Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

“Ўзбек ҳали миллат бўлиб шаклланмади”


“Биз киммиз? Қаердан келиб қаерга бормоқчимиз?” деган савол безовта қилади мени. Назаримда¸ бизнинг халқимиз ҳали тўла-тўкис миллат бўлиб шаклланмаганга ўхшайди. Айниқса¸ Ўш ва Жалолободдаги воқеалардан кейин бунга тўла ишондим"¸ дейди тошкентлик тарихчи.

“Қурултой”га мавзу айтаман¸

дейди ўзини "чеккадаги киши" деб таништирган илк суҳбатдош.

- Мен Тошкентдан. Янги бир баҳс-мунозаранинг мавзусини айтмоқчиман. Кўп йиллардан бери мени “Биз киммиз? Қаердан келиб қаерга бормоқчимиз?” деган савол безовта қилади. Доим қийнайди. Назаримда¸ бизнинг халқимиз ҳали тўла-тўкис миллат бўлиб шаклланмаганга ўхшайди. Айниқса¸ мана шу Ўш, Жалолободдаги воқеалардан кейин бунга тўла ишондим. Мана шундай қирғин бўлиб турган пайтда, одамларнинг уйи ëниб турган пайтда¸ бизнинг телевидениемиз ҳар кунги одатий карнай-сурнай, ноғорани бериб турди жаннатдан хабарларни. Агар миллат бўлиб шаклланганда, бу даражада бўлмас эдику. Бу биринчи марта юз бераëтгани йўқ. Бундан 20 йил олдин Ўзганда 3000 дан ортиқ одам ўлиб кетди. Мана Андижонда бўлди. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ўлган ўлиб ëтибди.

Менинг назаримда¸ ўзбек деган сўз бу Ленин бобо қўйган ясама тумор¸ унчалик қовушмади. Шунинг учун ҳам дастлаб ўзбекча эшиттириш демасдан¸ Туркистонча эшиттириш¸ дейишингиз керак агар маъқул бўлса. Лекин ўзбек мана шу Шайбонийдан кейин, Аштархонийлардан кейин келиб у ëқда, бу ëқда номи чиқиб юрдию, лоп этиб 20-йилларнинг бошларидан бир республиканинг номи бўлиб қолди. Шунинг учун олимларни топиб¸ бир давра суҳбати уюштиринг¸ қатнашайлик. Шу атаманинг чиқишига, бутун Россия ижроия қўмитанинг йиғилишда Ленин бошчилигидаги миллатларга бағишланган, қандай қилиб шу қарорга келинганини мен гапириб беришим мумкин, дейди ўзини "чеккадаги киши" деб ўзини таништирган суҳбатдош.


“Ўзбеклар ҳали инқилоб қилишга қодир эмас”,

дейди Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан қўнғироқ қилган Шоҳруҳ.

- Мисрда бўлаëтган воқеаларга ўзимнинг муносабатимни билдирмоқчи эдим. Озодлик радиосининг охирги ҳафталарида мана шу воқеа ҳафтанинг энг долзарб воқеаси бўлдида. Ўзбекистонга солиштириб кўришаяпти. Ўзбек халқи билан Mиср халқини солиштириб кўраяпти-да. Менинг фикрим, Ўзбекистон халқи ҳеч қачон бунақанги намойишларга қодир эмас. Чиқишга чиқади, лекин қўрқув бўлади-да. Ўзбек халқи бир куни тинч ўтганига шукур қилади.

Бир воқеа эсимга тушиб кетди. 2005-йили Тошкентга борганда Чорсу бозоридан Қўйлиқ бозорига бориш керак бўлди. Автобусга ўтирдик. Иккита отахон Ўзбекистондаги камчиликларни айтиб, ҳамма қулоқ солиб турган эди. Бирдан автобусга тўртта милиция ходимлари чиқиб ўтиришди. Ҳалиги отахонлардан биттасининг гапи умуман 90 градусга айланиб кетди. Мен ҳайрон қолдим ўшани эшитиб. Ўзбек халқи қанақадир қўрқув ичида яшайди. Олдиндан шунақа. Союз пайтида ҳам, ундан олдинги подшолик пайтида ҳам бугунги кунгача сингиб кетган бу. Мен шунақа деб ўйлайман, дейди туркистонлик Шоҳруҳ.


“Ҳамма ёқ коррупция бўлиб кетди”,

дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз:

- Бизларнинг Ўзбекистонда ҳамма нарса коррупциялашиб кетди. Порахўрлик бўлиб кетди-да. Менинг бир жияним институтда ўқийди. Ўзи яхши спортсмен бола. Военний кафедрада ўқиш учун 1000 доллар сўраëтган эмиш. Пул бермасангиз, ҳеч ким ҳеч қанақа иш қилмайди. Институтга кирган бўлсангиз, камбағалнинг боласи ўқий олмайди. Билими бор, ўқий олмайди. Бойнинг боласи ўқийди. Контракт, фалон пул тўлаш керак. Бераëтган пули етмайди. Қаерда ўқитади камбағал боласини? Шунга жаҳлим чиқиб гапираяпман-да.

