Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:33

Омбудсманнинг ўзи қонунга амал қиладими?


Ўзбекистон Омбудсманининг эмблемаси.
Ўзбекистон Омбудсманининг эмблемаси.

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат эканини кўрсатувчи рамзлардан бири сифатида кўз-кўз қилиб келинаëтган Омбудсман идораси¸ қонунда белгиланганига терс ҳолда¸ на жамоатчилик саволларига жавоб беради ва на фуқаролар шикоятини ҳал этади.


Куни-кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман идорасида мазкур ташкилотнинг 2009 йилги фаолияти муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисида кенгроқ маълумот етказиш истагида Омбудсманнинг марказий ва вилоятлардаги идоралари билан боғландик.

Бироқ хулоса ҳар доимгидай бўлди: Ўзбекистон Омбудсмани республикадаги бошқа барча давлат ташкилотлари каби матбуот учун ёпиқ ташкилотдир.

Омбудсман идорасида ўтказилган мажлис тўғрисидаги хабарда айтилишича, тилга олинган идорага 2009 йили келиб тушган 7 000 дан зиёд ариза ва шикоятдан 600 таси ижобий ҳал қилинган.

Қолган 6400 та аризанинг эгаси нима учун ижобий жавоб олмади?

2009 йили фуқароларнинг ариза ва шикоятлари нималардан дарак берди?

Ариза ва шикоятлар мазмунидан келиб чиқиб мамлакатдаги қайси тузилмалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига беэътибор қараяпти, деган фикрга келиш мумкин?

Сизни қизиқтирадиган шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш мақсадида Омбудсманнинг Тошкентдаги марказий идораси билан боғландик.

Телефонни олган ходим ўзини таништирмади.

Озодлик: Бир-иккита саволлар бор эди.

- Нима савол?

Озодлик: 7000дан ортиқ ариза ва шикоятлар келиб тушган экан Омбудсманга. Ўзбекистонликлар асосан нималардан, қайси идораларнинг устидан шикоят қилишади?

- Сарвар ака, кечирасиз, бу инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи босқич комиссия ўтган эди. Тақдимоти аслида нималигидан Олий Мажлисга берилади. Икки палатали кўрилгандан кейин бу ëқ бу нарсани баëн қилиб ҳамда интернетга жойлаштирамиз. Нима сабаб, қанақа бўлган, бошқа деган нарса, қанақа ариза, шикоят тушган бўлса, ўша кўрсатилади. Озгина сабр қилиб туринг. Бир неча кундан кейин¸ хўпми?

Озодлик: Ҳозир иложи йўқми?

- Йўқ, дейди Омбудсманнинг Тошкентдаги марказий идорасида телефонни кўтарган ходим.

Шуни айтиш керакки, Омбудсман идораси билан гаплашишга бир неча йилдан бери ҳаракат қилиб келамиз. Саволларимиз ҳар доим ҳам бугунгидай жавобсиз қолиб келган.

Балки Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари жавоб берар саволларимизга? Ахир вилоятдагилар конкрет аризачига яқинроқ...

Деярли ҳамма вилоятлардаги вакилларга қўнғироқ қилдик. Телефонни фақат Бухородаги вакил кўтарди. Ўзимизни таништирдик. Биринчи саволни бердик. Вакил ҳайрон бўлди.

- Тушунмадим, нима учун керак бу нарса сизга?

Озодлик: Омбудсман идораси Ўзбекистонда аҳоли билан қандай ишлаяпти, қандай ëрдам бераяпти, ўтган ҳисобот йилида Омбудсман аҳолидан тушган аризаларнинг қанчасини ижобий ҳал қилди, шулар ҳақида бир информация бериб қўймоқчимиз. Бир холис хизмат.

- Бунақа информацияни мен бера олмайман. Чунки мен ҳал қилмайман. Уни бизларга юборадилар. Бизлар ўрганиб бош офисга юборамиз. Ўша ердан кейин основной жавоб кетади фуқароларга. Шунинг учун бу саволларга мен жавоб бера олмайман.

Озодлик: Аризада кўрсатилган масалалар бўйича сизлар ўзинглар иш қилмайсизларми?

- Бизлар аризани ўрганамиз, у бўйича нимани тўплаб бош офисга жўнатамиз.

Озодлик: Ҳал қилиш бўйича ўзинглар шуғулланмайсизлар.

- Йўқ.

Озодлик: Ўзи умуман ўтган йил қанча ариза тушганлиги ҳақида айта оласизми?

- Уни билмайман. Ҳисоботни кўришим керак. Ëдимда сақламайман, дейди Ўзбекистон Омбудсмани идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили.

Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар Омбудсманни танқид қилиб келади. Танқидчилар орасида Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам бор.

- Бизларга мурожаат қилганларнинг кўпчилиги бизлардан олдин бир неча бор Омбудсманга шахсан Сайëра Рашидовага мурожаат қилганини айтади. Ўзининг даъво аризалари билан прокурорлар ëки ноқонуний суд бўлгани ëки ҳокимларнинг, бошқа нималарнинг устидан ëзилган шикоят аризаларида, лекин буларнинг аризасини кимнинг устидан шикоят қилган бўлса, ўша ерга қараб чиқишини сўраб орқага юборади, дейди Суръат Икромов.

Озодлик ихтиёрида Суръат Икромов айтаётган гапнинг далили ҳам бор.

Бир неча ҳафта олдин Озодликка Омбудсманнинг 2010 йил
1 декабрда Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлигига ёзган хати нусхаси етиб келган эди.

01-03/6292р деган номер билан Омбудсман қабулхонасида қайддан ўтган мактуб мазмунига қараганда, фарғоналик Маъсумахон Мақсудова Омбудсманга Ички ишлар вазирлиги устидан арз қилган.

Омбудсман Мақсудованинг аризасини тилга олинган хатга илова қилиб яна Ички ишлар вазирлигининг ўзига жўнатган.

Суръат Икромовнинг айтишича, фуқаронинг аризасига бундай муносабатда бўлиш қонунга зиддир.

- Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича қонун бор. Ўша ерда айтилган: қайси идорадан шикоят ëзилган бўлса, у текширувчи идора ўша идорага юбориши керак эмас. Бу тақиқланган деган жойи бор. 8-моддаси бор. Лекин нимагадир Омбудсман қонунни яхши биладиган бўлса ҳам барибир шунақа қилади, дейди мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман 2009 йилги фаолияти юзасидан ҳисобот тайёрлаётган шу кунларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти 2010 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботини эълон қилиб бўлди.

Биз ташкилот раҳбарларидан бири Абдураҳмон Ташановга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: 2010 йили "Эзгулик"ка ҳаммаси бўлиб қанча фуқаро ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилди?

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг марказий бошқаруви, минтақадаги бўлимларига жами бўлиб 11 187та шахс турли хил шикоятлар билан мурожаат қилди. Биз бу шикоятлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ҳокимияти органларига 1432та хат билан мурожаат қилдик шуларнинг чорак қисмига яъни 2700тасига жавоб олдик. Бундан ташқари 1400дан ортиқ хатларимиз ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айланиб юрибди. Уларнинг кўпчилигига жавоб ҳам келгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси у идорадан бу идорага ташланаëтган мурожаатлар.

Озодлик: Ўтган йили келиб тушган ариза ва шикоятлар нималардан дарак беради? Ариза ва шикоятлар мазмунидан келиб чиқиб мамлакатдаги қайси тузилмалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига беэътибор қараяпти деган фикрга келиш мумкин?

- Биринчидан, биз ҳисоботимизда ҳам кўрсатиб ўтганмиз, умуман давлат ҳокимияти органлари фуқаролар мурожаатига нисбатан паралеч ҳолатга келиб қолган. Яъни фуқаролар мурожаатига давлат ҳокимияти органлари ва бошқалар жавоб бермайди. Бизга келаëтган шикоятларнинг мазмуни, уларнинг мониторинг хулосалари шуни келтириб чиқараяптики, Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолияти ўта талабга жавиоб бермайдиган даражага келиб қолди. Шикоятларнинг аксарияти яъни учдан икки қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилиши, улардан одамларнинг норозилиги.

Иккинчи яна бир қисми¸ бу ўша давлат ҳокимияти органларидан тушаëтган норозиликлар. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, учдан икки қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан норозиликлар ва қолган бир қисми давлат ҳокимияти органларидан норозилик шикоятлари.

Озодлик: Мана Олий Мажлуис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман билан "Эзгулик" жамияти мазмун моҳиятига кўра битта ишни қиласизлар. Иккита идора битта ишни қиласизлар. Яъни инсон ҳқуқулари ҳимояси билан шуғулланасизлар. Сизларнинг идора билан Омбудсман ўртасида қандайдир ҳамкорлик борми?

- Умуман Омбудсман бизга душман сифатида қарайди. Бизлар чақирган йиғилишларимизга келмайди, бизнинг мажлисларимизда қатнашмайди. Биз уларнинг қанақадир мажлисларига, қанақадир нималарига бориб қоладиган бўлсак, ўгай кўз билан қарашади ëки худди рақибга, душманга қарагандай қарайди. Шунинг учун Омбудсман билан бизнинг идорамиз ўртасида ҳеч қандай муносабат йўқ. Лекин биз доим Омбудсманни ҳушëрликка, мамлакат парламентининг овози сифатида, масъул бўлган бир идора сифатида халқ дардини эшитишга чақириб келамиз. Лекин афсуски чақириқларимиз ҳаммаси беэътибор қолаяпти. Нафақат Омбудсман¸ балки Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бор. Улар ҳатто халқаро ташкилотларга талаблар қўяяпти. Халқаро ташкилотлар ваколатхоналарига бу идоралар талаб қўяяптики¸ агар "Эзгулик" келадиган бўлса бизлар келмаймиз деб. “Эзгулик" билан бир стол даврасдида ўтирмаймиз” деган талаб қўяяпти. Афсуски, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, айрим дипломатик корпус ваколатхоналари уларнинг мана шу талабини қондираяпти. Яъни уларни чақирган жойга бизни чақирмайди, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбарларидан бири Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG