Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:44

Япониянинг "Itochu" шикарти Ўзбекистондан уран сотиб олади


Президент Ислом Каримовнинг Токиога сафари арафасида Япониянинг "Itochu" ширкати Ўзбекистон билан уран таъминоти бўйича битимга эришганини билдирди.

Бу борада "Itochu" Навоий тоғ-металлургия комбинати билан 10 йиллик шартномани имзолаган.

Ширкат Ўзбекистондан қанча миқдорда ва қанақа нархда уран сотиб олишини очиқламаган.

Япония ҳукуматига яқин манбаларга кўра, 10 йиллик шартнома доирасида "Itochu" Ўзбекистондан йилига 1000 тоннагача уран сотиб олишни кўзламоқда.

Япония ўзбек уранининг асосий харидоригина бўлиб қолмасдан¸ 2006 йилдан буён Япониянинг “Mitsui & Co. Ltd” концерни, “Sojits” ва “Itochu” корпорациялари билан геология қидирув ишларни олиб бориш ва уран конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича Tошкент билан келишувга эришган.

Ушбу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон 2012 йилга қадар уран ишлаб чиқариш ҳажмини 1.5 мартага ошириш ниятида.

Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг бугунги кунда хорижга қанча миқдорда уран сотаётгани ва ундан қанча даромад кўраётгани давлат сири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон экспорт қиладиган ураннинг ҳаммаси Навоий тоғ-металлургия комбинати маҳсулотидир.

Жаҳон ядровий уюшмаси тарафидан ўтган йили эълон қилган рақамларга кўра, Ўзбекистон 100 минг тоннадан ортиқроқ уранга эга ва мамлакат йилига 2500 тонна уран ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда 12- ўринда туради.
XS
SM
MD
LG