Линклар

logo-print

Жаҳон банки вакиллари ўзларининг Роғун ГЭСи бўйича Тожикистонга тарафкашлик қилаётгани ҳақидаги ўзбекистонлик экологлар даъволарида асос йўқлигини айтмоқдалар.

Жаҳон банки экспертлар гуруҳи хулосасида айтилишича, мазкур ташкилот ўтган йилнинг 8 октябрида Ўзбекистон парламенти вакили Борий Алихонов ва Ўзбекистон экоҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари Саидрасул Сангинов ҳамда экоҳаракат аъзоси Дилором Файзиевадан шикоят аризаси олган.

Мактубда Ўзбекистон вакиллари бу халқаро молия ташкилоти Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши тарафдори экани қайд этиб, энергетика инқирозини тугатиш дастури доирасида Тожикистонга мазкур иншоот қурилишига молиявий кўмаклар кўрсатаётганликда айблаган.

Шунингдек, ўзбекистонлик экологлар Жаҳон банки бу борада аввал қилган мурожаатларига жавоб бермагани ёхуд қониқарсиз жавоблар берганини ҳам қайд этганлар.

Жорий йилнинг 3 феврал куни Жаҳон банки директорлар кенгаши ҳамда экспертлар гуруҳи мажлисида Ўзбекистон вакиллари шикоят мактуби муҳокама қилиниб, унга рад жавоби берилгани маълум бўлди.

Мажлис хулосасига кўра, Жаҳон банки экспертларининг Тожикистондаги Роғун ГЭСи лойиҳасини ҳар томонлама ўрганилишига оид олиб бораётган ишлари бу банкнинг Роғун қурилиши тарафдори эканини англатмайди.

“Аксинча, Жаҳон банки экспертларининг бутун диққат-эътибори Роғун ГЭС лойиҳасининг салбий оқибатлари, унинг атроф-муҳит ҳамда дарёлар қуйисида истиқомат қилувчи аҳоли ҳаётига таъсири, шунингдек, мазкур лойиҳанинг минтақа ҳаёти учун ижобий тарафлари, яъни аҳолини электр билан таъминлаш ва минтақа иқтисодиёти ривожига қўшажак ҳиссани ўрганишга қаратилган”, дейилади Жаҳон банки расмий баёнотида.

Мазкур баёнотидан маълум бўлишича, Ўзбекистон вакиллари ўз шикоят мактубида Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишидан кескин норозилик билдириб, бу лойиҳа бундан қирқ йил муқаддам тузилганини ва унда экологик жиҳатлар эътиборга олинмаганидан ташвиш билдирган. Ўзбек экологлари даъвосига кўра, 1992 йилдан сўнг жонлантирилган мазкур лойиҳа жиддий техник нуқсонлар билан бунёд этилмоқда.

Шунингдек, ўзбек экологлари зилзила хавфи кучли бўлган ҳудудда қурилаётган бу йирик гидроиншоот Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда истиқомат қилувчи қарийб 5 миллион одам ҳаётига хавф туғдириши аниқлигини таъкидлаганлар.

Роғун ГЭСи қурилмаслигини талаб қилган Ўзбекистон экоҳаракати фаоллари Жаҳон банкини бу гидроиншоот лойиҳаси атрофидаги баҳсларга бир ёқлама баҳо бераётганлик ва бу йўналишда Тожикистон билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган. Ўзбек экологларининг иддаосигача, Жаҳон банки мазкур лойиҳани ижобий баҳолаб, ҳатто уни молиялаштиришга ҳам ҳозирдир.

Бироқ Жаҳон банки директорлар кенгаши ва экспертлари гуруҳи бу иддаоларни рад этиб, аввал бундай шикоят ўзларига етиб келмаганини таъкидламоқдалар.

Жаҳон банки масъуллари Ўзбекистон вакиллари шикоятига рад жавобининг берилиши бу ҳали банк учун экологлар ташвишлари асоссиз ёки бўлмаса бу далиллар банк экспертлари тадқиқотларида назарга олинмайди, деган маънони англатмаслигини урғулаганлар.

Жаҳон банки баёнотида банк эксперт гуруҳи 2010 йилнинг 4 августида мактуб муаллифлари ва Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари билан учрашиб, музокара ўтказгани билдирилган.

Шунингдек, халқаро ташкилот экспертлари Орол бўйидаги маҳаллий аҳоли ва Сурхондарё аҳолиси билан ҳам учрашиб, улар фикрларини ўргангани айтилган.

Тожик экологи Алихон Латифий фикрича, Ўзбекистон шикоятлари ва у томон ўтказаётган халқаро анжуманлар мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилмаган.

У ўз айтганларини ўтган йил кузида Ўзбекистон парламент вакили ва экоҳаракати раиси Борий Алихонов Тошкентда ўтказган бир халқаро анжуманга тожикистонлик ва қирғизистонлик экологларни даъват этмагани билан асослайди. Латифийнинг маълум қилишича, Тошкент анжуманига даъватсиз борган қирғиз вакиллари тадбир ўтказилаётган залга киритилмаган.

Тожикистон экологлар клуби раҳбари мазкур анжуманда асосий эътибор ғарб давлатлари вакилларига қаратилганини айтади.

- Улар хориждан келган меҳмонларни Орол денгизига саёҳат қилдирган. Тушунаман, ҳақиқатан ҳам Орол фожеаси ҳаммамиз учун фожеа. Лекин улар бу фожеада ҳали қуриб тугатилмаган Роғун ГЭСини сабаб қилиб кўрсатаётгани ҳақиқатдан йироқ. Ҳатто ўша учрашувда ҳам хорижликлар: “Нега Роғун қурилмасдан Орол бундай фожеага юз тутибди?” дея сўрашганда, ўзбеклар бу саволга жавоб бераолмаган. Бизнинг хулосамизга кўра, Ўзбекистон томонини Орол фожеаси ҳам, Роғуннинг атроф-муҳитга таъсири ҳам қизиқтирмайди. Бу ерда мақсад битта. У ҳам бўлса, Тожикистон ривожланмаслиги керак, - дея мулоҳаза юритади тожикистонлик эколог Алихон Латифий.

Аснода ўзбек экологлари Роғун ГЭСи қурилиши Амударё қўйисидаги биохилма-хилликнинг кескин қисқариши, ҳайвонот ва наботот олами генофондига салбий таъсир қилишини такрорлашдан тўхтамаётир.

Биз билан телефон орқали суҳбатлашган, аммо овози ёзиб олинишига рози бўлмаган Ўзбекистон экоҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари Саидрасул Сангинов Жаҳон банки директорлар кенгаши йиғинида қабул қилинган қарор, яъни улар шикоятлари рад қилинганига оид ҳеч қандай муносабат билдирмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда Роғун ГЭСини қуриш Тожикистон учун ҳаёт-мамот масаласи эканини президент Имомали Раҳмон кўпдан бери такрорлаб келмоқда. Тожикистон президенти бу лойиҳанинг амалга оширилиши тожикларга энергетика мустақиллигини берибгина қолмай, балки минтақа давлатлари, хусусан, дарёлар қуйисидаги мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса ўтган йил кузида Қорақалпоғистонга хизмат сафари чоғида Роғун лойиҳасини “аҳмоқона лойиҳа”, дея баҳолаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG