Қибрай туман прокуратураси катта терговчиси Жасур Файзуллаев билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Қибрай туманининг Чинобод қишлоғида бутун бир оила чавақлаб кетилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG