Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:45

Ўтунбаева ҳокимият ичида жиноий тўдалар борлигини тан олди


“Қирғизистонда жиноий гуруҳлар бугунги кунда шу қадар кучайганки, улар вазиятни беқарорлаштириб, янги миллатлараро тўқнашувларни келтириб чиқариши мумкин”. Бу мулоҳазани Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева душанба куни Боткен вилояти фаоллари билан учрашув чоғида билдирди.

- Республикадаги жиноятчилик билан боғлиқ аҳвол, тўғрисини айтганда, жудаям мураккаб. Жиноятчилик олами вакиллари айрим ҳудудларда аллақачон ҳокимият органларига, айниқса, маҳаллий ҳокимият органларига кириб олдилар, - дер экан Роза Ўтунбаева бу гуруҳларнинг кейинги пайтларда фавқулодда кучайгани ва улар яна миллатлараро тўқнашувлар келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этди.

Аввалроқ турли даражадаги таҳлилчилар июн ойида Ўш ва Жалолободда содир этилган қирғин чоғида жиноят олами вакиллари фаол иштирок этгани, улар мазкур воқеалар чоғида маҳаллий ҳокимият органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан тиғиз алоқада бўлгани ҳақида мулоҳазалар айтилганди.

7 феврал куни Боткен вилояти фаоллари билан учрашган президент Ўтунбаева ўзининг аввалроқ амалга оширган Ўш ва Чўлпонота шаҳарларига сафари чоғида жиноятчилик оламига қарши курашда давлат томонидан йўналтирилган ва қатъий сиёсат йўқлигига амин бўлганини айтди.

Роза Ўтунбаевага кўра, 2010 йилда Қирғизистон президенти аппаратига фуқаролардан бу борада 8 мингдан зиёд шикоят аризаси тушган.

- Одамлар бизга ўзларини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклашни сўраб мурожаат қилмоқдалар, - деди президент Ўтунбаева мамлакатда жиноий таъқиб етарлича даража амалга оширилмаётганини қўшимча қиларкан.

Қирғизистон раҳбари мамлакат Мудофаа кенгаши уюшган жиноятчиликка қарши ошиғич чоралар устида ишлаётганини айтди. Ўтунбаевага кўра, мазкур кенгашнинг 22 январ куни бўлиб ўтган биринчи мажлисида жиноятчилик, диний экстремизм, террорчилик ҳамда давлат чегараларини қўриқлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинган.
XS
SM
MD
LG