Мана бугун ëғ келди. Маҳаллага ëғ тарқатади. 920 граммлик ëғни 3200дан берди. Ўзи арзон ëғ. Маҳаллага бориб сўрасангиз, “Мен сенларнинг ишхонангни текшираяпманми” деб гапиради бизларга. Ëрдам пулини ҳамма бойлар олади. Камбағалга бермайди.

Озодлик: Камбағаллар олса бўлмайдими?

- Камбағалларга бермайди ака. 30та одамнинг документи бўлса, давлат томонидан ëрдам пули ëзилади-да, 15тачаси олади, қолгани олмайди. Ҳаммасини селсовет, ҳокимият, кассир бўлиб олади. Бераëтган ойлиги етмайди. Газга тўлайдими, светга тўлайдими, сувга тўлайдими. Озгина ойлик беради. Боласини қаерда ўқитади мисол учун, дейди тошкентлик суҳбатдош.


“Инқилоб ёш боланинг кўз ёшига арзимайди”¸

дейди Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган Ҳамиджон ака Озодлик радиоси эшиттиришларига муносабат билдирар экан:

- Бир эшиттиришларингда туркиялик бир профессор чиқдию, Темур Хўжа. Ўзбекистондан чиққан уруш қаҳрамонлари тўғрисида нотўғри фикрлар бўлди. Бизнинг отамиз ҳам уруш қатнашчиси бўлган¸ биринчи гуруҳ. Турклар ўша вақтда, дадамизнинг айтиши бўйича урушда партизанларни немисларга ушлаб бериб, немислар келишига товуқларни, тухумларни пишириб, барабан чалиб кутиб олган экан. Ўзбекистоннинг қаҳрамонларни нима ҳаққи бор телевизорга чиқиб муҳокама қилишга? Барибир қаҳрамон. Миллий қаҳрамон. Мисол учун¸ Москвадан туриб фалончани отиб ташлагин демаганку. Олим, профессор одамларни столимизни олиб қўймасин деб юқорида ўтирган раҳбарлар Сталиннинг номидан отиб ташлайверган. Бу одамлар ëмонлаб қаҳрамонлар номини ўчирган билан¸ одамларнинг қалбидан ўчириб юбора олмайдику.

Кейин мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга ҳам кечаги "Қурултой"дан фикрларим бор эди. Муҳаммад Солиҳ ташқарига чиқиб олиб одамларни қайраб, у-бу деб, революция қиламиз, Мисрдаги нимани бу ерга таққослаяптию. Энди у одамнинг шахсий алами борда, адовати бор. Ўша бир эшиттиришда айтдики, Қуръондан мисол келтираман деди. Жаҳолатли подшонинг юзига айтиб туриб ўлим топган одам олий мақомли шаҳид бўлади, дедилар Муҳаммад Солиҳ. Нимага ўзлари келиб юзма-юз туриб шу гапни айтиб жаҳолатли подшонинг қўлида ўлим топиб шаҳид бўлишни хоҳламайдию, ташқаридан туриб одамларни қайрайверади? Революция бўлса, битта гўдакнинг кўзидан оққан кўз ëшига арзирмикан бу революция. Нима кераги бор бу революция, дейди Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган Ҳамиджон ака.


“Москва муҳожирнинг кўз ёшларига ишонмайди”¸

дейди Москва шаҳрида фаррош бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ:

- Ўзбекистондан яқинда Москвага келганман.

Озодлик: Қаерда ишлайсиз, нима иш қиласиз?

- Ҳозир Варшавский южнийда.

Озодлик: Нима қилаяпсизлар?

- Дворник. Подъездни ювамиз, территория.

Озодлик: Кўча супурасизлар, қор курайсизлар.

- Ҳа.

Озодлик: Ойликлар яхшими?

- Ойлик кам. 6000 учта подъездга, территорияга. Эрталаб соат олтидан кечқурун соат 7-8гача. Қор бўлса, 9гача.

Озодлик: 6000 жуда кам эмасми? Москва шароитида бу ейишга ҳам етмайдику.

- Мис-пис, алюмин йиғсак, питаниега етаяпти, ойлик уйга кетади.

Озодлик: Мис, алюмин йиғиб сотасизларми?

- Сотамиз. Москвани орзу қилиб, пул яхши экан деб келибмиз. Бу ерни кўриб уйга кетгимиз келади. Қийинда Москва. 100 фоиз қийин.

Озодлик: Қаерда турибдизлар?

- Ўзлари битта нима берган. Ўша ерда ëтамиз, дейди Москвада фаррош бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG