Линклар

Тошкентлик нафақахўр Шаҳло Илёсованинг Жаслиқ колониясида сақланаётган ўғли Икромжон аёвсиз калтакланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маҳбуснинг онасига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманида яшовчи Шаҳло опа Илёсованинг уч ўғли бор. Икром Илёсов фарзандларининг тўнғичи.

- 1999 йил 5 сентябр куни беш киши келиб, уйимдан олиб кетишган. Ўғлимни “Ҳизбут-Таҳрир”ликда айблаган. У пайтда политехника институтида ўқир эди, бундай йўлга ҳам кирган экан-да, демак. Олти йил ўқиди, диплом ҳимоясини қилди. Дипломини олмади, кетиб қолди кейин. Ундан кейин шу қамоқ муддати. Қамоқ, қамоқ, халигача қамоқда ўтиришибди. Кўп жойда бўлган у - Зангиотада бўлди, Гулистоннинг Ховосида суди бир ой бўлди. Уч ой Ховосда ўтирди, уч ой Зангиотада ўтирди, кейин Қорақалпоғистоннинг Жаслиғига кетди. Шу бўйича мана у ерда ўтирди. У ердан касал бўлиб, 2004 йили Сангородга келди. Кейин икки йил Навоий 36 да бўлди, кейин “боланг соғ”деб, яна орқага жўнатиб юборишди, - дейди Шаҳло опа.

1974 йилда туғилган Икром Илёсов Сирдарё вилоят жиноий ишлар суди томонидан 2000 йилнинг март ойида 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-, 159-, 216-, 242-, 244-моддалари бўйича айбланган.

Шахло опа 31 январ куни ўғлини кўргани Жаслиққа бориб келганини айтади:

- Мана кеча жумада келдим. Кўрдим, лекин аҳволи кўрганимда яхши. Ёмон эмас. Лекин мен боришимдан олдин бўлган. Калтаклашган экан, уриб, миясини ёриб, жинсий аъзосига тепишган экан. Бошини ёрилгани битган.У ёғи шишгани кетган. Шу жароҳати битгунча уни 13 кун изоляторда олиб ўтиришибди. Кейин жароҳатлари битгандан кейин хонасига, отрядига чиқариб юборишган. “Нима сабабдан бўлди бу воқеа?” деб сўрадим. Айтдики, “бизни туалетнинг ёнига ўтказиб қўйишган. Завхозга айтган гапим шу бўлди. "Ҳаммаёқни сийдик босиб кетаяпти. Кириб чиққан одамларга айтинг, ўтириб ёзилишсин” деганига, “сен ақлли бўлиб қолдингми?” деб, олиб кириб уришибди. “Бу ақлли каллани қаердан олдинг?” деб. “Шунга ҳам уриш керакми?” деяпти ўғлим. 6 январда изоляторга тушиб, 19 январда чиққан, - деди ўғли 16 йилга қамалган она.

Шахло Илёсова ўғли Жаслиқ қамоқхонасида азоблангани ҳақида қамоқхона раҳбариятига мурожаат қила олмаганлигини айтади:

- Биз раҳбариятни киришдан олдин кўрамиз. Чиқиб кетаётганимизда имконимиз бўлмайди у билан кўришишга. Ўзи ёзибди янги раҳбарга. "Янги раҳбарга ариза ёздим” деди. Отрядда ўтириб калтак еганларини, шу одамлар шундай қилганини, жабр кўрсатганларини ёзган. Ундан уёғини билмайман, икки кун беришган эди. Қайтиб келдим, - дейди маҳбуснинг онаси.

Шаҳло опа ўғлини тез-тез кўриб туришга молиявий имконияти йўқлигини айтади.

- Пул топганда бораяпман. Ҳар уч ойда бора олмайман. Беш ой, олти ой, ёки етти ойга ҳам кетади. Пул тўпласам, кетавераман.

Озодлик: Шаҳло опа, қийин бўлса керак у ерда ўғлингизни кўриш?

- Ҳеч нарса дея олмайман. Бундай азобларни у 2006-2007 йилларда ҳам олган. Фақат бошқача йўл билан олган. Пешанам энди, нима дея оламан. "Худойим оқ йўл берсин буларга” деб ўтирибман. Яратган эгам менга нимани раво кўрса, шуни қиламан, деди Шаҳло Илёсова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG